24.07.2022
24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.
Халқ Маслаҳати Раиси Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва биродар туркман халқи номидан давлатимиз раҳбарини туғилган куни билан дилдан муборакбод этиб, Ўзбекистонга тинчлик-осойишталик, фаровонлик, барқарор тараққиёт ва равнақ тилади.
Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Жорий йил 14-15 июль кунлари мамлакатимизга амалга оширилган олий даражадаги ташрифнинг самарали якунлари юқори баҳоланди. Қабул қилинган “йўл харитаси” асосида эришилган келишувларни, шу жумладан Саноат кооперацияси бўйича ўрта муддатли дастурни, Чегараолди савдо зонасини ташкил этиш лойиҳасини, биринчи Ҳудудлар форуми ва Ишбилармонлар кенгаши якунида имзоланган савдо шартномалари ва битимларини амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Самарали йўлга қўйилган парламентлараро мулоқот доирасида олиб борилаётган фаол алоқалар ва алмашинувлар алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
Минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди, жумладан, жорий йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг саммитини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.