22.05.2017
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 19-20 май кунлари амалий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.
Туркманбоши шаҳри халқаро аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига Ўзбекистон ва Туркманистон давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди.
Ўзбек ва туркман халқларининг тарихи, маданияти ва қадриятлари муштарак. Аждодларимизнинг илмий ва адабий мероси халқларимизнинг умумий мулки саналади. Туркманистонда Алишер Навоий, Ўзбекистонда Махтумқули асарлари кириб бормаган хонадон йўқ, деса бўлади.
Мустақиллик йилларида анъанавий дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари янги замон руҳида ривожланмоқда.
Ўтган йиллар давомида эришилган натижалар бир қанча ҳуқуқий ҳужжатлар билан мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзаро алоқалар 2007 йилда имзоланган Дўстона муносабатлар ва ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисидаги шартнома руҳида тараққий этмоқда.
Туркманбоши шаҳридаги учрашув ва музокаралар Президентимизнинг жорий йил 6-7 март кунлари Туркманистонга давлат ташрифи доирасида ўтган олий даражадаги мулоқотнинг мантиқий давоми бўлиб, уларда мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка доир долзарб масалалар муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Ташрифнинг биринчи куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев "Аваза" миллий сайёҳлик зонасининг "Камалак" болалар кўнгилочар боғида дам олаётган ўзбекистонлик болалар билан учрашди.
Болалар билан дам олиш таассуротлари, туркманистонлик тенгдошлари билан дўстлик муносабатлари тўғрисида суҳбатлашди, соғломлаштириш марказида яратилган шароитлар билан қизиқди. Болаларга совғалар берди.
Ташрифнинг иккинчи куни Президентларнинг яккама-якка суҳбати билан бошланди. “Аваза” конгресслар марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.
Музокарада мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани, Ўзбекистон раҳбарининг мазкур ташрифи ўзаро ишонч, ҳурмат ва манфаатдорлик асосидаги шерикликка янги суръат бахш этиши ва уни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилиши таъкидланди.
Президентлар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболига оид масалалар, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.
Давлат раҳбарлари жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга давлат ташрифи доирасида эришилган келишувларнинг амалий натижалари кўламини янада кенгайтириш, ўзаро алоқаларни янги мазмун билан бойитиш учун барча имкониятлар етарли эканини қайд этдилар.
“Аваза” ҳудудида учрашаётганимиз бежиз эмас, деди давлатимиз раҳбари. Ўзбекистон Туркманистон портлари орқали Каспий денгизига, халқаро транспорт йўлакларига чиқишни мақсад қилган.
Икки давлатнинг тинчликпарвар ташқи сиёсати, халқаро муаммолар борасида бир-бирини қўллаб-қувватлаши, турли таҳдидларнинг олдини олиш масалаларига ёндашувлари ўхшашлиги алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон ҳам, Туркманистон ҳам терроризм, диний экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, қурол-яроғ ва наркотик моддалар контрабандасига қарши ҳамкорликда курашиш тарафдори.
Мамлакатларимиз минтақавий интеграцияни ривожлантириш Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш, изчил тараққиётни таъминлашнинг муҳим омили, деб ҳисоблайди.
Давлатларимиз халқаро майдонда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро тузилмалар доирасида изчил ҳамкорлик қилинмоқда.
Мамлакатларимизнинг қўшни Афғонистонда фақат сиёсий йўл билан барқарорлик ўрнатилиши борасидаги фикри ҳам муштарак эканлиги яна бир бор тасдиқланди. Терроризм, экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов музокарани Ўзбекистон ва Туркманистон расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар.
Музокарада мамлакатларимиз ўртасида иқтисодиётнинг турли соҳалари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Ёқилғи-энергетика, қишлоқ хўжалиги, кимё ва металлургия саноати, сув хўжалиги иншоотларидан фойдаланиш, сайёҳлик каби йўналишлардаги ҳамкорлик устувор аҳамият касб этиши таъкидланди.
Икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарларига жорий йил март ойида Президентларнинг музокараларида эришилган келишувларни ҳаётга изчил татбиқ этиш, ишбилармонларнинг ўзаро алоқаларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш вазифалари топширилди.
Иқтисодий ҳамкорлик ҳақида сўз кетганда, Ўзбекистонда ҳам, Туркманистонда ҳам энергия манбаларининг йирик конлари мавжуд эканини, нефть-газ саноати жадал ривожланиб, хорижий сармоядорлар билан шериклик алоқалари кўлами кенгайиб бораётганини таъкидлаш жоиз. Мамлакатларимиз бу соҳада икки томонлама ҳамкорлик баробарида кўп томонлама лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этмоқда.
Ўзбекистон ҳам, Туркманистон ҳам углеводород ресурсларига бой. Уларни экспорт қилиш ўзаро мувофиқ ҳаракат қилишни талаб этади. Ана шундай яқин ҳамкорлик мамлакатларимиз учун энергетика йўналишларини диверсификация қилиш ва жаҳон бозорларига чиқиш борасида кенг имкониятлар яратмоқда. 2009 йилда ишга тушган Туркманистон – Ўзбекистон – Қозоғистон – Хитой газ қувури бунинг ёрқин мисолидир.
Жорий йилнинг март ойида фойдаланишга топширилган Туркманобод – Фараб автомобиль ва темир йўл кўприкларининг товар ўтказиш кўрсаткичи 2,5 баробар ортганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Дунёда энг сердаромад соҳалардан бири бўлган сайёҳлик бўйича ҳам томонлар ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйган. Бу борадаги ҳамкорлик икки томонлама сайёҳ алмашувини ривожлантириш, бошқа давлатлардан сайёҳ жалб этишни оширишга хизмат қилади. Мамлакатимизнинг Бухоро, Хива, Самарқанд, Тошкент, Шаҳрисабз каби шаҳарларидан сайёҳларнинг қадами узилмайди. Туркманистоннинг “Аваза” миллий сайёҳлик зонаси ва қадимий жойларига уюштириладиган саёҳатлар бу борадаги алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга амалий ташрифи давомида қатор муҳим келишувларга эришилди. Музокаралар якунида икки мамлакат вазирлик ва идоралари ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети билан Сейитназар Сейди номидаги Туркманистон давлат педагогика институти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида, Тошкент ва Ашхобод шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатлари ўрнатиш тўғрисидаги битимлар, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ва Туркманистон давлат спорт қўмитаси ўртасида ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларида Ўзбекистон спортчиларининг иштирок этишини ташкил қилиш ва ҳамкорлик тўғрисидаги баённома, “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси билан “Туркманнебит” давлат концерни ўртасида ўзаро англашув меморандуми, “Ўзбекэнерго” АЖ билан Туркманистон Энергетика вазирлиги ўртасида электроэнергия транзити соҳасида ҳамкорлик тўғрисида, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси билан “Туркмен-ҳова-ёллари” хизмати ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар имзоланди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов музокаралар ўзаро ҳурмат, ишонч ва ишчанлик руҳида ўтганини, эришилган келишувлар Ўзбекистон – Туркманистон ҳамкорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишини таъкидладилар.
Туркманистон Конституцияси қабул қилинган кун ва буюк шоир Махтумқули таваллуди куни муносабати билан туркман халқини табриклайман. Шоир таваллуди Ўзбекистонда ҳам кенг нишонланди, унинг номидаги кўча ва ёдгорлик очилди. Биз шу кўчада Ашхобод боғини ташкил қиламиз, бу икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг рамзи бўлиб қолади, деди Шавкат Мирзиёев.
Гурбангули Бердимуҳамедов давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини барча соҳаларда изчил ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади, Ашхободнинг марказий кўчаларидан бирига Алишер Навоий номи берилишини маълум қилди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Турманистонга амалий ташрифи ниҳоясига етди. Ташриф якунлари мамлакатларимизнинг вақт синовидан ўтган ва изчил ривожланиб бораётган ҳамкорлигига янги суръат бахш этади.