21.06.2022
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев 21 июнь куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.
Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Ташрифнинг асосий тадбирлари бугун бўлиб ўтади. Олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади. Уларнинг натижалари бўйича саноат, транспорт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, илм-фан ва инновациялар, туризм ва бошқа соҳаларга доир икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.
Эртага Хива шаҳридаги тарихий ёдгорликларни зиёрат қилиш режалаштирилган.