16.06.2022
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориАҳолига тез ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш ва яқинлаштириш, шунингдек, 2022 йил 18 март куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” мавзусидаги очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Республика тез тиббий ёрдам маркази (кейинги ўринларда – Марказ) ва унинг 14 та ҳудудий филиали тез тиббий ёрдам хизмати ҳамда тиббий автохўжаликлар негизида ташкил қилинсин ва тез тиббий ёрдамнинг ягона вертикал бошқарув тизими йўлга қўйилсин.
2. Белгилансинки:
Марказ Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги тез тиббий ёрдам фаолиятини республика бўйича мувофиқлаштиради ва назорат қилади;
тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари ҳамда махсус автотранспорт воситалари (эҳтиёт қисмлар, ёқилғи-мойлаш материаллари ва бошқалар), дори воситалари ва сарфлаш материаллари, тиббий жиҳозлар таъминоти Марказнинг ҳудудий филиалларига ўтказилади;
Марказ ва унинг ҳудудий филиалларида ситуацион мувофиқлаштирувчи бўлимлар ташкил этилиб, туман (шаҳар) ва ҳудудлардаги тез тиббий ёрдам тизими фаолиятини таҳлиллар асосида бошқаради ва такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги автохўжаликлар таркибидаги тез тиббий ёрдам автотранспорт воситалари Марказнинг ҳудудий филиаллари таркибига ўтказилади ҳамда автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш аутсорсинг шартномалари асосида амалга оширилади;
тез тиббий ёрдам автотранспорт воситаларида ёқилғи-мойлаш материалларининг сарфи электрон дастур орқали назорат қилинади.
3. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) бир ой муддатда Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари уставлари ва тузилмаларини тасдиқласин. Бунда, Марказ директорига, зарур ҳолларда, тасдиқланган тузилмаларга ходимларнинг чекланган умумий сони ва иш ҳақи фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
4. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) Молия вазирлиги (Т.Ишметов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов) билан биргаликда соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони ҳамда давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудий филиаллари, марказий туман (шаҳар) шифохоналари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги автохўжаликларнинг янгиланган штат нормативларини ишлаб чиқсин ва 2022 йил 1 сентябрга қадар тасдиқласин.
5. Қуйидагилар:
Тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш ва аҳолига янада яқинлаштиришга оид чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 1-иловага мувофиқ;
Тез тиббий ёрдам хизматини ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда – Ишчи гуруҳ) таркиби 2-иловага мувофиқ;
Тез тиббий ёрдам тизимида мавжуд автотранспорт воситалари паркини босқичма-босқич янгилаш режаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Ишчи гуруҳ (О.Фазилкаримов):
Дастурда белгиланган чора-тадбирлар ижросининг таҳлил қилинишини;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида мақбуллаштириладиган бўлим ва ташкилотларнинг белгиланишини ҳамда мулкий, молиявий ва меҳнат муносабатлари белгиланган тартибда ҳал этилишини;
тез тиббий ёрдам хизмати бўйича аҳолига қулай ва сифатли хизмат кўрсатилиши борасида чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминласин.
7. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Молия вазирлигининг тез тиббий ёрдам бўйича электрон автоматлаштирилган бошқарув тизимини Тошкент шаҳри тажрибаси асосида республиканинг бошқа ҳудудларида 2023 йил 1 сентябрга қадар тўлиқ жорий қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Бунда, 2022 йил 1 декабрга қадар Андижон, Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари, 2023 йил 1 сентябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сирдарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятлари туман (шаҳар)ларидаги диспетчерлик хизматлари тугатилиб, Тошкент шаҳри тажрибаси асосида Марказнинг ҳудудий филиалларида ягона “Call-марказ”лар фаолияти йўлга қўйилсин.
Белгилансинки, тез тиббий ёрдам бўйича электрон автоматлаштирилган бошқарув тизимини жорий этиш Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
8. Қуйидагилар:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимлари – “Call-марказ”ларни ташкил этиш, жиҳозлаш ва уларнинг инфратузилмасини яратиш (электр, сув, юқори тезликдаги Интернет, телефон, рация алоқаси ва бошқалар) ҳамда атрофни ободонлаштиришга;
соғлиқни сақлаш вазири Б.А.Мусаев – “Call-марказ”ларни жиҳозлаш талабларини белгилаш, уларнинг хизмат кўрсатиш ҳажми ва юқори сифатини таъминлашга шахсан масъул этиб белгилансин.
9. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ “Call-марказ”ларда:
чақирувларни қабул қилувчи ходимлар билан бирга шифокор ходимлардан иборат махсус тиббий маслаҳат хизмати фаолияти ташкил этилади;
раҳбар лавозимларига IT-парклардаги иқтидорли ёшлар орасидан муносиб номзодлар тайинланади;
саралаш орқали бемор аҳволи, касаллик тури ва оғирлик даражасига қараб чақирувларга тегишли тиббий бригадаларни йўналтириш тизими жорий этилади;
тез тиббий ёрдамнинг туман (шаҳар) ёки ҳудуд чегарасидан қатъи назар беморгача масофанинг яқинлигига қараб тиббий бригадани йўналтириш йўлга қўйилади.
10. Ишчи гуруҳ (О.Фазилкаримов) жойларда тез ва шошилинч тиббий ёрдам хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар дастури амалга оширилишини таъминласин:
а) Марказ ва унинг ҳудудий филиалларини 4-иловага мувофиқ жойлаштириш, уларни замонавий бино ва иншоотлар билан таъминлаш;
б) Марказнинг ҳудудий филиаллари ва “Call-марказ”ларни жиҳозлаш, инфратузилмасини яратиш (сув, электр, алоқа, Интернет, локал тармоқ ва бошқалар);
в) тез тиббий ёрдам хизмати ходимларини ҳамда автотранспорт воситалари, эҳтиёт қисмлар, ёқилғи-мойлаш ва бошқа материаллар, дори воситалари, сарфлаш материаллари ва тиббий жиҳозлар таъминотини ҳудудий филиалларга ўтказиш;
г) марказий туман (шаҳар) шифохоналари қабулхоналарини шошилинч хизмат кўрсатишга ва юқори технологик тиббий жиҳозларни ўрнатишга мослаштириш;
д) тез тиббий ёрдам автотранспорт воситаларига радиоалоқа воситалари ва GPS-трекерлар ўрнатиш;
е) тез тиббий ёрдам бригадаларини планшетлар билан таъминлаш;
ж) Марказнинг ҳудудий филиалларида электрон автоматлаштирилган бошқарув тизимини Тошкент шаҳри тажрибаси асосида жорий этиш;
з) тез тиббий ёрдам автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш, уларни ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлашни аутсорсингга ўтказиш ҳамда электрон тизим орқали назорат қилишни ташкиллаштириш.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига мазкур бандда назарда тутилган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2022 йил 1 декабрга қадар ҳамда 2023 йил 1 сентябрга қадар мутасадди раҳбарлар ҳисоботини эшитиш тавсия этилсин.
11. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Республика шошилинч тиббий ёрдам ўқув-машғулот маркази Республика тез тиббий ёрдам маркази ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш мактаби (кейинги ўринларда – Мактаб) этиб қайта ташкил этилсин ва Марказ тасарруфига ўтказилсин.
Белгилансинки, Мактаб тез тиббий ёрдам хизмати ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш учун ажратилган Давлат бюджети маблағлари ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Кадастр агентлиги (Ф.Пулатов) билан биргаликда 2022 йил якунига қадар 10 мингта кўчага ном бериш ишларини якунласин.
13. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Шерматов) тез тиббий ёрдам хизматини ташкил этиш ва рақамлаштириш учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан камида 85 миллиард сўм миқдордаги маблағларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармасига йўналтирсин.
14. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жаҳон банки шошилинч хизматларни ривожлантириш лойиҳаси доирасида 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни тез ва шошилинч тиббий ёрдамни рақамлаштириш тадбирларига йўналтириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
15. Соғлиқни сақлаш муассасаларининг эскирган ва фойдаланилмаётган автотранспорт воситаларини кимошди савдоларида сотишдан тушган маблағлар тез тиббий ёрдам хизмати автопаркини янгилаш мақсадлари учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси ҳисобрақамига йўналтирилсин.
16. Соғлиқни сақлаш вазирлигига тез тиббий ёрдам бўйича электрон автоматлаштирилган бошқарув ҳамда ягона қўнғироқларни қабул қилиш тизимларини республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этиш учун Тошкент шаҳрида мазкур тизимларни жорий қилишга жалб қилинган тизим интегратори билан тўғридан-тўғри шартнома тузишга рухсат берилсин. Бунда, кўрсатилган хизмат тарифлари Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан келишилган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.
17. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) 2022 йил якунига қадар мавжуд ўринлар ва штат бирликлари доирасида:
марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимларидаги ўринлари педиатрия, терапия ва хирургия бўлимлари таркибига ўтказилиб, беморларни касалликнинг оғирлик даражаси бўйича саралайдиган (триаж) туну-кун ишлайдиган шошилинч қабул бўлимларини;
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудий филиаллари ҳамда барча туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида шошилинч қабул бўлимларини;
Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 1-сон, Яшнобод туманидаги 4-сон, Юнусобод туманидаги 7-сон шаҳар клиник шифохоналари ҳамда Учтепа туманидаги Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси таркибида алоҳида юридик мақомга эга бўлмаган туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларини ташкил этсин.
18. Марказ ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, уларнинг ҳудудий филиаллари ҳамда туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизмат турларидан ташқари хизматларни пуллик асосда ташкил этишга рухсат берилсин.
19. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Ш.Вафаев), Молия вазирлиги (Т.Ишметов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) янги ташкил этилаётган туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларини жиҳозлаш учун Жаҳон банкининг “Ўзбекистонда COVID-19 коронавируси инфекциясига қарши курашиш бўйича шошилинч чораларни кўриш” лойиҳаси доирасида иқтисод қилинган маблағларни йўналтирсин.
20. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев):
Молия вазирлиги (Т.Ишметов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов) билан биргаликда 2022 йил 1 сентябрга қадар шошилинч қабул бўлимларининг янгиланган штат нормативларини тасдиқласин;
Молия вазирлиги (Т.Ишметов) билан биргаликда 2022 йил 1 декабрга қадар марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг ўринлар фондини аҳоли сони ва касалликлар йўналишларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқсин.
21. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 5-иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартириш киритилсин.
22. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
23. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири Б.А.Мусаев белгилансин.
24. Қарорнинг ўз вақтида ва самарали ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н.Тўйчиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ