06.06.2022
Президент Шавкат Мирзиёев 6 июнь куни Тошкент ерусти ҳалқа метросининг иккинчи босқичи қурилишини бориб кўрди.
Пандемиядан кейинги ва ҳозирги иқтисодий қийин шароитда ижтимоий лойиҳаларга пул ажратадиган давлатлар жуда кам. Мамлакатимизда одамларнинг мушкулини осон, узоғини яқин қилишга қаратилган хайрли ишлар бир зум тўхтагани йўқ.
2020 йилда Тошкент ерусти ҳалқа метросининг “Дўстлик-2” бекатидан “Қўйлиқ” бекатигача бўлган биринчи босқичи қурилган эди. Бугунги кунда Қўйлиқдан Сергели йўналишининг 5-бекатига элтувчи иккинчи босқич барпо этилмоқда. Ҳозирги кунгача 200 дан зиёд таянч устунлар ўрнатилиб, эстакадалар қурилмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу ишларнинг сифатини кўздан кечирди.
– Ерусти метроси қуриш тажрибамизда йўқ эди. Биз янги тарих яратаяпмиз. Шунинг учун йўлнинг мустаҳкамлигини яна бир марта жиддий кўриб чиқиш керак. Иккинчидан, метрода, бекатларда одамлар учун замонавий, электрон хизматларни кўпайтириш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ерусти метросининг қарийб 12 километрлик бу қисмида 7 та бекат бўлади. Улар орасидаги қатнов вақти 13 дақиқани ташкил этади. Мазкур йўналиш бир кунда 40 мингга яқин йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади.
Бунинг эвазига шахсий транспортларга эҳтиёж камайиб, тирбандлик бартараф этилади. Хусусан, Қўйлиқ – Сергели йўналишида ҳаракатланадиган кунлик автомобиллар сони 32 мингтагача қисқариб, транспорт оқими 12 фоиз камайиши мумкин.
Умуман, ушбу босқич қуриб битказилиши билан Тошкент метрополитенининг жами узунлиги 70 километрдан зиёд, бекатлар сони 50 та бўлади. Метрода юрувчи кунлик йўловчилар сони 600 минггача етади. 245 та янги иш ўрни яратилади.
Шу ерда Тошкент шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш ва метрополитенда йўловчиларни кўпайтириш лойиҳалари тақдимот қилинди.
Унга кўра, жамоат транспорти билан яхши қамраб олинмаган маҳаллаларга 12 та янги автобус йўналиши очилиб, метро бекатлари билан боғланади. Шунингдек, Тошкент вилоятидан пойтахтга кириб келувчи 9 та катта йўлда тезкор автобус қатновлари ташкил этилади.
Тошкент давлат транспорт университети томонидан чет эллик экспертлар билан биргаликда, метрополитендан фойдаланиш даражасини ошириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилган. Хусусан, қўшимча жамоат транспорти йўналишлари очиш ва уларни йўловчи кам метро бекатларига боғлаш, поездлар вагонини 5 та қилиш ва қатнов оралиғини қисқартириш каби чоралар кўзда тутилган.
Буларнинг натижасида метро ҳаракатининг таннархи, аҳолининг жамоат транспортига харажати ва кутиш вақти сезиларли қисқаради. Шаҳарга кириб келувчи енгил автомобиллар сони 97 мингтагача, магистрал кўчаларда тирбандлик 10 фоизгача камайиши мумкин.
Президентимиз бу таклифларни маъқуллаб, маҳаллалар аҳолисининг метрога келиб-кетиши учун қулайликлар яратиш, бекатлар ёнида авто ва велотураргоҳлар ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади. Жамоат транспорти учун яна электробуслар олиб келиш ва уларга техник хизмат кўрсатувчи мутахассислар тайёрлаш, трамвай йўли қурилишини жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.
Давлатимиз раҳбари Қипчоқ кўчаси бўйлаб юриб, йўл инфратузилмасини кўздан кечирди.