24.05.2022
Президент Шавкат Мирзиёев 24 май куни нефть-газ хомашёсини қазиб олиш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказди.
Мамлакатимизнинг Тараққиёт стратегиясида иқтисодиётни либераллаштириш ва саноатнинг етакчи тармоқларини трансформация қилиш бўйича мақсадлар белгиланган. Жумладан, нефть-газ соҳасида ҳам трансформация жараёнлари бошланган.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари, аввало, шу масалага эътибор қаратиб, бу жараённи жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади. Халқаро консультантларни жалб қилиб, стратегик ёндашувларни белгилаб олиш, нефть-газ соҳасида ҳисоб-китоб механизмлари шаффофлигини таъминлаш вазифалари қўйилди.
Корхоналарни молиявий соғломлаштириш, операцион самарадорликни ошириш орқали харажатларни қисқартириш, бошқарув тизимини илғор хорижий тажриба асосида ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Президент тармоқ раҳбарларига аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ёқилғи-энергия манбалари билан узлуксиз таъминлаш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Табиий газ истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини тўлиқ ишга тушириб, йўқотишларни бартараф этиш чоралари белгиланди. Ресурсларни ҳозирдан тежаш, муқобил энергиядан фойдаланишни рағбатлантириш муҳимлиги таъкидланди.