11.05.2022
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориЎзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги “2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-134-сон фармони ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва бу борада мактаб директори, ота-оналар ва маҳалла раислари масъулиятини кучайтириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб республиканинг барча туман (шаҳар)лари кесимида намунали мактаблар рейтингини (кейинги ўринларда – рейтинг) шакллантирсин ва эълон қилиб борсин.
Белгилансинки:
рейтинг доирасида ҳар ўқув йили якунида умумий ўрта таълим муассасаларида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳолати Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган мезонлар бўйича баҳолаб борилади;
умумий ўрта таълим муассасаларида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳолатини баҳолаш ва рейтингни юритиш учун туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари бошлиқлари раҳбарлигида махсус комиссиялар тузилади;
умумий ўрта таълим муассасалари рейтинг кўрсаткичлари асосида “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади;
рейтинг кўрсаткичлари асосида “қизил” тоифага киритилган умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича зарур чоралар кўрилади.
2. Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов), Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов), Мудофаа вазирлиги (Б.Курбанов), Миллий гвардия (Р.Джураев), Ёшлар ишлари агентлиги (А.Саъдуллаев), Республика Маънавият ва маърифат маркази (М.Ходжиматов) бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб рейтинг кўрсаткичлари асосида “қизил” тоифага киритилган умумий ўрта таълим муассасаларида:
зиёли ва нуронийлар, илғор тадбиркорлар, кластер ва саноат корхоналари раҳбарлари, машҳур санъаткор, спортчи ва актёрлар, таниқли блогерларни жалб қилган ҳолда мактаб ўқувчилари билан учрашувлар, мотивацион суҳбатлар ва маҳорат дарсларини ташкил этсин;
мактаб ўқувчилари учун “Ватанпарварлик” дарсларини ва полигонларда 2 кунлик ҳарбий дала машғулотларини ўтказиш ҳамда уларни чавандозлар мактабларига жалб қилиш чораларини кўрсин, ҳарбий қисм офицерлари, сержантлари ва Қуролли Кучлар фахрийлари иштирокида “Ватан тинчлигига барчамиз масъул!”, “Ватан озодлиги – бахт гарови!”, “Ватанга хизмат – олий фазилат” мавзуларида давра суҳбатларини ташкил қилсин;
ўқувчиларнинг меъморий ва тарихий обидалар, маданият муассасалари ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга ташрифини уюштирсин;
ўқувчиларнинг қизиқишлари, талаб ва истакларидан келиб чиқиб спорт мусобақалари, концерт томошалари ва санъат асарлари кўргазмаларини ўтказсин;
буюк аждодларимизнинг илмий ва маданий мероси, уларнинг ибратли ҳаёт йўли ҳамда жаҳон цивилизациясини ривожлантиришга қўшган ҳиссаларига оид тарғибот ишларини олиб борсин, улуғ алломаларнинг туғилган саналарига бағишланган илмий ҳафталиклар, семинар ва анжуманлар ташкил этсин;
ҳаётий мисоллар асосида ота-оналарнинг фарзандлар тарбиясидаги ўрни, мажбурияти ва масъулияти ҳақида тушунтириш ишларини олиб борсин, уларни қизиқтирган ва хавотирга солаётган масалалар бўйича очиқ мулоқотлар ҳамда ўқув-семинарларни ташкил этсин.
Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги (Т.Худайбергенов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда ҳар чоракда намунали ўқувчиларнинг ота-оналарини рағбатлантириш, уларга “миннатдорчилик хати”ни топшириш ва совғалар тақдим этиш, шунингдек, фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш амалиётини йўлга қўйсин.
3. Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов):
2022 йил 1 августга қадар умумий ўрта таълим муассасасидаги ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларини қайта кўриб чиқсин ва уларда мактаб ва ота-онанинг бола тарбиясидаги ўрни ва масъулиятини, уларнинг таълим ва тарбия жараёнидаги иштироки ҳамда мажбуриятларини белгиласин;
умумий ўрта таълим муассасасидаги ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларини ўзининг расмий веб-сайти ҳамда “my.maktab.uz” ахборот тизимида жойлаштирсин;
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, мактаб ўқувчилари ота-оналарини “my.maktab.uz” ахборот тизими орқали умумий ўрта таълим муассасасининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари билан таништириб борсин.
Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ҳамда тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш концепциясини тасдиқласин.
4. Умумий ўрта таълим муассасаларининг ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини яхшилаш, компьютер синф хоналарини замонавий техникалар ва бошқа воситалар билан таъминлаш учун:
Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов) Молия вазирлиги (Т.Ишметов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда 2022 йил 1 сентябрга қадар 2023-2024 йилларда мактабларда маънан эскирган компьютер синфларини янгилаш бўйича дастурни Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин;
Молия вазирлиги (Т.Ишметов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2023-2024 йилларда мактабларда маънан эскирган компьютер синфларини янгилаш бўйича дастурни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобидан 200 миллиард сўм, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан 200 миллиард сўм миқдорда маблағлар ажратилишини таъминласин;
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Шерматов) Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб 400 нафаргача ўқувчиси бўлган умумий ўрта таълим муассасаларида Интернет тезлиги камида 40 Мбит/с, ўқувчилар сони 400 нафардан юқори бўлганларда – камида 100 Мбит/с бўлишини таъминласин;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари умумий ўрта таълим муассасаларини юқори тезликдаги Интернетга улаш учун зарур маблағларни ажратсин;
Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов) 2023 йилдан бошлаб ҳар йили 1 августга қадар Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлигига умумий ўрта таълим муассасаларида маънан эскирган компьютер техникаси тўғрисида маълумотларни тақдим этиб борсин;
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (А.Воитов) Молия вазирлиги (Т.Ишметов) билан биргаликда 2024 йилдан бошлаб ҳар йили Халқ таълими вазирлиги томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида умумий ўрта таълим муассасаларини замонавий компьютерлар билан таъминлаш бўйича молиялаштириш манбаларини аниқласин.
5. Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов) билан биргаликда:
2022 йил 1 сентябрга қадар фан ўқитувчиси ва мактаб директори лавозимлари учун танловда иштирок этишга онлайн ариза топшириш ва номзод ҳақида маълумотларни жойлаштириш имконини берадиган махсус электрон портални яратсин;
махсус электрон порталда амалдаги ҳамда истиқболда кадрларга бўлган эҳтиёж, шунингдек, вакант лавозимлар тўғрисидаги маълумотларни умумий ўрта таълим муассасалари ва фанлар кесимида жойлаштириш орқали миллий кадрлар захирасини шакллантирсин.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Шерматов) 2022 йил 1 августга қадар ўз ахборот тизимларининг “Электрон ҳукумат” идоралараро интеграция платформаси орқали махсус электрон портал билан интеграциясини таъминласин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.Бобоев), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (А.Воитов), Молия вазирлиги (Т.Ишметов), Қурилиш вазирлиги (Б.Зокиров) ҳамда Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов) 2022-2026 йилларда умумий ўрта таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ҳисобига 1,2 миллион ўқувчи ўрни миқдоридаги янги қувватлар яратилишини таъминласин.
2022-2026 йилларда умумий ўрта таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг асосий прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилаб қўйилсинки, асосий прогноз кўрсаткичларга мувофиқ умумий ўрта таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш – Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида ажратиладиган маблағлар, Давлат бюджети маблағлари, халқаро молия институтларининг кредитлари ва грантлари, ҳомийлик хайриялари, хусусий шериклар ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари маблағлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.Бобоев), Молия вазирлиги (Т.Ишметов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида 2022-2026 йилларда умумий ўрта таълимда 700 минг ўқувчи ўрни миқдоридаги янги қувватлар яратилишини таъминласин.
7. Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов) ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов) билан биргаликда 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб:
бошланғич синф ўқувчиларига ўқув режага киритилган фанлар доирасида меҳнат бозорида мавжуд бўлган турли касблар тўғрисида тушунчалар бериб борсин;
касб эгаларининг меҳнат фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида 5-7-синф ўқувчилари учун турли учрашув ва сайёр дарсларни ташкил этсин;
7-9-синф ўқувчиларининг касбга мойиллигини аниқлаш бўйича ташхислар ўтказиб борсин ҳамда натижаларидан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш корхоналари, ҳунармандчилик марказлари ва бошқа ташкилотларга экскурсиялар ташкил қилсин;
ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти ва ўсиш нуқталарига мувофиқ мактаб ўқувчилари учун устувор касбларни белгиласин ҳамда 10- ва 11-синф ўқувчиларини ушбу касбларга, шу жумладан, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари, қисқа муддатли курслар очилган таълим муассасаларида ўқитиш чораларини кўрсин.
Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов), Қурилиш вазирлиги (Б.Зокиров), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов) 2022 йил 1 августга қадар умумий ўрта таълим муассасаларининг технология фани устахоналари ҳамда касб-ҳунар амалиёти хоналари намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб тасдиқланган намунавий лойиҳалар асосида умумий ўрта таълим муассасаларининг технология фани устахоналарини ҳамда касб-ҳунар амалиёти хоналарини босқичма-босқич ташкил этиш ва жиҳозлаш чораларини кўрсин.
8. 2023 йил 1 январдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) умумий ўрта таълим ташкилотлари ҳар 11 йилда камида бир марта мажбурий тарзда аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказилади. Бунда, умумий ўрта таълим ташкилотлари муддатдан олдин аттестация ва давлат аккредитациясидан шартнома асосида ўтиши мумкин;
б) умумий ўрта таълим ташкилотлари қуйидаги тартибда аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказилади:
фаолият юритаётган умумий ўрта таълим ташкилотлари – амалдаги аккредитация сертификатининг муддати тугаганидан сўнг 11 йил муддатга;
янги ташкил этиладиган умумий ўрта таълим ташкилотлари – улар ташкил этилган пайтдан бошлаб (белгиланган тартибда лицензия олган пайтдан бошлаб) 11 йил муддатга;
в) давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторинги жорий этилади. Бунда:
мониторинг натижаларига кўра таълим сифатида пасайиш кузатилган давлат умумий ўрта таълим ташкилотларининг фаолияти алоҳида режага мувофиқ жойига чиққан ҳолда ўрганилади;
жойига чиқиб ўрганиш натижаси бўйича давлат умумий ўрта таълим ташкилоти учун фаолият самарадорлигини яхшилаш бўйича “йўл харита”си ишлаб чиқилади;
“йўл харита”сида белгиланган чора-тадбирлар ўз вақтида ва лозим даражада бажарилиши учун умумий ўрта таълим муассасасига туман (шаҳар) ҳокимликлари ва халқ таълими бўлимлари кўмак кўрсатади;
г) узлуксиз уч йил давомида фаолият самарадорлиги даражаси юқори бўлган давлат ва нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларида текширувлар ташкил этишга 3 йил муддатга мораторий жорий қилинади (потенциал коррупциоген ҳолатлар бундан мустасно).
9. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (У.Ташкенбаев) ва Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов) 2022 йил 1 октябрга қадар:
давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторингини амалга ошириш тартибини;
умумий ўрта таълим ташкилотларининг фаолиятини ичкива ташқи баҳолашдан ўтказишнинг соддалаштирилган тартибини белгиловчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
10. Давлат тест маркази (М.Каримов) Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов) билан биргаликда 2022 йил 1 сентябрга қадар 2024 йилдан бошлаб умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари ҳамда касб-ҳунар мактаблари битирувчилари учун якуний давлат аттестациясини Давлат тест маркази томонидан имтиҳонлар шаклида ўтказишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
11. Белгилаб қўйилсинки, Халқ таълими вазирлигининг:
таълим беришга мўлжалланган бинолари ва иншоотларини таълим соҳасидан ташқари бошқа мақсадлар учун юридик ва жисмоний шахсларга берилиши тақиқланади;
таълим беришга мўлжалланган, бўш турган бинолари ҳамда иншоотларини бошқа жисмоний ва юридик шахсларга бериш улар жойлашган ҳудуднинг камида 5 йиллик демографик кўрсаткичларини инобатга олиб, халқ таълими вазирининг розилигини олган ҳолда амалга оширилади.
12. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб:
халқ таълими тизимидаги муассаса ва ташкилотлар раҳбарларига бюджетдан ташқари маблағларини мустақил тасарруф этиш ҳуқуқи берилади;
2025 йил 1 январга қадар халқ таълими тизимидаги муассаса ва ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларга ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади;
қўшимча хизмат кўрсатишдан тушган бюджетдан ташқари маблағларни яширган, шунингдек, ходимларга норасмий иш ҳақи тўлаган халқ таълими тизимидаги муассаса ва ташкилотларнинг раҳбарлари қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари зиммасига:
Халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари томонидан тасдиқланган ҳудудий дастурларда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш;
ҳар чоракда ҳудудий дастурда белгиланган вазифалар ижросини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоят Кенгашлари сессияларида муҳокама этиб бориш ҳамда Халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича миллий кенгашга бу ҳақида ахборот киритилишини таъминлаш;
ҳудуддаги халқ таълими муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг инфратузилмасини яхшилаш;
халқ таълими муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш, уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, инфратузилмани (тротуарлар, йўллар ва бошқалар) зарур ҳолатда сақлаш бўйича буюртмачи функциясини амалга ошириш;
халқ таълими муассасаларини электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, зарур санитария-гигиена шароитлари ва бошқа коммунал хизматлар билан узлуксиз таъминлаш;
туманлар (шаҳарлар)ни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор раҳбарлари билан биргаликда халқ таълими муассасаларини ўқув йилига ва куз-қиш мавсумига ўз вақтида ва самарали тайёрлаш тадбирларини амалга ошириш;
умумий ўрта таълим муассасаларининг хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан, ҳудудлар атрофини ўраш, уларга ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича инспекторларни бириктириш, видеокузатув камералари ва ёнғинга қарши сигнализация тизимларини ўрнатиш чораларини кўриш;
халқ таълими муассасалари ҳудудининг ва кўчмас мулкининг бутунлигини ҳамда дахлсизлигини белгиланган тартибда таъминлаш;
умумий ўрта таълим муассасаларини ривожлантириш учун инвестицияларни ва ҳомийлик ёрдамини жалб қилишга кўмаклашиш;
халқ таълими муассасаларига кўмаклашиш масалалари бўйича вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини белгиланган тартибда эшитиш;
ўқитувчи касби мақоми ва обрўсини ошириш, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, педагогларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига йўл қўймаслик ва фаолиятига аралашмаслик;
ўқувчилар онгига ватанпарварлик туйғуларини ва миллий қадриятларни сингдириш, бой маданий-тарихий мерос, миллий урф-одатлар, буюк аждодларимиз маънавий меросини ўрганишлари учун шароитларни яратишда сектор раҳбарлари ва мутасадди ташкилотларни кенг жалб этиш;
соҳа ходимлари, таълим муассасалари раҳбарлари, педагогларнинг Янги Ўзбекистон тараққиётидаги шахсий ҳиссаси, ўқувчиларни ҳар томонлама етук авлод этиб тарбиялашдаги масъулиятларини ҳис этишлари учун тарғибот ва тушунтиришлар олиб бориш;
раҳбар ва педагог кадрлар томонидан таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни, соҳада жорий қилинаётган янгиликларни янада кенгроқ тарғиб этилиши, ўқувчиларнинг касбий ва шахсий ривожланишлари учун керакли бўлган маълумотларни олишлари учун имкониятларни кенгайтириш, уларнинг билими ва тафаккурини ошириш мақсадида халқ таълими йўналишидаги босма нашрларни таълим муассасаларига етказиб беришни таъминлаш вазифалари юклансин.
14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
15. Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
16. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб халқ таълими вазири Б.О.Саидов, молия вазири Т.А.Ишметов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари белгилансин.
Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ