11.04.2022
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориМаҳаллаларда ёшлар ўртасида оммавий спорт мусобақаларини тизимли ташкил этиш орқали соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларни оммавий спортга жалб этишни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси 67-мақсадида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш учун:
1. Қуйидагилар оммавий спортни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
маҳаллаларда ёшларнинг оммавий спорт билан шуғулланишлари учун моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва спорт иншоотларини замонавий спорт жиҳозлари билан таъминлаш, шунингдек, имконияти чекланган ёшлар учун тегишли спорт инфратузилмасини яратиш;
aҳолининг кенг қатламлари, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, улар ўртасида оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш орқали ёшларнинг оммавий спортдаги улушини ошириш;
оммавий спорт билан мунтазам шуғулланувчи оилаларга маҳаллалар ва истироҳат боғларида шароит яратиш ва оилавий спортни рағбатлантириш механизмларини жорий этиш;
oммавий спорт тадбирлари давомида ўқувчилари ғолиб ва совриндор бўлган умумий ўрта таълим мактабларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ва спорт-таълим муассасаларининг тренерлари меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва уларнинг фаолият олиб бориши учун шароит яратиш.
2. Маҳаллаларда ёшлар ўртасида оммавий спортни янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Халқ саломатлиги миллий кенгаши (А.Н. Арипов):
ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спортга кенг жалб қилиш, шу жумладан, мазкур Дастурда белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши юзасидан масъул вазирлик, идора ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштирсин;
маҳаллаларда оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлар фаолиятини самарали ташкил этсин, уларга услубий кўмаклашсин ва мусобақалар самарадорлигини баҳолаш рейтинг тизимини жорий қилсин;
оммавий спорт мусобақалари ташкил қилинадиган олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари рўйхатини тасдиқласин;
ёшларни оммавий спортга жалб қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижросини ва ҳар йили икки мавсумда оммавий спорт мусобақалари ўтказилишини таъминласин ҳамда барча босқич натижаларини таҳлил қилсин ва тизимли мониторингини олиб борсин;
оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тегишли қарорларни қабул қилсин, йўл хариталари, дастурларни тасдиқласин ҳамда бажарилиши устидан назорат ўрнатсин.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) 2022 йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда 30 июнь – Ўзбекистон Республикаси ёшлари куни ҳамда декабрь ойида ўтказиладиган “Ёшлар форуми” доирасида спортнинг футбол, мини-футбол, волейбол, енгил атлетика, шахмат, шашка, стол тенниси, стритбол, воркаут турлари бўйича беш босқичли оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш тизими жорий этилади:
биринчи босқичда – кўчалараро маҳалла мусобақалари;
иккинчи босқичда – маҳаллалараро сектор мусобақалари;
учинчи босқичда – сектор мусобақаларида ғолиб бўлган маҳалла жамоалари ўртасида туман (шаҳар) мусобақалари;
тўртинчи босқичда – туман (шаҳар) мусобақалари ғолиб маҳалла жамоалари ўртасида вилоят мусобақалари;
бешинчи босқичда – вилоят мусобақаларида ғолиб бўлган маҳалла жамоалари ўртасида республика (финал) мусобақалари.
Бунда, мазкур кичик бандда кўрсатилган оммавий спорт мусобақалари маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонлик, маданият ва санъат, интеллектуал ўйинлар, ахборот технологиялари ҳамда спорт турлари бўйича ташкил этилаётган беш босқичли “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилади;
б) 2023 йил 1 мартдан бошлаб олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича уч босқичли умумреспублика спорт мусобақаларини ўтказиш тизими жорий қилинади:
биринчи босқичда – туман (шаҳар) мусобақалари;
иккинчи босқичда – вилоят мусобақалари;
учинчи босқичда – республика (финал) мусобақалари.
Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Икрамов) олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича спорт мусобақаларини ўтказиш дастурининг ишлаб чиқилиши, спорт мусобақалари ўтказиладиган спорт объектлари инфратузилмасининг яхшиланиши ва зарур спорт инвентарлари билан жиҳозланиши, спорт мусобақаларининг юқори даражада ташкил этилиши ҳамда ғолиб ва совриндорларнинг муносиб рағбатлантирилишини таъминласин.
5. Белгилансинки:
а) “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш:
маҳалла босқичида – Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Спортни ривожлантириш вазирлиги;
сектор босқичида – сектор раҳбарлари;
туман (шаҳар) босқичида – туман (шаҳар) ҳокимлари;
вилоят босқичида – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари;
республика (финал) босқичида – Спортни ривожлантириш вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги томонидан амалга оширилади.
Бунда, мусобақаларнинг ҳар бир босқичида ғолиб бўлган ёшлар ушбу кичик бандга масъул давлат органлари ва ташкилотлари томонидан рағбатлантирилади;
б) олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича уч босқичли умумреспублика спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш:
туман босқичида – туман (шаҳар) ҳокимлари, Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Спортни ривожлантириш вазирлигининг туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарлари;
вилоят босқичида – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳудудий бўлинмаларининг раҳбарлари, олий таълим муассасалари ректорлари;
республика (финал) босқичида – Спортни ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан амалга оширилади.
Бунда, мусобақаларнинг ҳар бир босқичида ғолиб бўлган ёшлар ушбу кичик бандга масъул давлат органлари ва ташкилотлари томонидан рағбатлантирилади.
6. Қуйидагилар “Беш ташаббус олимпиадаси” ҳамда олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича уч босқичли умумреспублика спорт мусобақаларини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги спорт мусобақаларини тизимли ташкил этиш ва ўтказиш учун Спортни ривожлантириш вазирлигига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан 2022 йилдан бошлаб ҳар йили 50 миллиард сўм миқдордаги маблағлар;
Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари;
жамғармалар, спорт федерация (ассоциация)лари, клублари, хорижий инвесторлар, жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари маблағлари;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
7. Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Икрамов):
Молия вазирлиги (Т.Ишметов) билан биргаликда уч ой муддатда ҳудудларда ёшларни оммавий спортга кенг жалб қилиш мақсадида болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг йўриқчи-услубчи штат бирликлари ҳисобига болалар-ўсмирлар спорт мактаби директорининг оммавий спортни ривожлантириш ва селекция бўйича ўринбосари лавозимини жорий этсин;
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (О.Касимов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда спорт турлари бўйича туман (шаҳар)ларнинг терма ва сектор жамоаларини шакллантирсин ва спорт-таълим муассасаларига иқтидорли ёшларни саралаб олиш бўйича масъул этиб белгилансин.
8. Шундай амалиёт жорий қилинсинки, унга мувофиқ “Беш ташаббус олимпиадаси” ҳамда олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича уч босқичли умумреспублика спорт мусобақалари давомида ғолиб ва совриндорларни (1-3 ўрин) тайёрлаган умумий ўрта таълим мактабларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ва спорт-таълим муассасаларининг тренерлари малака аттестациясига жалб этилмайди ва уларга қуйидаги малака тоифалари тўғридан-тўғри берилади:
туман (шаҳар) босқичи мусобақаларида ғолиб ва совриндорларни тайёрлагани учун – иккинчи малака тоифаси;
вилоят босқичи мусобақаларида ғолиб ва совриндорларни тайёрлагани учун – биринчи малака тоифаси;
республика (финал) босқичида ғолиб ва совриндорларни тайёрлагани учун – олий малака тоифаси.
9. Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Икрамов):
а) спорт федерация (ассоциация)лари билан биргаликда икки ой муддатда:
маҳаллаларда оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ҳар бир масъулнинг иш фаолиятини тўлиқ баҳолашга қаратилган рейтинг тизимини жорий этсин;
ёшлар ўртасида оммавий спорт мусобақаларини оммалаштириш ва уларнинг қизиқишларини кучайтириш мақсадида тажрибали ва таниқли спортчилар иштирокида мотивацион учрашувлар ташкил этиш тизимини йўлга қўйсин;
б) Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда 2022 йил якунига қадар 6 миллион нафар ёшларнинг оммавий спорт тадбирлари билан қамраб олинишини таъминласин.
10. Ёшлар ишлари агентлиги (А.Саъдуллаев):
уч ой муддатда ёшлар орасида “Беш ташаббус олимпиадаси”, оммавий спортни тарғиб қилувчи материалларни (буклет, баннер ва бошқалар) креатив воситалардан фойдаланган ҳолда тайёрласин ва маҳаллаларга тарқатиш чораларини кўрсин;
ижтимоий тармоқларда ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, улар ўртасида оммавий спорт мусобақаларини оммалаштиришга қаратилган мотивацион роликлар тайёрласин;
Спортни ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда оммавий спорт мусобақаларини намунали ташкил этган ёшлар етакчилари ва бошқа масъул шахслар учун ўқув семинарлари ташкил этсин ва махсус сертификат бериш тизимини йўлга қўйсин;
маҳаллаларда мусобақаларни намунавий ташкил этган ёшлар етакчиларини рағбатлантириш чораларини кўрсин.
11. Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов):
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчиларнинг қизиқишлари, талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда, жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ҳамда таниқли ва фахрий спортчилар томонидан камида 1 та спорт тури бўйича тўгараклар фаолиятини ташкил этсин;
тўгараклар фаолиятини кенг ёритиш ва уларга ўқувчиларни қамраб олиш мақсадида барча умумий ўрта таълим мактабларида тўгарак жадвали бўлишини таъминласин;
ҳар бир умумий ўрта таълим мактабида футбол, баскетбол, волейбол, гандбол ва бошқа жамоавий ўйин турлари бўйича жамоалар тузсин ҳамда мунтазам равишда мактаб жамоалари ўртасида мусобақалар ўтказсин;
Спортни ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг йўриқчи-услубчилари томонидан ҳар чоракда бир марта умумий ўрта таълим мактабларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига методик ёрдам кўрсатилишини ташкил этсин.
12. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов):
2022 йил 1 майга қадар талабалар спортини янада ривожлантириш учун олий таълим муассасаларида ташкил этилган спорт клублари ўртасида мусобақаларни ўтказсин;
икки ой муддатда олий таълим муассасаларини спорт турларига ихтисослаштириш рўйхатини талабаларнинг хоҳиш ва истакларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқсин;
амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар чорак якуни бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Халқ саломатлиги миллий кенгашига ахборот киритиб борсин.
13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили 1 февралга қадар оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш юзасидан қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин:
спорт мусобақаларининг республика (финал) босқичлари бўлиб ўтадиган ҳудудлар ва у ерда жойлашган спорт инфратузилмаси объектларини ҳомийлик хайриялари ҳамда бюджетдан ташқари маблағларни жалб этган ҳолда талаб даражасида тайёрлаш;
оммавий спорт мусобақаларини юқори савияда ўтказиш учун спорт иншоотларини спорт жиҳозлари билан таъминлаш;
оммавий спорт мусобақаларининг маҳалла босқичидан вилоят босқичига қадар ўтказилган мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган иштирокчиларни 1, 2 ва 3-даражали диплом, медаль, кубок, эсдалик совғалари билан тақдирлаш;
ҳудудларда ташкил этиладиган бошқа спорт мусобақалари туман (шаҳар) ва вилоят босқичи ғолиблари учун ҳоким совринини таъсис этиш;
спорт мусобақалари давомида ҳар бир иштирокчининг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини қарор топтириш, уларнинг буюк аждодларимизнинг мардлик ва жасурлик анъаналарини муносиб давом эттиришга қодир инсонлар бўлиб етишишига хизмат қиладиган маданий-маърифий тадбирлар дастурини амалга ошириш.
14. Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Икрамов), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А.Кўчимов) ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Хаджаев) икки ҳафта муддатда мазкур қарор асосида амалга оширилаётган ишларни оммалаштиришга қаратилган мақолалар, тематик телекўрсатувлар ташкил этиш ҳамда қуйидагиларни назарда тутувчи оммавий спорт мусобақаларини кенг тарғиб қилиш бўйича медиа-режа ишлаб чиқсин ва амалга оширсин:
оммавий спорт мусобақаларининг ўтказилиши тўғрисида махсус роликлар тайёрлаш ва эфирга жойлаштириш;
оммавий спорт мусобақаларини янада оммалаштириш бўйича фахрий устозлар ва нуфузли мусобақалар ғолиблари иштирокида туркум кўрсатувларни ташкил этиш;
оммавий спорт мусобақаларида ёшлар томонидан эришилган ютуқлар, шунингдек, оммавий спорт мусобақаларининг ўтказилиш жараёнларини кенг ёритиш ва тарғиб қилиш ишларини мунтазам амалга ошириш.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари бир ой муддатда ҳудудий телеканаллар, оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг мақсад ва вазифалари, оммавий спорт мусобақалари тўғрисидаги маълумотларни кенг ёритиб бориш бўйича медиа-режа ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.
15. Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Икрамов) икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
16. Ушбу қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб спортни ривожлантириш вазири А.И.Икрамов, спортни ривожлантириш вазири ўринбосари А.У.Аслонов, Ёшлар ишлари агентлиги директори А.З.Саъдуллаев, халқ таълими вазири Б.О.Саидов, олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х.Тошкулов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.
Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан ҳар ярим йилда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериб борилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ