17.05.2017
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Янгиер шаҳрига ташрифи чоғида хусусийлаштирилган, аммо бугун бўш турган корхона ва объектлардан самарали фойдаланиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар билан қизиқди.
Давлатимиз раҳбарига вилоят иқтисодиёт комплекси томонидан хўжалик юритувчи субъектларни молиявий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ҳаракатлар режаси тўғрисида маълумот берилди.
Президентимиз мазкур ҳаракатлар режаси бўйича ҳар ойда бажариладиган ишларни аниқ белгилаш ва мутасаддиларнинг масъулиятини ошириш, Тадбиркорликка кўмаклашиш марказини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш борасидаги муҳим вазифалардан бири сифатида хусусий мулкнинг ролини кучайтириш ва хусусийлаштирилган объектлар негизида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш белгиланган.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 апрелдаги “Хусусийлаштирилган корхоналар билан ишлаш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтариш, хусусийлаштирилган корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш, экспортни жадаллаштиришда муҳим омил бўлмоқда.
Сирдарё вилоятидаги хусусийлаштирилган 1 минг 343 корхонада ўтказилган хатлов натижасида бугунги кунда бўш турган ва қурилиши тугалланмаган 237 объект аниқланган. Ушбу объектлардан 130 таси фаолиятини қайта тиклаш бўйича инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилган. Унга кўра мазкур корхоналарда саноат йўналишида қиймати 51,9 миллиард сўмлик 36, қишлоқ хўжалигида 11,8 миллиард сўмдан ортиқ 26, хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишида 18 миллиард сўмдан ортиқ миқдоридаги 68 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Натижада 1 минг 300 дан кўпроқ янги иш ўрни яратилади.
Гулистон шаҳридаги собиқ “Восток ЛТД” корхонасининг бўш турган биносида “Record Тextil” МЧЖ томонидан қиймати 10,1 миллиард сўмлик ип-калавани бўяш, Сардоба туманидаги собиқ паррандачилик мажмуасида “Бобур” МЧЖ томонидан қиймати 1,9 миллиард сўмлик бройлер жўжалари етиштириш, Сирдарё туманидаги собиқ спорт жиҳозлари заводида “Файз” МЧЖнинг 20 миллиард сўмлик инвестицияси ҳисобидан ғўзапояни қайта ишлаш орқали ДСП ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади.
Вилоятда фойдаланилмаётган давлат объектлари 75 тани ташкил этади. Уларнинг 34 тасини “ноль” харид қийматида сотиш, яроқсиз бўлгани сабабли 2 тасини бузиш ва уларнинг бўшаган ер майдонини тадбиркорларга бериш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.
Ҳар бир объектни чуқур ўрганиш ва уни ишга тушириш бўйича аниқ таклифлар тайёрлаш лозим, деди давлатимиз раҳбари. Бўш турган объектларни тадбиркорларга имтиёзли шартларда бериш ва уларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ички ва ташқи бозорларни топиш зарур.