17.03.2022
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармониСўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган қонунчилик ҳужжатларининг мазмун ва моҳиятини тушунтириш, жойларда аҳолини ташвишга солувчи ҳуқуқий муаммоларни ҳал этиш, давлат хизматларининг сифатини ошириш, ўз фаолияти юзасидан жамоатчиликка тизимли равишда маълумотлар тақдим этиш масалаларида адлия органлари ва муассасаларининг роли ва масъулияти сезиларли равишда ошмоқда.
Шу билан бирга, “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини рўёбга чиқариш адлия органлари тизимида маъмурий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришни тақозо қилмоқда.
Давлат хизматларини кўрсатиш ва интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий ҳимояси соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишда тизим имкониятларидан оқилона фойдаланиш, ушбу соҳаларда мувофиқлашган фаолиятни таъминлаш ҳамда мавжуд маъмурий тузилмаларнинг яхлит вертикал бошқарувини шакллантириш зарурати юзага келмоқда.
Мамлакатимизда адолат ва ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкамлаш, аҳолига профессионал хизмат қиладиган ихчам ва самарали бошқарувни яратиш, декларатив хусусиятга эга вазифаларни бекор қилиш, функцияларни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини аниқ белгилаш ва такрорланишларнинг олдини олиш орқали бюджет маблағларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, шу жумладан, аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини ҳал этишда адлия органларининг роли ва масъулиятини янада кучайтириш мақсадида:
1. 2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқишни мувофиқлаштирувчи республика комиссиясининг Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда Интеллектуал мулк агентлиги ва унинг ҳудудий марказларини вазифа, функция ва ваколатларини Адлия вазирлигига (кейинги ўринларда − Вазирлик) ўтказган ҳолда қўшиб олиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Вазирлик зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:
а) аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш йўналишида:
жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни бартараф этиш ҳисобига тезкор, қулай ва сифатли давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш;
давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида, шу жумладан, тегишли ахборот тизимлари, ресурслар ва маълумотлар базаларини жорий этиш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш ва самарадорлигини баҳолаш;
б) интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя қилиш йўналишида:
интеллектуал мулк соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда ихтиролар, товар белгилари, муаллифлик ҳуқуқи ва бошқа интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш;
ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, товар белгилари ва бошқа интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш.
3. Адлия вазирлиги фаолияти самарадорлигини янада ошириш ҳамда рақамлаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки:
а) юридик хизмат кўрсатиш марказлари, туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари ва уларнинг филиаллари ҳамда ФҲДЁ органлари барча ҳуқуқ ва ваколатларини сақлаган ҳолда туман (шаҳар) адлия бўлимлари тузилмасига ва бўйсунувига ўтказилади;
б) Вазирлик:
Давлат хизматлари агентлиги ҳамда Интеллектуал мулк агентлигининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш ҳамда интеллектуал мулк (интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни муҳофаза ва ҳимоя қилиш) соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ҳамда Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ва интеллектуал мулк соҳасидаги бошқа халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикасини ифодаловчи ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади;
в) Давлат хизматлари агентлиги ҳамда Интеллектуал мулк агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармалари уларни шакллантириш манбалари ва фойдаланиш йўналишларини сақлаган ҳолда барча қолдиқ маблағлари билан биргаликда Вазирлик тасарруфига ўтказилади.
Агентликларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари тегишли равишда Вазирликнинг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Интеллектуал мулкни ривожлантириш жамғармаси этиб қайта номлансин.
5. Вазирлик бир ой муддатда Давлат хизматлари агентлиги ва Интеллектуал мулк агентлигининг бино-иншоотлари, товар-моддий бойликлари, зарур ахборот тизимлари ва бошқа мол-мулкларини ҳамда тегишли ҳужжатларини қабул қилиб олишни таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги ПФ–5505-сон Фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясидаги вазифаларни амалга ошириш ҳамда қонунчилик ҳужжатларини қабул қилиш тартибини такомиллаштириш мақсадида 2022 йил 1 майдан бошлаб қуйидаги тартиб ўрнатилсин, унга мувофиқ:
қонунчиликка мувофиқ маҳаллий ижро ҳокимияти органлари қарорларини қабул қилишда ҳудудий адлия органлари ижобий хулосаси олиниши белгиланган ҳолларда, бундай хулоса олинмасдан тегишли қарорларни қабул қилиш (чиқариш)га йўл қўйилмайди;
Вазирлик томонидан вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолияти мониторинг қилинади ҳамда унинг натижаси бўйича ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борилади.
7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2023 йил 1 апрелдан бошлаб:
муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхалари мажбурий тартибда муаллифлик ҳуқуқи объектларининг ягона базасида (кейинги ўринларда – Ягона база) сақланади;
“Интеллектуал мулк маркази” давлат муассасаси Ягона базани юритиш, техник таъминлаш ҳамда муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базага киритиш жараёнини мувофиқлаштириш бўйича масъул – оператор этиб белгиланади;
объектнинг электрон назорат нусхалари Ягона базага муаллифлик ҳуқуқи объектларини сақлаш фаолиятини амалга оширувчилар (депозитарийлар) томонидан жойлаштирилади;
муаллифлик ҳуқуқи объектларини сақлаш фаолиятини амалга оширувчилар (депозитарийлар) томонидан объектнинг электрон назорат нусхалари Ягона базага киритилгандан сўнг, унинг сақловга қабул қилинганлиги тўғрисида ҳужжат тақдим қилинади.
8. Вазирлик:
2022 йил 1 июлга қадар муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базада сақлаш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
2023 йил 1 январга қадар Ягона база ишлаб чиқилиб, жорий этилишини таъминласин.
9. Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларига ўзларига юклатилган вазифаларни самарали амалга ошириш учун қуйидаги қўшимча ваколатлар берилсин:
давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жазо қўллаш;
интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга жарима қўллаш;
давлат органлари ва давлат иштирокидаги ташкилотларда юзага келган меҳнат низосини кўриш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилиш.
10. Вазирлик ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
таҳлил ва тадқиқот ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва ахборотларни, шу жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш амалиёти тўғрисида зарур статистик маълумотлар, таҳлилий материаллар, ҳужжатлар ва бошқа ахборотларни давлат органлари ҳамда ташкилотларидан бепул тарзда сўраш ва олиш;
давлат органлари ва ташкилотларида қонунчилик ҳужжатларини қўллаш амалиёти билан Адлия вазирлиги билан биргаликда жойига чиққан ҳолда танишиш;
тадқиқот ишларини амалга ошириш учун республиканинг етакчи таълим, илмий-тадқиқот муассасалари, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатларнинг нуфузли таълим ва илмий муассасаларининг тажрибали олимлари, бошқа ходимлари ва экспертларини шартнома асосида жалб этиш;
шартнома асосида ишларни бажариш ва хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағларни (уларни амалга ошириш харажатларини чегириб ташлаган ҳолда) 80 фоизгача ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантириш тадбирларига йўналтириш.
11. Белгилансинки, давлат ташкилотларидаги илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлашга доир рағбатлантириш шартлари Институт ходимларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
12. Вазирлик тузилмасида:
а) бошқарув ходимларининг чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида:
Халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик бошқармаси, Халқаро ва хорижий ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси ҳамда Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бошқармасидан иборат Халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик департаменти;
Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бошқармаси ҳамда Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни ривожлантириш бошқармаси негизида Ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бошқармаси;
Юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳамда Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш бошқармаси негизида Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни тартибга солиш бошқармаси;
Қонун ҳужжатларини таҳлил қилиш ва туркумлаш бошқармаси ҳамда Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармаси негизида Қонунчиликни тизимлаштириш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармаси ташкил этилсин;
б) Давлат хизматлари агентлиги ҳамда Интеллектуал мулк агентлиги қўшиб олиниши муносабати билан бўшаётган штат бирликлари доирасида:
Давлат хизматлари департаменти;
Интеллектуал мулк департаменти ташкил этилсин.
13. Белгилаб қўйилсинки, Вазирликнинг янги ташкил этилаётган таркибий тузилмалари штатлари биринчи навбатда Вазирликка қўшилаётган Давлат хизматлари агентлиги ҳамда Интеллектуал мулк агентлиги тизими ходимлари ҳисобидан тўлдирилади.
Вазирлик икки ой муддатда ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлардан келиб чиқиб, туман (шаҳар) адлия бўлимлари
ва давлат хизматлари марказлари раҳбарларини лавозимидан озод қилиш ҳамда ушбу лавозимни ички танлов асосида юксак малака ва юқори профессионал тайёргарликка эга бошқарув кадрлари билан тўлдиришни таъминласин.
14. Адлия вазирига:
Вазирлик марказий аппарати, адлия органлари ва муассасаларининг тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш;
зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишган ҳолда, Вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан давлат хизматлари марказлари ва уларнинг филиалларига қўшимча штат бирликларини жорий қилиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, илмий ва таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар, хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассисларини, шунингдек, экспертларни маслаҳатчи сифатида жалб қилиш;
малакали хорижий мутахассисларни ишга қабул қилиш ва уларга иш ҳақини миллий валютада ёки хориждаги ҳисобварақларига ўтказган ҳолда чет эл валютасида тўлаш ҳуқуқи берилсин.
15. Вазирликнинг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
“Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги қошидаги Интеллектуал мулк консультатив маркази” давлат унитар корхонасини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Интеллектуал мулк маркази” давлат муассасаси сифатида қайта ташкил этиш;
Давлат хизматлари агентлиги ҳузуридаги “Давлат хизматларини ривожлантириш илмий-амалий маркази” давлат муассасасини Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Давлат хизматларини ривожлантириш маркази” давлат муассасаси этиб қайта номлаш.
Белгилансинки, “Интеллектуал мулк маркази” давлат муассасаси интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ ишларни, шу жумладан, уларни рўйхатдан ўтказишга доир талабномаларнинг давлат экспертизасини ва улар юзасидан тегишли маълумотлар марказий сақловини амалга оширувчи махсус ваколатли ташкилот ҳисобланади.
16. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари 3-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
18. Вазирлик:
бир ой муддатда Молия вазирлиги билан биргаликда мазкур Фармонга мувофиқ Вазирликнинг харажатлар сметаси ва штатлар жадвалига ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин;
уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
19. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб адлия вазири Р.Қ.Давлетов белгилансин.
Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Б.Д. Исламов зиммасига юклансин.
Амалга оширилган чора-тадбирларнинг натижадорлиги тўғрисида 2022 йил 1 сентябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ