24.02.2022
Президент Шавкат Мирзиёев 24 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманига ташриф буюрди.
Бу ерда Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси билан ҳамкорликда шамол электр станцияси қурилиши режалаштирилган. Шу муносабат билан, ушбу мажмуага тамал тоши қўйиш маросими бўлди.
- Қорақалпоғистоннинг инсонлари меҳнаткаш, ери бой. Энди шамоллариям иқтисодиётга манфаат келтиради. Агар биз катта-катта корхоналар қурамиз, десак, ҳамкорларимиз авваламбор «энергетиканг борми, йўлинг борми, инфратузилманг борми» деб сўрайди. Бу ерда қуввати 100 мегаватт бўлган шамол электр станцияси барпо этилиши ҳудуд иқтисодиётига қўшимча куч, замин бўлади, - Шавкат Мирзиёев.
Қорақалпоғистонда ягона бўлган Тахиатош иссиқлик электр станцияси бундан 65 йил аввал қурилган бўлиб, ҳудуд эҳтиёжини қондириш учун етарли эмас эди. Шунинг учун ушбу станция 680 миллион доллар эвазига модернизация қилиниб, 560 мегаватт қувватлар ишга туширилди.
Мана энди янги йўналишда, экологик тоза яна бир электр станцияси қурилиши бошланмоқда. Йиллик қуввати 360 миллион киловатт-соат бўлган ушбу лойиҳа 108 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилади.
Бу лойиҳа ишга тушгач, 110 минг хонадонни қўшимча электр энергияси билан таъминлаш мумкин бўлади. Йилига 106 миллион куб метр табиий газимиз тежалади.
- Инсон қадри учун, деган бош тамойил асосида Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳам катта марралар олганмиз.
Келгуси беш йилда 2 минг 500 та янги корхоналар ташкил этиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини қарийб 2 баробарга ошириш режалаштирилган. Қайта тикланувчи энергия манбалари бу ишларга кучли туртки беради. Бундан фарзандларимиз, келажак авлодлар ҳам манфаат кўради, - деди давлат раҳбари.
Лойиҳа бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг техник кўмагида эълон қилинган халқаро тендерда Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси 20 га яқин талабгорлар ўртасида ғолиб бўлган. Ушбу компания томонидан давлат-хусусий шериклик асосида ишлаб чиқариладиган шамол энергияси учун энг паст тариф - 1 киловатт-соат электр учун 2,56 цент таклиф қилинган.
Яна бир муҳим томони, станция қурилишида минг нафар қорақалпоқ ёшлари ҳам қатнашади. У ишга тушгач эса, 100 нафар малакали муҳандис ва техник ходимлар юқори даромадли доимий иш билан таъминланади.
Лойиҳа доирасида 25 та шамол турбинаси ўрнатилади, 20 километр бўлган 220 киловатт кучланишли электр узатиш ҳаво линияси қурилиб, бу қувватлар мамлакат ягона энергетика тизими билан тўлиқ уланади.
Президентимиз лойиҳа учун зарур нарсаларни маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади. Масалан, “Тахиатош металл конструкция” заводида таянч устунлар, “Нукус электр аппарат” корхонасида трансформатор ва электр техника жиҳозлари, бошқа корхоналарда эса – кабель ва ўнлаб турли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкин.
Қорақалпоғистонда шамол энергияси ишлаб чиқариш имкониятлари чексиз экани қайд этилди.
- Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилинган Оролбўйи минтақасида бошланган бу лойиҳа “яшил энергия” ишлаб чиқариш бўйича “биринчи қалдирғоч”. Келгуси беш йилда бу ҳудудда қуввати қарийб 1 минг 800 мегаватт бўлган 3 та шамол станцияси ишга туширилади, - деди давлатимиз раҳбари.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев шамол электр станцияси пойдеворига капсула қўйди.
Маросимда “ACWA Power” компанияси раҳбари Муҳаммад Абдулла Абунаян, соҳа мутахассислари, жамоатчилик вакиллари сўзга чиқди.
Мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўтган йили Навоий вилояти Кармана туманида илк қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилган эди. Сурхондарё вилояти Шеробод туманида шундай яна бир станция қурилиши бошланган.
Умуман, бу соҳада 3 миллиард доллар миқдоридаги хорижий инвестициялар ҳисобига, жами 2 минг 900 мегаваттли 10 та қуёш ва шамол электр станциялари барпо этилмоқда.