16.02.2022
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориЎзбекистон Республикаси Миллий гвардиясида кадрларни тайёрлашнинг узлуксиз тизимини такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибидаги ҳарбий оркестр жамоалари, шунингдек, бошқа оркестр ва бадиий жамоалар учун дамли ва зарбли чолғулар ижрочилиги йўналишида кадрларни мақсадли тайёрлаш тизимини самарали ташкил этиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи негизида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий мусиқа академик лицейини (кейинги ўринларда — Ҳарбий мусиқа академик лицейи) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар Ҳарбий мусиқа академик лицейининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
умумий ўрта ҳамда ўрта махсус таълимнинг давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқ сифатли ўқитишни ташкил этиш;
умумий мусиқий билимларнинг бошланғич асосларини ўргатиш ҳамда дамли ва зарбли чолғулар ижрочилиги йўналишида етук кадрларни тайёрлаш;
халқаро танловларда муносиб қатнашадиган иқтидорли ёш мусиқачиларни тайёрлаш учун уларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилган замонавий ўқув дастурлари ва услубларини жорий этиш;
таълим жараёнига замонавий педагогик ва инновацион технологияларни, маданият ва санъат соҳасидаги илм-фан бўйича эришилган илғор ютуқларни татбиқ этиш;
ҳарбий оркестрлар, шунингдек, бошқа вазирлик ва идоралар оркестр ва бадиий жамоалари учун малакали кадрлар захирасини шакллантириш;
Ватанга садоқат, ўз халқининг маънавий ва тарихий қадриятларига ҳурмат руҳида тарбияланган ёшларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар резервини шакллантириш мақсадида республиканинг олий, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга кириши учун муносиб номзодларни мақсадли тайёрлаш;
ўқувчиларнинг маънавий ва эстетик ривожланиши учун кенг имкониятлар яратиш, уларнинг истеъдодини ва маданий савиясини ҳар томонлама юксалтириш.
3. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий мусиқа академик лицейи офицерлар таркибининг ҳарбий унвонлари ва лавозимлар бўйича тариф разрядлари рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Маданият вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ҳарбий мусиқа академик лицейига илмий-методик ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон давлат консерваторияси, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ва Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетини бириктириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
5. Белгилаб қўйилсинки:
а) Ҳарбий мусиқа академик лицейида:
мусиқа таълими ва ўқув жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида истисно тариқасида, мавжуд умумий ўрта таълим синфлари сақлаб қолинади;
ўқувчилар қонун ҳужжатларида белгиланган нормаларга мувофиқ, бепул тураржой ва озиқ-овқат билан таъминланади;
1-2-босқич ўқувчилари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони томонидан тасдиқланган бепул кийим-бош билан таъминланади;
ўқитиш умумий ўрта ҳамда ўрта махсус таълимнинг давлат таълим стандартлари ўқув режалари ва ўқув дастурлари асосида «Дамли ва зарбли чолғулар ижрочилиги» таълим йўналиши бўйича амалга оширилади;
битирувчиларга давлат намунасидаги диплом, қонун ҳужжатларига мувофиқ, оркестр артисти малака даражаси ҳамда кўкрак нишони берилади;
б) Ҳарбий мусиқа академик лицейини молиялаштириш, шу жумладан унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;
в) ўқув-тарбия жараёни самарадорлигини оширишга методик ёрдам кўрсатиш, дарсликлар ва ўқув-методик адабиётлар, мультимедиа иловалари, синф журналлари, ўқувчиларни рейтинг дафтарчалари ва бошқа ҳужжатлар билан таъминлаш, шунингдек, педагог кадрлар малакасини оширишни ташкил этиш тегишлича Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Маданият вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади;
г) Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси умумий сонининг янгидан тақсимланиш ҳисобига қўшимча 3 та офицерлар таркибидаги штат бирлиги киритилади;
д) Ҳарбий мусиқа академик лицейининг ишчи ва хизматчиларига мавжуд академик лицейларнинг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартлари қўлланилади ҳамда улар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқ ва имтиёзлардан фойдаланади;
е) Ҳарбий-мусиқа академик лицейи битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларида ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдоридаги, республиканинг бошқа давлат олий таълим муассасаларига ўқишга киришда эса ўзлари тўплаган балларнинг 15 фоизи (шу жумладан, ижодий имтиҳонлар бўйича) миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади;
ж) Ҳарбий мусиқа академик лицейи Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича унинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
6. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси:
а) бир ой муддатда:
Ҳарбий мусиқа академик лицейининг ташкилий-штат тузилмаси, штат жадвали ва уставини тасдиқласин ҳамда уставнинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
Ҳарбий мусиқа академик лицейи ўқувчиларининг кийим-бош формаси ва кўкрак нишони намуналарини тасдиқласин;
б) вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ