21.01.2022
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармониАҳолини сифатли, самарали ва хавфсиз фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлашни янада яхшилаш, фармацевтика тармоғига илғор илмий-техника ютуқлари ва инновацияларни жорий этиш орқали тармоқда ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробарга ошириш, ички бозорни таъминлаш даражасини натурал ҳажмда 80 фоизга етказиш мақсадида:
1. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган, маҳаллий фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни жадал ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган:
2022-2026 йилларда фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўйича прогноз параметрлари 1-иловага мувофиқ;
2022-2024 йилларда фармацевтика соҳасида ҳудудларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури 2-иловага мувофиқ;
2022-2026 йилларда фармацевтика соҳасида лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш талаб этиладиган инвестиция лойиҳаларининг рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Фармацевтика саноатини ривожлантириш бўйича комиссия (кейинги ўринларда – Комиссия) 4-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.
Комиссия (С.Умурзаков):
2022 йил 31 январга қадар мазкур фармонга 2-иловада назарда тутилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш устидан ойлик мониторинг ўрнатиш ва уларнинг ўз вақтида ишга туширилишини таъминлаш чораларини белгиласин;
бир ой муддатда мазкур фармонга 3-иловада назарда тутилган истиқболли лойиҳаларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, молиялаштириш манбаларини аниқлаш ҳамда маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда уларни амалга оширишни ташкил қилиш бўйича аниқ чоралар ва масъулларни белгиласин;
инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда лойиҳа ташаббускорлари, шунингдек, манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштирсин;
лойиҳаларни амалга ошириш ҳолатини мунтазам равишда таҳлил қилиб, мавжуд муаммоли масалаларни ҳал этиш чораларини кўрсин ва натижалари юзасидан ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президентига лойиҳалар ва ҳудудлар кесимида ахборот киритиб борсин.
Комиссияга жаҳон бозорининг конъюнктураси ва ривожланиш тенденцияларидан келиб чиққан ҳолда, мазкур фармонга 2-3-иловаларда келтирилган инвестиция лойиҳалар рўйхатини мунтазам равишда янги лойиҳалари ҳисобига тўлдириб бориш, зарур ҳолларда, уларга ўзгартиришлар киритиш ваколати берилсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари:
фармацевтика соҳасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини шахсан назоратга олсин;
ҳар ойда лойиҳалар ташаббускорлари билан биргаликда ҳар бир лойиҳа амалга оширилишини муҳокама қилиб, уларни белгиланган муддатда ишга туширишда амалий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриб борсин.
3. 2022 йил 1 апрелдан фармацевтика маҳсулотлари харидларига ажратилиши режалаштирилган Давлат бюджети маблағлари миқдори доирасида маҳаллийлаштириладиган фармацевтика маҳсулотларини уч йил муддатга шартнома тузиш орқали кафолатли харид қилиш механизми жорий этилсин. Бунда:
кафолатли харид қилиш шартномаларини тузиш бўйича танловлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан биргаликда шакллантирилган аввал республика ҳудудида ишлаб чиқарилмаган, истиқболда маҳаллийлаштириладиган субстанциялар, дори воситаларининг халқаро патентланмаган номлари (бундай ном бўлмаган тақдирда, мансуб дори воситалари гуруҳ номлари), тиббий буюмлар ва тиббий техникалар рўйхати (кейинги ўринларда – фармацевтика маҳсулотлари рўйхати) доирасида амалга оширилади;
фармацевтика маҳсулотлари рўйхати Давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг интернет сайтларида жойлаштирилади ҳамда ҳар йили янгиланиб борилади;
кафолатли харид қилиш шартномаларини имзолаш учун ғолиблар очиқ танловлар орқали аниқланади ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу танловларда давлат буюртмачиси ва бенефициар мулкдори ҳисобланади;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотларга тузилаётган кафолатли харид қилиш шартномалар доирасида олдиндан бўнак тўловларини ўтказишга рухсат берилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Мусаев), Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (Кариев) Молия вазирлиги (Рахимова), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Воитов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Абдиназаров) билан биргаликда уч ой муддатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги буюртмасига асосан шаффоф танлов асосида фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотлар билан уч йил муддатга шартномалар тузиш орқали маҳсулотларни кафолатли харид қилиш механизми ва аниқ шартларини белгилаган ҳолда давлат харидлари тизимини жорий қилиш бўйича тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. Белгилансинки:
а) фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш йўналишида:
2022 йил 1 апрелдан маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқариладиган янги фармацевтика маҳсулотларини давлат рўйхатидан ўтказиш чекланмаган муддатга амалга оширилади, аввал берилган рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномалар, уларнинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг қўшимча ҳужжатлар талаб қилинмасдан 15 кун муддатда амал қилиши муддатсиз бўлган гувоҳномаларга алмаштириб берилади;
2022 йил 1 июлдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ваколатли ташкилот томонидан расмийлаштирилган “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)”га эга маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилган дори воситаларини ва “ISO:13485” сертификатига эга ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилган тиббий буюм ва тиббий техникани мажбурий сертификатлаштириш тартиби бекор қилинади. Бунда маҳаллий фармацевтика маҳсулотларининг талабларга мувофиқлиги постмаркетинг назорати ва ихтиёрий сертификатлаштириш орқали амалга оширилади;
“Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУКга Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ишлаб чиқарилган фармацевтика маҳсулотларини сертификатлаштириш учун қабул қилинган буюртмаларга кўра намуналар танлашни ҳудудлардаги сертификатлаштириш органлари экспертлари орқали амалга оширишга рухсат берилади;
б) фармацевтика соҳасидаги чекловларни камайтириш йўналишида:
донор қонини тўплаш ва унинг асосида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни хусусий тартибда амалга оширишга тақиқ;
дори воситаларининг клиник тадқиқотларини соғлом кўнгиллиларда ўтказишга чеклов;
халқаро брендлар асосида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда мавжуд қувватлардан тўлиқ фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида таркиби бир хил бўлган дори воситаларини бир ишлаб чиқарувчи томонидан турли савдо номлари остида ишлаб чиқаришга чекловлар бекор қилинади;
в) зарур амалиётлар (GxP) талабларини тизимли жорий этиш йўналишида:
2022 йил 1 апрелдан фармацевтика соҳасида янги ишлаб чиқарувчи корхоналар, улгуржи ва чакана савдо ташкилотлари мос равишда “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)”, “Зарур дистрибьюторлик амалиёти (GDP)” ва “Зарур фармацевтика (дорихона) амалиёти (GPP)” талабларига мувофиқ равишда ташкил этилади;
фармацевтика тармоғи ва республика соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотларни зарур амалиётлар (GxP) талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаш муддатлари 2024 йил 1 январгача узайтирилади;
2022 йил 1 февралдан маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг фармацевтика маҳсулотларини хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказиш харажатларининг 75 фоизи улар рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан сўнг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасидан қоплаб берилади;
2023 йил 1 январдан фармацевтика маҳсулотлари бўйича давлат харид танловларида фақатгина “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)” стандартлари асосида дори воситаларини, “ISO:13485” стандартлари асосида тиббий буюмлар ва тиббий техникани ишлаб чиқаришни ташкил этган ташкилотлар ва “Зарур дистрибьюторлик амалиёти (GDP)” стандартларини жорий этган улгуржи савдо ташкилотлари қатнашишига рухсат берилади.
5. Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, фармацевтика маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар, ихтисослашган илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган ҳамда фармацевтика маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи корхоналар томонидан дорихона ичида дори тайёрлаш мақсадида олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган технологик ва лаборатория ускуналари, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, фармацевтика ишлаб чиқариш бинолари учун “тоза хоналар”, сэндвич-панеллар ва вентиляция тизимлари, шунингдек, лаборатория ҳайвонларини боқиш, клиник-олди тадқиқотлар ва дори воситалари ишлаб чиқариш (шу жумладан, дорихона ичида тайёрлаш) учун ишлатиладиган хомашё ва материаллар, тиббиёт буюмлари ва қадоқлаш материаллари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича 2025 йил 1 январга қадар божхона божларидан озод қилинсин.
6. Тошкент вилояти ҳокимлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг:
Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерига (кейинги ўринларда – Кластер) туташ ҳудуддан қўшимча 80 гектар ер майдонини ажратиш ҳисобига Кластер ҳудудини кенгайтириш;
Кластер ҳудудини кенгайтириш учун ажратиладиган 80 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ер участкаларини саноат мақсадларига мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказиш;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 80 гектар ер майдонининг ер фонди тоифасини ўзгартиришда қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги компенсация тўловларини, истисно тариқасида ундирмаслик тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
Тошкент вилояти ҳокимлиги (Мирзаев) икки ой муддатда:
мазкур бандда кўрсатилган ер участкаларини контурларини белгилаган ҳолда амалдаги фойдаланувчилардан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда олиб қўйиш ва давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш;
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (Кариев), Кадастр агeнтлиги (Умаров) билан биргаликда ер участкасининг “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ривожлантириш дирекцияси давлат муассасасига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиш;
Қурилиш вазирлиги (Закиров), “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ (Мустафоев), “Ҳудудгазтаъминот” АЖ (Эшмуратов), “Ўзсувтаъминот” АЖ (Саифназаров) билан биргаликда янги ажратиладиган ҳудудларнинг батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш чораларини кўрсин.
7. “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ривожлантириш дирекцияси ва Кластер учун қўшимча ажратилган ер майдонида ўрнатилган тартибда ташкил этиладиган ишлаб чиқарувчи ташкилотларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 январдаги “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4574-сон қарори 7-бандининг “в” кичик банди ва 11-банди татбиқ этилсин.
8. Бош вазир ўринбосари С.У. Умурзаков, Молия вазирлиги (Ишметов), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Вафаев) ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Норқулов) икки ой муддатда маҳаллий фармацевтика ташкилотларининг республика ҳудудида биофармацевтика йўналишидаги дори воситаларини тўлиқ цикл асосида ишлаб чиқаришни ташкил этиш, субстанциялар ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштириш ва халқаро стандартлар жорий қилинишини жадаллаштириш доирасидаги лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида узоқ муддатли имтиёзли молиялаштириш манбаларини аниқлаштириш бўйича “Йўл харита”сини ишлаб чиқиб, амалга оширсин.
9. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Вафаев) Экспортни рағбатлантириш агентлиги орқали дори воситаларини “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)” талаблари асосида ишлаб чиқарувчи ташкилотларни қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги чораларини жорий этсин:
2025 йил 1 январга қадар фармацевтика маҳсулотларини барча мамлакатларга, шу жумладан, чегарадош қўшни давлатларга экспорт қилишда автомобиль ва темир йўл транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизигача, бироқ маҳсулотлар экспорт қийматининг (транспорт харажатларисиз) 5 фоизидан (автомобиль транспортида ташиш ҳолатида) ва 7 фоизидан (темир йўл транспортида ташиш ҳолатида) кўп бўлмаган миқдорда қоплашга субсидиялар тақдим этиш;
экспорт қилувчи фармацевтика ташкилотлари томонидан товарлар улар бўйича тўловларни кечиктириб тўлаш шарти билан экспорт қилинганда, уларнинг айланма маблағларини тўлдириш учун револьвер кредитларни молиялаштиришга тижорат банкларига фоизсиз молиявий ресурслар тақдим этиш. Бунда, ушбу ресурслар ҳисобидан кредитлар кечиктирилган муддатга ва экспорт қилинаётган маҳсулотлар қиймати миқдорида, бироқ 3 миллион АҚШ доллари эквивалентидан кўп бўлмаган миқдорда бир йилгача муддатда йиллик 4 фоизли ставка (банк маржаси) билан ажратилади.
Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси (С.Умурзаков) бир ой муддатда ушбу бандда назарда тутилган қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириш тартибини тасдиқласин.
10. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Воитов), Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (Кариев) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда ҳар бир инвестиция лойиҳасини муддатида ва сифатли амалга ошириш бўйича “йўл хариталари” ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши чораларини кўрсин.
11. 2022-2026 йилларда фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 6-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
13. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Мусаев) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
рецептсиз фармацевтика маҳсулотлари савдосини эркинлаштириш бўйича;
қонунчилик ҳужжатларига ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
14. Мазкур фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари С.У.Умурзаков ва соғлиқни сақлаш вазири Б.А.Мусаев белгилансин.
Фармон ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ