13.01.2022
Мудофаани бошқариш миллий марказида 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Хавфсизлик кенгаши аъзолари, Қуролли Кучларимизнинг қўмондонлик таркиби, ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Ҳар йили Ватан ҳимоячилари куни арафасида бундай йиғилиш ўтказиш яхши анъанага айланди. Бу йил эса Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг шонли 30 йиллиги нишонланмоқда. Давлатимиз раҳбари мажлис аввалида ушбу қутлуғ байрам билан барча ҳарбий хизматчилар ва соҳа фахрийларини табриклади.
Йиғилишда Қуролли Кучлар тизими ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2021 йилги фаолияти якунлари таҳлил қилиниб, галдаги устувор вазифалар белгиланди.
Охирги беш йилда ҳарбий қурилишнинг барча йўналишларида амалга оширилган комплекс чоралар натижасида миллий армиямизнинг қиёфаси ҳам, қўшинларнинг тайёргарлик даражаси ҳам ўзгарди. Ҳарбий қисм ва полигонлардаги инфратузилма, аскар ва офицерларнинг шароитлари яхшиланди. 2021 йилда халқаро армия ўйинларида ҳарбийларимиз фахрли иккинчи ўринни эгаллагани ҳам соҳадаги ривожланиш натижасидир.
Бу ишлар изчил давом эттирилиб, жанговар бўлинмалар имкониятлари кенгайтирилмоқда. Давлат чегаралари хавфсизлигини таъминлашнинг янги тизими амалиётга жорий қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбари йиғилишда аввало кадрлар тайёрлаш, илғор услубларни оммалаштириш масалаларига эътибор қаратди. Ҳарбий ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, Қуролли Кучлар Академиясини ҳарбий илм-фан даргоҳига айлантириш зарурлиги таъкидланди. Яқинда иш бошлаган Ҳарбий мерос ва замонавий тадқиқотлар институтини ҳарбий таълим ва илмий фаолият тизимига самарали интеграция қилиш топшириғи берилди.
Қуролли Кучларни замонавий қурол-яроғ ҳамда ҳарбий техника билан таъминлаш, мавжудларини модернизация қилиш ҳам ҳарбий қурилиш соҳасидаги энг устувор вазифалардан бўлиб қолади.
Ушбу мақсадлар ва замонавий таҳдидлар хусусиятидан келиб чиқиб, 2022-2026 йилларда Қуролли Кучларни янада ривожлантириш бўйича концептуал дастур қабул қилиш вазифаси қўйилди.
Қуролли Кучлар Бош штаби фаолиятини сифат жиҳатдан янги поғонага олиб чиқиш, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Жаҳон ахборот маконида кескин кураш кетаётган ҳозирги вазиятда ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ёшларни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, ҳарбий хизматчиларнинг психологик тайёргарлиги ва жанговар руҳини мустаҳкамлаш долзарблиги таъкидланди.
Қўмондонлик таркиби замонавий операцияларни режалаштириш, қўшинларни оқилона бошқариш, мавжуд куч ва воситаларни самарали қўллаш бўйича малакасини ошириши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Раҳбарлик ва қўмондонлик лавозимларига истиқболли кадрлар захирасини яратиш, уларни бу лавозимларга босқичма-босқич тайёрлаш ҳамда танлов асосида тайинлаш муҳимлиги қайд этилди.
Жанговар ҳаракатлар динамикаси ошиб бораётган ва янги усуллар пайдо бўлаётган ҳозирги шароитда муваффақият, кўп жиҳатдан, командир-сержант бошқарадиган кичик бўлинмалар ҳаракатига боғлиқ. Шу боис Қуролли Кучлар учун сержант-йўриқчиларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш вазифаси қўйилди.
Аҳоли мурожаатларини ижобий ҳал этиш, жойларда ижтимоий, муҳандислик ва коммуникация инфратузилмасини яхшилаш, бозорлар тўкинлиги ва нарх-наво барқарорлигини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
– Халқимизнинг хавфсизлиги, тинчлиги ва осойишталигини сақлаш бугун ҳам, келажакда ҳам энг устувор вазифамиз бўлиб қолади. Чунки фақатгина тинчлик-осойишталик мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожланишининг асосий кафолатидир. Янги – 2022 йил ҳамма соҳада, жумладан, Қуролли Кучлар тизимида ҳам ҳал қилувчи йил бўлиши шарт, – деди Президент.
Йиғилишда Хавфсизлик кенгаши аъзолари, ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарлари сўзга чиқди. Мамлакатимиз мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.