05.11.2021
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориСпорт-таълим муассасалари фаолияти ривожланишининг ўрта ва узоқ муддатли истиқболларини белгилаш, уларда олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича спортчилар захирасини тайёрлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, уларни бошқариш ва молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, моддий-техник ва ресурс имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида:
1.Қуйидагилар:
Спорт-таълим муассасалари фаолиятини 2025 йилгача ривожлантириш дастури 1-иловага мувофиқ;
Спорт-таълим муассасалари фаолиятини 2025 йилгача ривожлантириш дастурини 2021–2022 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ;
Спорт-таълим муассасалари фаолиятини 2025 йилгача ривожлантириш дастурининг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) 3-иловага мувофиқ;
2022-2025 йилларда олимпия ва паралимпия захиралари коллежлари объектларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг асосий параметрлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2.Белгилансинки:
а) спорт бино ва иншоотларида қурилиш-таъмирлаш ишлари фақатгина олдиндан ишлаб чиқилган техник-иқтисодий асосномага мувофиқ амалга оширилади;
б) олимпия ва паралимпия захиралари коллежларининг моддий-техника базасини янада яхшилаш учун Давлат бюджетидан 2022 йилдан бошлаб дастурлар тўлиқ бажарилгунга қадар ҳар йили қўшимча:
қурилиш-таъмирлаш ишларига – 50 миллиард сўм;
замонавий спорт жиҳозлари, технология воситалари, асбоб-ускуналар ва махсус спорт кийимлари билан таъминлашга – 10 миллиард сўм;
тиббиёт бўлимларини замонавий асбоб-ускуналар, дори-дармон ва тиклантирувчи воситалар билан жиҳозлашга – 10 миллиард сўм;
замонавий ўқув адабиётларини чоп этиш ва харид қилишга – 2 миллиард сўм маблағ ажратилади.
3.Қурилиш вазирлиги (Б.Закиров):
Туризм ва спорт вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ҳудудларда ўрганишлар олиб борган ҳолда, олимпия ва паралимпия захиралари коллежлари учун қўшимча қуриладиган замонавий ўқув, ётоқхона, ошхона, тиббиёт бинолари ва спорт иншоотларининг намунавий лойиҳаларини тасдиқласин. Бунда, уларнинг спорт иншоотларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратишни кўзда тутсин;
мазкур қарор асосида объектларнинг лойиҳаолди ва (ёки) лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилишида энг мақбул меъморий ҳамда техник ечимлар қўлланилишини, уларни инновацион технологияларга асосланган, арзон, энергия тежамкор ва тез барпо этиладиган енгил конструкция ва материаллардан қуриш, шинамлик ва экологик хавфсизлик талабларига мувофиқлигини таъминлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини комплекс экспертизадан ўтказишни таъминласин ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши устидан доимий давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.
4.Туризм ва спорт вазирлиги:
а) Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда:
икки ой муддатда олимпия ва паралимпия захиралари коллежларининг тиббиёт бўлимларида фойдаланиладиган замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари рўйхатини тасдиқласин;
2021-2022 йиллар давомида олимпия ва паралимпия захиралари коллежларининг тиббиёт бўлимларини модернизация қилиш, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда малакали мутахассисларни жалб қилиш чораларини кўрсин;
олимпия ва паралимпия захиралари коллежлари ўқувчиларининг ҳудудлардаги ихтисослаштирилган марказий шифохоналарга махсус контингент сифатида бириктирилишини таъминласин;
б) икки ой муддатда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан биргаликда спорт-таълим муассасалари томонидан республика ва жаҳон ахборот-ресурсларидан масофадан туриб фойдаланиш тизимини яратсин;
в) 2022 йил 1 январга қадар:
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти кутубхонасини спорт турлари, умумкасбий ва махсус фанлар бўйича 8 000 дона;
олимпия ва паралимпия захиралари коллежлари кутубхоналарини спорт турлари, умумкасбий ва махсус фанлар бўйича 7 000 дона;
бошқа спорт-таълим муассасаларининг кутубхоналарини спорт турлари бўйича 35 000 дона хорижий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.
Белгилансинки, спорт турлари, умумкасбий ва махсус фанлар бўйича хорижий адабиётларни харид қилиш ва таълим муассасаларига етказиб бериш билан боғлиқ 10 миллиард сўмлик харажатлар биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Туризм ва спорт вазирлигига 2021 йилда республика бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланади, келгуси йилларда ушбу муассасаларнинг кутубхона фондини бойитиб бориш уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
г) Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари бўлган спортчилар томонидан ташкил этилган нодавлат спорт-таълим муассасалари машғулотларини олиб бориш учун давлат тасарруфида бўлган зарур бино ва иншоотларнинг ижара тўловларисиз уларга тақдим этилишини таъминласин;
д) 2022 йил 1 апрелга қадар олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича спортчиларни тайёрлаётган нодавлат спорт-таълим муассасаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини киритсин;
е) ўз тизимидаги барча турдаги спорт бино ва иншоотларида турникет (лазер-датчикли) ва видео қайд қилиш мосламаларини ўрнатиш ишларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил
9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6165-сон Фармони доирасида туризм инфратузилмасини ривожлантириш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширсин.
5.Бош прокуратура (Н.Йўлдошев) Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири А.Абдухакимов билан биргаликда охирги 3 йилда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан:
қурилган, шу жумладан, реконструкция қилинган, мукаммал таъмирланган ва жиҳозланган спорт объектларини;
Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, спорт-таълим муассасалари, спорт федерация (ассоциация)лари ва бошқа давлат спорт ташкилотлари томонидан амалга оширилган харидлар ва хизматларни жойига чиққан ҳолда ўргансин.
Ўрганиш жараёнида сарфланган маблағлардан оқилона, тежамкор ва самарали фойдаланганлиги, тендер ва танловлар очиқ ва шаффоф ҳолда ўтказилганлиги, коррупцияга йўл қўйилмаганлиги, давлат харидларининг бошқа асосий принципларига тўлиқ риоя қилинганлигига қонуний баҳо берилсин.
6.Спорт-таълим муассасалари ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институтини жиҳозлаш ҳамда фаолиятини ташкил этиш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича Туризм ва спорт вазирлиги томонидан олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар, махсус транспорт воситалари, мультимедиа маҳсулотлари, тиббиёт тренажёрлари, адабиётлар, сунъий ҳамда табиий майдон қопламалари ва инвентарлар 2024 йил 1 октябрга қадар божхона божидан озод этилсин.
Давлат божхона қўмитаси мазкур бандга асосан хориждан олиб келинадиган товарлардан бошқа мақсадларда фойдаланилган тақдирда, имтиёзлар берилиши муносабати билан тўланмаган божхона божи суммаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган молиявий санкциялар қўлланилган ҳолда Давлат бюджетига ундирилишини таъминласин.
7.Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
Давлат бюджети, шунингдек, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахс, устав капиталининг 50 фоизи ва ундан ортиғи устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахс (кейинги ўринларда – давлат улуши мавжуд ташкилотлар) ҳисобидан молиялаштириладиган Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ва спорт федерация (ассоциация)ларининг даромадлари
ва харажатлари сметаси ҳар йили 1 декабргача Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади;
даромадлар ва харажатлар сметасида назарда тутилган маблағлардан ортиқча харажат қилишга ҳамда сметада кўзда тутилмаган харажатларни амалга оширишга йўл қўйилмайди;
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ва спорт федерация (ассоциация)лари давлат бюджети ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар ҳисобидан молиялаштириладиган харажатлари тўғрисидаги батафсил ҳисоботни
ҳар ой якуни билан кейинги ойнинг 5-санасига қадар Туризм ва спорт вазирлиги ва ўзларининг веб-сайтларида эълон қилиб боради. Бунда, харажатлар эълон қилинмаганда молиявий ҳуқуқбузарлик деб баҳоланади;
спорт мусобақаларини ўтказиш учун бюджет маблағлари фақат ҳар йили тасдиқланадиган спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаси асосида ажратиб борилади;
Давлат бюджети ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар ҳисобидан молиялаштириладиган Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ва спорт федерация (ассоциация)лари томонидан ўтказиладиган тўловлар Молия вазирлиги Ғазначилигида ва унинг ҳудудий бўлинмалари орқали амалга оширилади;
Давлат бюджети ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар ҳисобидан молиялаштириладиган спорт тадбирлари учун ажратиладиган маблағларнинг самарали ва мақсадли фойдаланилиши устидан доимий равишда давлат молиявий назорати органлари томонидан назорат ўрнатилади;
амалга оширилаётган харажатларнинг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш, харажатларнинг шаклланиши ва сарфланиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида барча турдаги харажатларҳар ойда мажбурий тарзда махсус спорт тизимини бошқариш платформасида эълон қилиб борилади.
8.Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳудудларда спорт турларини ривожлантириш бўйича ишларни самарали ташкил қилсин, ҳар йили спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаларига мувофиқ ҳудудий спорт мусобақаларини тўлиқ ҳажмда молиялаштириш ҳамда юқори савияда ўтказиш чораларини кўрсин.
9.Вазирлар Маҳкамаси (А.Арипов) уч ой муддатда:
а) Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтган ёзги ХХХII Олимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимиз фаолиятини тарғиб этиш тизимини жорий қилиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи Ҳукумат қарорини қабул қилсин:
мазкур спортчиларимиз таҳсил олган спорт-таълим ва олий таълим муассасалари, маҳаллаларда уларнинг ибратли фаолиятига бағишланган кўргазмалар ташкил қилиш;
кўргазмаларга ёшларни кенг жалб қилиш, уларда спорт руҳиятини юксалтириш, болалар ўртасида спорт тарбиясини кучайтириш;
тарғибот-ташвиқот ишларини мунтазам равишда ташкил этиш орқали ёшларни спортга, айниқса, олимпия ва паралимпия спорт турларига жалб қилиш;
б) Оксана Чусовитина ва Баҳодир Жалолов номларидаги спорт маҳорати мактабларини ташкил этиш ва улар учун барча зарур
шарт-шароитларни яратиб бериш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилсин;
в) спортда юксак натижаларга эришиб, спорт жароҳатлари олганлиги ёки спорт фаолиятини ёш кўрсаткичларига кўра тугатган юксак малакали спортчиларни кейинги фаолиятини давом эттириши учун касбга йўналтириш, уларни иш билан таъминлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилсин.
10.Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ажратилган маблағлар доирасида:
мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини ёритишга оид брифинглар, пресс-конференциялар, тематик телекўрсатувлар ташкил этсин;
Кинематография агентлиги билан биргаликда ёшларнинг спортга кириб келишидан бошлаб уларнинг юқори натижаларга эришиш йўли, нуфузли мусобақалардаги иштироки ва бугунги кундаги ҳаёти тўғрисида қисқа метражли бадиий ва ҳужжатли фильмлар, видеороликлар, махсус кўрсатувлар тайёрланишини ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда Ўзбекистон чемпионати (кубоги), мамлакатимизда ўтказиладиган нуфузли халқаро мусобақалар (турнирлар)нинг улар ўтказилишидан камида икки ой олдин тасдиқланган
медиа-режа асосида оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот қилинишини амалиётга жорий этсин.
11. Туризм ва спорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
12. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Р.М. Шаабдурахманов, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси М.М. Ташходжаев ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан ҳар ярим йилда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериб борилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ