06.10.2021
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармониЧет эл инвестицияларини кенг жалб қилган ҳолда фойдали қазилма конларини саноат усулида ўзлаштириш, замонавий усуллар ва технологиялар ёрдамида геология-қидирув ишларини рағбатлантириш ҳамда ер қаъридан фойдаланувчиларга солиқ солиш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида:
1. Белгилансинки, 2022 йил 1 январдан бошлаб муҳим тижорат салоҳиятига эга бўлган углеводородлар, қимматбаҳо, рангли, нодир ва радиоактив металлар ва бошқа турдаги рудали фойдали қазилмалар объектлари бўйича геологик ўрганиш ёки аввал ўрганилган ер қаъри участкасида қазиш ишлари учун ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини танлов савдоларига чиқаришнинг махсус тартиби ўрнатилади. Бунда:
сотув суммаси ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқи учун бонус суммаси сифатида қаралади ва танлов савдолари ташкилотчиларининг харажатларини чегирган ҳолда Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига ўтказилади;
танлов савдолари ташкилотчиси ёки танлов савдолари иштирокчилари қонунчиликда белгиланган тартибда фойдали қазилмаларни қазиб олишда (ажратиб олишда) айрим солиқ турлари бўйича солиқ ставкаларини оширилган миқдорда таклиф қилиш ҳуқуқига эга.
2. Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг 2022 йил 1 январдан бошлаб фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳуқуқи учун ундириладиган тижоратбоп топилма бонусини ҳамда фойдали қазилмаларни аниқлаш ва разведка қилиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун ундириладиган имзоли бонусни бекор қилиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин.
3. Белгилансинки, 2022 йил 1 январдан бошлаб:
а) геология-қидирув ва (ёки) изланиш ишлари ўтказиш учун ажратилган ер участкалари юридик шахслардан олинадиган ер солиғи солиш объекти ҳисобланмайди;
б) ажратилган майдон ва фойдали қазилма турларидан келиб чиқиб, қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган миқдорда ҳисоблаб чиқиладиган, геологик ўрганишлар учун ер қаъридан фойдаланганлик учун ҳар йиллик лицензия тўлови жорий қилинади;
в) геологик ўрганишлар учун ер қаъридан фойдаланганлик учун ҳар йиллик лицензия тўлови қуйидагиларга йўналтирилади:
70 фоизи – Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига;
15 фоизи – вилоят маҳаллий бюджетига;
15 фоизи – туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига.
4. Геология-қидирув ишларини амалга оширувчи юридик шахслар, шунингдек, улар томонидан жалб этиладиган пудрат ва ёрдамчи пудрат ташкилотлари қуйидагилардан озод этилсин:
конларни қидириш, аниқлаш ва ишлатиш даврида геологик қидирувни амалга ошириш учун зарур бўлган махсус техникаларни вақтинча олиб киришда даврий божхона тўловларидан;
конларни қидириш, аниқлаш ва ишлатиш бўйича ишларни бажариш учун зарур бўлган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, моддий-техника ресурслари ва махсус техникаларни импорт қилишда божхона божидан.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида углеводород конларини аниқлаш ва қидиришни амалга оширувчи маҳаллий корхоналарга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 28 апрелдаги “Нефть ва газ конларини разведка қилиш ҳамда уларни қазиб чиқаришга бевосита хорижий сармояларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПФ–2598-сон Фармонининг 4-банди учинчи хатбошисида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ қилинсин.
Белгилансинки, геология-қидирув ишларини амалга оширувчи юридик шахсларга қўшилган қиймат солиғи суммасини қоплаб бериш Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган тартибда, бироқ ариза берилган кундан бошлаб 30 кундан кечиктирмай амалга оширилади.
5. Белгилансинки, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб:
табиий газни экспортга реализация қилишда акциз солиғи ставкаси ноль фоиз миқдорида белгиланади;
юридик шахслар табиий газни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда божхона божидан озод қилинади.
6. Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси уч ой муддатда танлов савдолари ташкилотчиси ёки танлов савдолари иштирокчиларига айрим солиқ турлари бўйича оширилган солиқ ставкаларини таклиф қилиш ҳуқуқини берган ҳолда, танлов савдоларини ўтказиш ва танлов савдоларига қўйилаётган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқининг бошланғич қийматини аниқлашни инобатга олиб, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига рухсат бериш тартибини ушбу Фармонга мувофиқлаштирсин.
7. Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 декабрга қадар Вазирлар Маҳкамасига 2022 йил 1 январдан қуйидагиларни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини киритсин:
ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини нефть ва табиий газ бўйича 10 фоизгача, олтин ва мис учун 7 фоизгача, вольфрам учун 2,7 фоизгача ва уран учун 8 фоизгача камайтириш. Бунда углеводородлар, қимматбаҳо, рангли, нодир ва радиоактив металларни, шунингдек, маҳсулот тақсимотига оид битимлар (агар 2021 йил 1 сентябрга қадар кучга кирган битим ва шартномаларда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса) доирасида қазиб олишни амалга оширувчи давлат улушига эга корхоналар учун, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқнинг оширилган ставкалари белгиланиши мумкин;
ер қаъридан фойдаланувчиларнинг капитал харажатларини ҳисобга олган ҳолда янги конларда нефть, табиий газ, газ конденсати, қимматбаҳо, рангли, нодир ва радиоактив металларни қазиб олиш (ажратиб олиш)ни амалга оширувчи ер қаъридан фойдаланувчилар учун рента даромади солиғини жорий этиш;
янги нефть ва газ қудуқларини, саноат усулида фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб, дастлабки икки йил давомида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ тўлашдан озод қилиш, кейинги уч йилда ушбу солиқ учун белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизига камайтирилган ставкани қўллаш;
илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ва экспертларни жалб қилган ҳолда, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаш тартибини янада такомиллаштириш. Бунда, 2021 йил 1 январдан
31 декабргача бўлган даврда табиий газ, нефть ва айрим турдаги бошқа фойдали қазилмаларни қазиб олишда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблашда солиқ базаси уларни ташиш ҳамда қайта ишлаш билан боғлиқ харажатлар суммасига камайтирилиши белгилансин;
норуда фойдали қазилмалар учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини унификация қилиш;
рента даромади солиғини тўловчи чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга солиқ ҳисобини АҚШ долларида юритиш ҳуқуқини бериш.
8. Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси янги таҳрирдаги “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасида мазкур Фармондан келиб чиқадиган тартибларни назарда тутсин.
9. Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ