04.10.2021
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориАҳолига жарроҳлик ёрдамини кўрсатиш сифатини ошириш, ҳудудларда кам инвазив ва юқори технологик жарроҳлик амалиётларини кенг жорий қилиш, хирургия йўналишидаги тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, соҳада илм-фанни ривожлантириш мақсадида:
1. Хирургия хизматини трансформация қилишнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази (кейинги ўринларда – Хирургия маркази) – вилоят – туман (шаҳар) тиббиёт муассасалари ўртасида узвий боғлиқликни таъминлаш;
ҳудудлар ва туман (шаҳар) даражасида кам инвазив ва юқори технологик жарроҳлик амалиётларини кенг жорий этиш;
Хирургия марказида трансплантация амалиётларини хорижий мутахассислар билан ҳамкорликда кенг жорий этиш;
хирург, анестезиолог, реаниматолог, нефролог ва бошқа мутахассисларнинг салоҳиятини ошириш, уларни нуфузли хорижий тиббиёт муассасалари ва марказларида малака ошириши ва стажировка ўташини ташкил этиш, замонавий симуляцион марказда мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш;
хирургия йўналишида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, ходимларнинг илмий салоҳиятини ошириш;
аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида Хирургия маркази, унинг филиаллари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари хирургия, анестезиология-реанимация бўлимларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш.
2. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
а) болаларда туғма юрак нуқсонларини эндоваскуляр йўл билан даволашни кенг жорий этиш, уларни қисқа вақт ичида тўлиқ соғломлаштириб, ногиронликдан чиқариш мақсадида:
2021 йилда юрак нуқсонларини даволаш учун мўлжалланган 500 та тиббий буюм (окклюдер) харид қилишга Соғлиқни сақлаш вазирлигига ривожлантириш дастурлари учун ажратилган маблағлар доирасида вазирликка 10 миллиард сўм маблағ ажратиш;
2022 йилдан бошлаб эса эҳтиёждан келиб чиқиб ҳар йили ўртача 2 500 та окклюдер харид қилиш учун Давлат бюджети параметрларида зарур маблағларни назарда тутиш;
б) Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбаларидан тенг улушда:
2021 йилда Хирургия маркази филиалларини 1-иловага мувофиқ замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун 42,5 миллиард сўм маблағ ажратиш;
2022-2023 йилларда туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказларига бириктирилмаган 26 та туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг хирургия, анестезиология-реанимация бўлимларини 2-иловага мувофиқ замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун 71,4 миллиард сўм йўналтириш.
Белгилансинки:
мазкур тадбирлар учун маблағлар Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан, шунингдек, жойларда кам инвазив ва юқори технологик жарроҳлик амалиётларини жорий этиш натижасида тежаладиган маблағлар ҳамда халқаро молия институтларининг имтиёзли кредит ва грант маблағлари ҳисобига ажратилади;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг асосланган ҳисоб-китобларига кўра туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари хирургия, анестезиология-реанимация бўлимларини асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан тегишли маҳаллий бюджетларга қайтариш шарти билан бюджет ссудаси ажратилади.
3. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Хаджибаев):
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан биргаликда 2022-2023 йиллар давомида кам инвазив ва юқори технологик жарроҳлик амалиётлари кўлами оширилишини, шу жумладан, туман (шаҳар)ларда амалга ошириладиган амалиётлар тури 60 тадан 79 тага, ҳудудларда эса 130 тадан 168 тага оширилишини, Хирургия марказида юрак ва ўпка трансплантацияси жорий этилишини таъминласин;
Хирургия маркази (С.Исмаилов), Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (Д.Туляганов) ва Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази (Б.Даминов) томонидан 2022 йил якунига қадар барча ҳудудларда буйрак трансплантацияси амалиёти йўлга қўйилишини таъминласин;
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Хирургия маркази ва ҳудудий давлат тиббиёт муассасаларининг хорижий тилларни яхши биладиган ходимларини 2021-2022 йилларда хирургия соҳаси учун долзарб йўналишлар бўйича нуфузли хорижий тиббиёт муассасалари ва марказларига малака ошириш ва стажировка ўташ учун юбориш, шунингдек, Хирургия маркази фаолиятига етакчи хорижий мутахассисларни жалб этиш чораларини кўрсин.
Белгилаб қўйилсинки:
Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш бўйича ишчи гуруҳи (Б.Мусаев) мазкур бандга мувофиқ малака ошириш ва стажировка ўташ учун юбориладиган ходимларнинг шаффоф танлов асосида танлаб олинишини таъминлайди;
малака ошириш ва стажировка ўташ учун юбориладиган ходимларга Хирургия маркази билан тузиладиган шартнома шартларига мувофиқ Хирургия маркази ва ҳудудий давлат тиббиёт муассасаларида ишлаб бериш мажбурияти юклатилади.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ хорижий мутахассисларни давлат тиббиёт муассасаларига жалб этишда:
хорижий мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш шартномада келишилган шартларга мувофиқ амалга оширилади;
улар учун икки томонга авиачипталарни сотиб олиш харажатлари (узоқ муддатли меҳнат шартномалари тузилганда бир йилда икки мартадан ошмаган ҳолда) ҳамда республика меҳмонхоналарида яшаш харажатлари тегишли давлат тиббиёт муассасаси томонидан миллий валютада тўланади;
уларни жалб этиш ва моддий таъминоти бўйича харажатларни молиялаштириш манбаи бўлиб Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси маблағлари, тегишли давлат тиббиёт муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари, халқаро молия ва бошқа ташкилотлар, хорижий ҳукумат ташкилотларининг грантлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобланади.
5. Хирургия марказининг инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси соҳасида қўшимча вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
трансплантология соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга ошириш ҳамда инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш;
юқори технологик трансплантация амалиётларини амалга ошириш усулларини ўрганиш ва жорий этиш;
хорижий давлатларнинг мазкур соҳадаги илмий ташкилотлари, марказлари ҳамда экспертлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва биргаликда тадқиқотларни ташкил қилиш;
трансплантология йўналишида малакали илмий кадрларни тайёрлашга кўмаклашиш.
Хирургия марказида:
базавий молиялаштириш тизими асосида фаолият юритадиган Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси илмий лабораторияси;
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Тошкент тиббиёт академиясининг Хирургия ва трансплантология кафедраси ташкил этилсин.
Белгилансинки, Хирургия маркази ушбу кафедрада ўқитилаётган бакалаврлар, клиник ординаторлар ва магистрлар учун асосий клиник база ҳисобланади.
6. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Ш.Вафаев) Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда Хирургия марказини модернизация қилиш учун 11 миллион АҚШ доллари миқдорида халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағларини жалб қилиш чораларини кўрсин.
7. Хирургия хизматини 2021-2023 йилларда трансформация қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дастурда белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминласин ҳамда амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари бир ҳафта муддатда мазкур қарор талабларига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2022-2023 йилларда жарроҳлик ёрдамини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларида кўриб чиқилиши ва тасдиқланишини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига тақдим этилишини таъминласин.
9. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Хаджибаев) Молия вазирлиги (Т.Ишметов) билан биргаликда бир ой муддатда жарроҳлик амалиётининг мураккаблиги даражаси ҳамда самарадорлик кўрсаткичларига қараб тиббиёт ходимларига табақалаштирилган меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини жорий этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
10. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Хаджибаев) етакчи хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва бошқа давлат тиббиёт муассасалари раҳбарларини соғлиқни сақлаш соҳасида бошқарув (Healthcare Administration) йўналиши бўйича қисқа муддатли ўқув курсларида қайта тайёрлаш ҳамда малакасини оширишни йўлга қўйсин ва уларни мазкур курсларда ўқитиш юзасидан
режа-графикни тасдиқласин.
11. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов) Молия вазирлиги (Т.Ишметов) билан биргаликда 2022/2023 ўқув йилида соғлиқни сақлаш соҳаси учун 50 нафар менежер мутахассисларни магистрлик йўналиши (Master of Healthcare Administration) бўйича давлат гранти асосида Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер ва бошқа олий таълим ташкилотларида тайёрлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш чораларини кўрсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 4-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
13. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
14. Ушбу қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири А.М. Хаджибаев, унинг ўринбосарлари А.Ш. Иноятов ва У.Ю. Собиров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.
Қарорнинг ўз вақтида ва натижали ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н. Тўйчиев зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2022 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ