14.09.2021
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармониФуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни янада такомиллаштириш, айрим шартномаларни тузишда ўрнатилган сунъий чекловларни олиб ташлаш, шунингдек, шартномавий муносабатларда ахборот тизимларидан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
1. Адлия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг 2021 йил 1 декабрдан қуйидагиларни бекор қилиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин:
тижорат банкларига етказиб берилган маҳсулот (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) учун тўловларни учинчи шахслар ҳисобидан қабул қилишга қўйилган тақиқни;
давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг маҳсулотларни етказиб бериш (ишларни бажариш, хизматларни кўрсатиш) тўғрисида тузиладиган шартномаларида мажбурий равишда олдиндан тўловни белгилашга доир талабни;
қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчилари ва тайёрлов ташкилотлари ўртасида тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда авансни белгилашга доир талабни.
Таъкидлансинки, ушбу банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган олдиндан тўлов ва аванс шартнома тарафларининг келишувига мувофиқ белгиланади.
2. Жисмоний шахсларга қарз шартномаларини нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида ўзаро қарз бериш ва қайтариб олишга рухсат берилсин.
Адлия вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қарз шартномасини нотариал тасдиқлаганлик учун ҳамда қарз шартномасидан келиб чиқадиган пул суммасини ундириш бўйича ижро хатларини ёзиб берганлик учун ундириладиган давлат божи миқдорини икки баравар камайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра, 2022 йил 1 январдан:
а) суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн аукционда сотувга қўйилган мол-мулк уни сотишдан тушган пул маблағлари ҳисобидан аукцион ғолибига қарзларсиз ва тақиқлардан ечилган ҳолда топширилади. Бунда, мол-мулкни сотишдан тушган пул маблағлари етарли бўлмаганда қарздорликни тўлаш мажбурияти унинг собиқ эгаси – қарздор зиммасида қолади.
Аукцион ғолиби томонидан мулкни қабул қилиб олмасликнинг қуйидаги ҳолларида закалат пули аукцион ғолиби мурожаат қилган кундан бошлаб уч иш куни ичида қайтариб берилиши шарт:
аукционда сотилган мол-мулк аукцион объектининг кўрсатилган техник тавсифларига мос келмаса;
мол-мулк аукционда сотилгунга қадар учинчи шахсларнинг эгалигига ўтиб кетган бўлса ва бу ҳолат аукцион якунланганидан сўнг аниқланса;
б) шартноманинг тарафи иккинчи тарафдан шартнома бўйича мажбуриятларни тўла ёки қисман бажаришини қабул қилган ёхуд шартноманинг амал қилишини бошқача тарзда тасдиқлаганда, ушбу шартномани кейинчалик ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилишга, агар бундай талаб ҳалоллик принципига зид бўлса, ҳақли эмас;
в) хўжалик юритувчи субъектлар томонидан давлат харидлари билан боғлиқ тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда коррупцияга қарши қўшимча шартлар белгиланади.
Шартноманинг тарафи ва у томонидан жалб қилинган шахслар (ёрдамчи пудратчи ташкилотлар, агентлар ва тарафлар назорати остидаги бошқа шахслар) томонидан коррупцияга қарши қўшимча шартларга риоя этилмаганда, иккинчи тараф шартномани бир тарафлама тўхтатиб туришга, бекор қилишга ҳамда зарарни қоплаб беришни талаб қилишга ҳақли бўлади;
г) юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ ва божхона тўловлари бўйича қарздорлик тўланмаганда, солиқ ёки божхона органлари банкка тўловчининг ҳисобварақларидаги қарздорлик суммасига тенг миқдордаги пул маблағларини музлатиб қўйиш ва уларни ўттиз календарь кунидан сўнг ундириш тўғрисидаги фармойишни бу ҳақда тўловчини хабардор қилган ҳолда юборади.
Хабарнома олинган пайтдан бошлаб ўттиз календарь кун ичида тўловчи томонидан ушбу фармойиш устидан судга шикоят қилинган тақдирда, мижознинг ҳисобварағидан пул маблағларини чиқариш ёки чиқармаслик суднинг қарорига мувофиқ амалга оширилади;
д) коммунал соҳа, энергия билан таъминлаш, алоқа хизмати, йўловчи ва юкларни ташиш ва бошқа шу каби катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқилган оммавий шартномалар монополияга қарши курашиш органи билан келишилганидан сўнг истеъмолчилар билан тузилади.
4. Намунавий шартномаларни қонуности ҳужжатлар билан тасдиқлаш амалиёти бекор қилинсин, қонун билан тўғридан-тўғри тарафлар учун мажбурий бўлган намунавий шартномалар тасдиқланиши назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
5. Қуйидагилар:
Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларни тузиш ва мажбуриятларни бажаришдаги муносабатларни янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси 1-иловага мувофиқ;
Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар намуналарини ишлаб чиқиш бўйича “йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Марказий банк ва Савдо-саноат палатасининг электрон тижоратда электрон савдо майдончалари орқали маҳсулотлар олди-сотдиси амалга оширилаётганда ва бошқа соҳаларда битимлар тузишда эскроу тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
7. Фермер хўжаликлари ва тайёрлов ташкилотларига контрактация шартномаларини ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда тузиш ва рўйхатдан ўтказиш тавсия этилсин.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда контрактация шартномаларини ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда тузиш ва рўйхатдан ўтказиш учун зарур шарт-шароитларни яратсин.
8. Олий суд судлар томонидан шартномавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқишда ҳамда шартномалар шартларини шарҳлашда қонунчилик ҳужжатларини қўллаш бўйича суд амалиётини тизимли равишда, лекин камида ярим йилда бир марта, таҳлил қилсин ва натижаси юзасидан ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш учун судларга тегишли кўрсатмалар бериб борсин.
9. Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда коммунал соҳа ва бошқа шу каби соҳаларда аҳолига товарлар етказиб бериш ва хизматлар кўрсатишни амалга оширувчи давлат корхоналари икки ой муддатда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан шартномалар тузишда ахборот тизимларидан кенг фойдаланиш чора-тадбирларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
10. Молия вазирлиги давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида харид қилиш тартиб-таомиллари устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтириш мақсадида давлат буюртмачилари томонидан тузилган шартномалар реестрига:
тузилган шартномалар ҳамда уларга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қўшимча келишувлар бўйича барча ҳужжатлар ва ахборотлар;
шартноманинг амал қилиш муддати тугаганда, шартнома бажарилганда ёки у бекор бўлганда, давлат буюртмачиси томонидан шартноманинг бажарилиши юзасидан ҳисобот мажбурий равишда жойлаштириб борилишини таъминласин.
11. Монополияга қарши курашиш қўмитаси Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқилган оммавий шартномаларни истеъмолчиларнинг ҳуқуқларига риоя этилганлиги, тарафларнинг тенглиги тамойилларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан таҳлил қилсин ҳамда заруратга кўра оммавий шартномаларни қайтадан ишлаб чиқиш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
12. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан тузиладиган энергетика, кон-металлургия, алоқа соҳасидаги инвестиция шартномаси лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишиш босқичида етакчи халқаро консалтинг ва юридик компанияларни жалб қилиш ҳамда уларни молиялаштириш манбаларини аниқлаш бўйича таклифларни бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
13. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида ўқитиш бўйича шартномаларнинг ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда тузилиши амалиётини йўлга қўйсин.
14. Адлия вазирлиги:
Марказий банк билан биргаликда уч ой муддатда электрон тижоратни амалга оширишда эскроу тизимидан фойдаланиш қоидаларини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ахборот тизими орқали шартномаларни имзолаш, сақлаш ва жўнатиш бўйича хизматларни кўрсатиш соҳасига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш бўйича тадбирларни амалга оширсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонлари 3-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
16. Адлия вазирлиги:
а) Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси билан биргаликда икки ой муддатда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан шартномалар тузишда қўллаш учун тавсиявий характерга эга бўлган коррупцияга қарши қўшимча шартларни ишлаб чиқсин ва эълон қилсин;
б) уч ой муддатда шартномалар намуналарини “yurxizmat.uz” махсус ахборот порталига жойлаштирсин ва уларни қонунчиликка киритиладиган ўзгартиришлардан келиб чиқиб назорат ҳолатида юритсин;
в) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
икки ой муддатда намунавий шартномаларни тасдиқлаш тўғрисидаги қонуности ҳужжатларни хатловдан ўтказиб, ушбу фармонга номувофиқ бўлган қонуности ҳужжатларни ўзгартириш ёки бекор қилиш юзасидан тегишли таклифларни уларни қабул қилган органга киритсин;
уч ой муддатда қонунчиликка ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
17. Мазкур фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб адлия вазири Р.Қ.Давлетов белгилансин.
Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ