20.12.2021
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориЎзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 августдаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар ажратиш механизмини соддалаштириш, аҳолининг бандлигини ошириш, даромад манбаини кенгайтириш ва меҳнат фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида:
1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2022 йил давомида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари (кейинги ўринларда – дастурлар) доирасида:
а) лойиҳаларни молиялаштириш учун мақсадли жамғармалар ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг (кейинги ўринларда – жамғармалар) ресурслари тижорат банкларига йиллик 10 фоиз ставкада жойлаштирилади;
б) имтиёзли кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада:
оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига – 3 ойдан 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга;
чорвачилик (қорамол, қўй, эчки), балиқчилик ва паррандачилик (тухум йўналиши) учун – 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга;
боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарни харид қилиш учун – 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга;
“Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, “уста-шогирд” мактабларини ташкил этиш, уй-музейлар ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш учун – 3 йилгача муддатга ҳамда айланма маблағларини тўлдириш учун 18 ойгача муддатга ажратилади;
в) кредитлар маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчисининг (кейинги ўринларда – ҳоким ёрдамчиси) ўзига бириктирилган маҳаллада истиқомат қилаётган (жойлашган) қарз олувчига берадиган тавсияси асосида ажратилади;
г) чорвачиликни ривожлантириш йўналишида кредитлар устувор равишда камида 10 дан 50 бошгача четдан келтирилган наслли чорва молларини (қорамол, қўй, эчки) боқиш учун кичик фермаларни ташкил этишга берилади;
д) “етакчи” тадбиркорлик субъектларига деҳқон хўжаликлари ер майдонлари ва аҳоли томорқаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кооперация асосида етиштириш ва етиштирилган маҳсулотларни харид қилиш учун айланма маблағларни тўлдиришга кредитлар ажратилади.
2. “Агробанк” АТБ, АТ “Халқ банки” ва “Микрокредитбанк” АТБ (кейинги ўринларда – ваколатли тижорат банклари) 2022 йил 1 мартдан дастурлар бўйича кредитларнинг тўлиқ рақамлашган ҳолда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси (кейинги ўринларда – Ягона электрон платформа) орқали ажратилишини таъминласин. Бунда:
кредит олиш учун аризалар барча босқичларда онлайн тарзда кўриб чиқилади ва ҳар бир босқичда қабул қилинган қарор тўғрисида Ягона электрон платформа (СМС-хабарнома, электрон почта ёки шахсий кабинет) орқали маълумот бериб борилади;
кредит маблағларини ажратиш бўйича ҳужжатлар электрон кўринишда шакллантирилади ва масофадан имзоланади;
кредит олиш учун аризалар масофадан қарз олувчи томонидан мустақил равишда ёки тегишли маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан тақдим этилади;
Ягона электрон платформа орқали аҳолига ўзини ўзи банд қилиш учун кредитлар белгиланган мезонлар асосида скоринг баҳолаш натижаларига кўра, автоматлаштирилган ҳолда ажратилади;
ажратилган кредитлар ҳисобига товар ва хизматларни бозор тамойиллари асосида эркин сотиб олиш ёки сотиш Ягона электрон платформада яратилган “маркетплейс” тизими ёрдамида амалга оширилади;
ўз маҳсулот ва хизматларини сотиш бўйича таклифлар асбоб-ускуналар ва маҳсулотлар етказиб берувчи (иш бажарувчи) ташкилотлар (кейинги ўринларда – таъминотчилар) томонидан “маркетплейс” тизимида эркин жойлаштирилади;
таъминотчилар томонидан кўрсатилган хизматлар фойдаланувчилар томонидан баҳоланади ва уларнинг рейтинги автоматик равишда шакллантирилади;
таъминотчиларнинг ўз мажбуриятларини ўз вақтида ва сифатли бажариши юзасидан мониторинг туман (шаҳар) оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари томонидан амалга оширилади. Мониторинг натижаларига кўра, таъминотчиларнинг “маркетплейс” тизимидаги ўз хизматларини таклиф этиш имконияти даврий равишда ўрганиб чиқилади;
кредитлар қарз олувчига у томонидан мустақил танланган таъминотчи билан тузилган шартнома асосида келишилган нархда маҳсулот етказиб берилганидан (иш бажарилганидан) ва қарз олувчи томонидан қабул қилиб олингандан сўнг ҳамда ҳоким ёрдамчиси томонидан ўтказилган мониторинг натижасига кўра, қарз олувчини идентификациялаш орқали таъминотчига ўтказиб берилади;
ҳоким ёрдамчилари ўзига бириктирилган маҳаллаларда дастурлар доирасида ажратилган кредитлардан мақсадли фойдаланилишини ва уларнинг самарадорлигини мониторинг қилиб боради ҳамда кредитларнинг ўз вақтида қайтарилиши бўйича сектор раҳбарлари ва тижорат банклари билан биргаликда тегишли чораларни кўради.
3. Марказий банк Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:
бир ой муддатда Ягона электрон платформадан фойдаланиш, шу жумладан, кредитларни ажратиш, расмийлаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларнинг ўзаро электрон ҳамкорлигини тартибга солишни назарда тутувчи тегишли низом лойиҳасини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
2022 йил 1 февралга қадар Ягона электрон платформа Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, тижорат банклари ва бошқа тегишли ташкилотларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминласин.
4. Қишлоқ хўжалиги вазирлигига Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ҳунарманд”, “Ўзтўқимачиликсаноат”, “Ўзчармсаноат”, “Ўзбекбалиқсаноат”, “Паррандасаноат”, “Ўзбекистон асаларичилари”, “Лимон етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар” уюшмалари ва бошқа уюшмалар, тегишли идоралар билан биргаликда “маркетплейс” тизимида таъминотчи корхоналар ўртасида рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда таклиф этилаётган товар ва хизматларнинг муқобил нархда ва сифатли етказиб берилишини таъминлаш мақсадида мазкур тизимга таклифларнинг ишончли (намунали) таъминотчи корхоналар томонидан киритиб борилишини, асбоб-ускуналар ва кўрсатилаётган хизматлар тури ва қувватлари етарлича бўлишини таъминлаш тавсия этилсин.
5. Белгилансинки:
дастурлар доирасида кредитлар устувор равишда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга ўзини ўзи даромадли меҳнат билан банд қилиш ёки уларнинг доимий меҳнат билан бандлигини таъминлашга (иш ўринлари яратишга) қаратилган лойиҳаларга ажратилади;
“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга кредит ажратилиши уларни ушбу рўйхатдан чиқариш учун асос ҳисобланмайди ва фуқаролар мазкур дафтарлардан ҳоким ёрдамчиси, туман давлат солиқ инспекцияси ва тегишли сектор раҳбарлари томонидан фуқаронинг унга ажратилган кредит ҳисобига амалга оширган фаолиятидан доимий ва барқарор даромад манбаини шакллантирганини ўрганиш орқали бериладиган тавсия асосида чиқарилади;
дастурлар доирасида илгари ажратилган кредит маблағлари бўйича мавжуд қарздорлиги тўлиқ сўндирилмаган, шунингдек, аввал ажратилган кредитлардан мақсадсиз фойдаланган қарз олувчиларга ушбу дастурлар орқали янги кредит ажратилишига рухсат этилмайди.
6. Савдо-саноат палатасига тижорат банклари билан биргаликда туман ва шаҳарларда самарадорлиги юқори ва барқарор иш ўринлари яратишга қаратилган лойиҳалар бизнес-режаларини Ягона электрон платформага жойлаштириб бориш тавсия этилсин.
7. Давлат солиқ қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда дастурлар доирасида ишсиз фуқаронинг ўзига ажратилган кредит ҳисобига амалга оширган фаолиятидан доимий ва барқарор даромад манбаини шакллантирганини ўрганиш орқали қонунчиликда белгиланган тартибда ушбу фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилишини таъминласин.
8. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси дастурлар доирасида лойиҳаларни молиялаштириш учун:
а) икки ой муддатда “Агробанк” АТБга ажратилган 2,9 триллион сўм ва “Микрокредитбанк” АТБга ажратилган 1,3 триллион сўм миқдоридаги ресурсларни мазкур банкларнинг устав капиталини оширишга йўналтирсин. Бунда:
“Агробанк” АТБ ва “Микрокредитбанк” АТБнинг устав капиталини оширишга йўналтирилган маблағлар ҳисобидан чиқарилган акциялар тўғридан-тўғри Молия вазирлиги номига расмийлаштирилади;
Молия вазирлигининг мазкур банд доирасида тижорат банкларининг 50 фоиз ва ундан ортиқ акцияларига эгалик қилишга киришиши янгидан харид қилинган акцияларга эга бўлиш деб ҳисобланмайди;
б) ваколатли банкларга дастур координаторларининг тақсимотига мувофиқ 3,65 триллион сўм миқдордаги кредит ресурслари 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга ажратилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва тижорат банкларининг дастурлари доирасида Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш учун ажратилган ресурсларни мазкур Жамғармага қайтариш графикларини ушбу йўналишларга ажратилган кредитлар муддатига мос равишда узайтириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
10. 2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги лойиҳаларни молиялаштиришнинг манбалар ва ҳудудлар кесимидаги мақсадли параметрлари 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
Қуйидагиларга:
иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари С.М.Холхўжаев, Марказий банк раисининг ўринбосари А.А.Камалов, молия вазирининг ўринбосари Д.Ш.Султановга (кейинги ўринларда – Дастур координаторлари) – ҳақиқий эҳтиёждан ҳамда молиялаштириш таклиф этилаётган лойиҳаларнинг истиқболи ва қўшимча иш ўринлари яратишга йўналтирилганлигидан келиб чиққан ҳолда, ажратилаётган маблағларни ваколатли тижорат банклари ва вилоятлар кесимида тезкор қайта тақсимлаш;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказларига – дастурлар доирасида ҳудудга ажратилган маблағларни ҳар бир маҳаллада амалга оширилаётган лойиҳаларнинг истиқболи ва қўшимча иш ўринлари яратишга йўналтирилганлигидан келиб чиқиб, туман (шаҳар) ва маҳалла (овул) кесимида тақсимлаш ваколати берилсин.
11. Белгилансинки:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари тижорат банклари билан биргаликда дастурлар бўйича ажратилган кредитларнинг уларни сўндириш графигига мувофиқ белгиланган муддатларда қайтарилишига масъул ҳисобланади;
ҳудудларда ҳар ойлик кредитлаш ҳажмлари кредитларни сўндириш графиги ижросининг бажарилмаган миқдорига мос равишда камайтирилади.
12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
мазкур қарорга асосан ҳар бир ҳудудда чорвачилик учун ажратиладиган кредитларга мутаносиб равишда чорва моллари учун озуқабоп экинлар экишга мўлжалланган ер майдонларининг, шунингдек, уларни ўтлатишга мўлжалланган яйловларнинг мунтазам равишда очиқ электрон танловга чиқариб борилишини таъминласин;
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда келгуси икки йилда “Андижон тажрибаси” асосида барча маҳаллаларда тадбиркорлик субъектлари ва хонадонлар ўртасида иқтисодий кооперацияни кенгайтириш орқали аҳолининг бандлигини таъминлаш ва даромад манбаини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширсин.
Бунда, фуқаролар билан кооперация асосида фаолиятини ташкил этадиган “етакчи” тадбиркорлик субъектларига дастурлар доирасида кредитлар ажратилади, ушбу тадбиркорлик субъектлари билан кооперация асосида ишлаётган фуқароларга дастурлар доирасида кредит ажратишга йўл қўйилмайди.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ