09.12.2021
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармониАҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, ҳудудларда замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилишини жадаллаштириш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва аҳоли пунктларининг урбанизация жараёнларини ривожлантириш мақсадида:
1. Қурилиш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг туман (шаҳар) марказларига яқин ва уй-жойга талаб юқори бўлган ҳудудларда Фарғона вилояти Бағдод туманида барпо этилган “Мурувват” массиви намунаси асосида “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2022 йилда қуриладиган “Янги Ўзбекистон” массивларининг манзилли рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилансинки, “Янги Ўзбекистон” массивларида кўп қаватли уй-жойлар, муҳандислик-транспорт коммуникацияси, ижтимоий соҳа, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари комплекс тарзда қурилади. Бунда:
кўп қаватли уй-жойларнинг қурилиш ости ер участкалари тадбиркорлик субъектларига электрон онлайн-аукцион орқали ижара ҳуқуқи асосида реализация қилинади;
кўп қаватли уй-жойларга туташ ер участкалари уй-жой қуриб битказилганидан кейин маҳаллий ижроия ҳокимлик органининг тегишли қарори билан кўп қаватли уй-жой мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиб берилади;
массивларда ташкил этиладиган ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини қуриш учун ер участкалари тадбиркорлик субъектларига белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион орқали мулк ва ижара ҳуқуқлари асосида реализация қилинади;
электрон онлайн-аукционда ғолиб деб топилган тадбиркорлик субъектларига кўп қаватли уй-жойлар қурилиши учун “ССС” ва ундан юқори рейтингга эга бўлган қурилиш ташкилотларини жалб қилишга рухсат этилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 апрелдаги ПҚ–5087-сон қарорига мувофиқ халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига олис ва чекка ҳудудларда жойлашган ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқини электрон онлайн-аукционга қўйишда ер участкасининг бошланғич нархини 50 фоизгача камайтириш ваколати берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. “Янги Ўзбекистон” массивларида ташқи муҳандислик-транспорт коммуникациялари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини қуришда қуйидагилар:
а) буюртмачи этиб:
массивларнинг қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқиш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини бажариш, шунингдек, ижтимоий соҳа объектларини қуриш бўйича – тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари ҳамда “Янги Андижон” шаҳрида объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси” ДУК;
автомобиль йўлларини қуриш бўйича – Автомобиль йўллари қўмитаси;
иситиш қозонхоналари ва иссиқлик тармоқларини қуриш бўйича – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги;
ичимлик ва оқова сув таъминоти тармоқларини қуриш бўйича – “Ўзсувтаъминот” АЖ;
электр ва газ таъминоти тармоқларини қуриш бўйича – “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ;
алоқа тармоқларини қуриш бўйича – “Ўзбектелеком” АЖ белгилансин;
б) массивларни қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича бош лойиҳачи этиб “Қишлоққурилишлойиҳа” МЧЖ, “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДУК, “ТошуйжойЛИТИ” АЖ ва “ТошкентбошпланЛИТИ” ДУК белгилансин;
в) ташқи муҳандислик-транспорт коммуникациялари ҳамда ижтимоий соҳа объектлари қурилишини амалга оширувчи пудрат ташкилотлари давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ аниқлансин.
4. Белгилансинки, “Янги Ўзбекистон” массивларида қуйидаги ишлар:
массивларни қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқиш, ташқи автомобиль йўллари, ичимлик ва оқова сув таъминоти тармоқларини қуриш – Давлат бюджети маблағлари, ҳудудларда ташкил этиладиган тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармалари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан;
ташқи электр ва газ таъминоти тармоқларини қуриш – “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖларнинг ўз маблағлари ҳамда асосланган ҳисоб-китобларга кўра Давлат бюджетидан ажратиладиган қисқа муддатли фоизли ссудалар ҳисобидан;
кўп қаватли уй-жойларни қуриш – тадбиркорлик субъектларининг ўз маблағлари, тижорат банкларининг кредитлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан;
ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини бажариш – маҳаллий бюджет маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан;
ижтимоий соҳа объектлари (мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, тиббиёт пунктлари, иситиш қозонхоналари ва бошқалар)ни қуриш – Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади. Бунда, ижтимоий соҳа объектлари давлат-хусусий шериклик асосида қурилганда, ушбу ишлар давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ бажарилади.
5. Молия вазирлиги (Ишметов) 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида ўзлаштирилмаган 300 миллиард сўм миқдоридаги маблағларни тенг улушларда Молия вазирлиги ҳузуридаги Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси ҳисобрақамига ўтказсин.
6. Ушбу Фармоннинг 2-иловасида кўрсатилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган паст рентабелли 489 гектар ер майдонлари “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан тегишинча аҳоли пунктларининг ерлари ҳамда саноат мақсадларига мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилсин.
Белгилаб қўйилсинки:
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларинини мазкур Фармонга мувофиқ олиб қўйиш сабабли қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш бўйича компенсация тўловлари ундирилмайди;
ушбу ер участкаларидан мақсадли фойдаланилиши учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари шахсан жавобгар ҳисобланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари қисқариб кетишининг олдини олиш мақсадида 2023 йил 1 январга қадар ушбу Фармон билан тоифаси ўзгараётган суғориладиган ер участкалари майдонининг беш баравари миқдорида янги ерлар ўзлаштирилишини таъминласин. Бунда, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган янги ер участкалари Кадастр агентлиги томонидан белгиланган тартибда ҳисобга олинганидан сўнг ўзлаштирилган ҳисобланади.
Кадастр агентлиги (Умаров) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ходжаев) билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган янги ер участкалари ўз вақтида ва белгиланган миқдорда ўзлаштирилишини қатъий назорат қилсин.
7. Қурилиш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг “Янги Ўзбекистон” массивлари билан биргаликда олдинги йилларда барпо этилган массивларнинг бўш турган ер участкаларида ҳам уй-жойларни қуришни давом эттириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Вазирлар Маҳкамаси Қурилиш вазирлиги (Зокиров), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Бобоев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг таклифларига асосан бир ой муддатда олдинги йилларда барпо этилган массивларнинг бўш турган ер участкаларида ва уй-жойга талаб юқори бўлган бошқа ҳудудларда қуриладиган уй-жойларнинг манзилли рўйхатини ва қурилиш параметрларини тасдиқласин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тасдиқланган манзилли рўйхат асосида уй-жой қуриш учун ер участкаларининг белгиланган тартибда электрон онлайн-аукционга чиқарилишини таъминласин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларда қурилиш ишларини ташкил этишга “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК МЧЖ ҳамда “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК МЧЖларни жалб қилиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
9. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Воитов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда 2022 йилда “Янги Ўзбекистон” массивларига туташ ва яқин ҳудудларда ташкил этиладиган кичик саноат зоналари ва технопарклар рўйхатини тасдиқласин.
10. Қурилиш вазирлиги (Закиров):
а) 2022 йил 1 июнга қадар 2023-2026 йилларда қуриладиган “Янги Ўзбекистон” массивларининг манзилли рўйхатини шакллантирсин ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин;
б) бир ой муддатда:
“Янги Ўзбекистон” массивларида қуриш учун таклиф этиладиган кўп қаватли уй-жойларнинг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва лойиҳа ечимларини ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштирсин;
кўп қаватли уй-жойлар қурилишида энергия тежамкор материаллардан фойдаланишни назарда тутувчи талабларни ишлаб чиқсин ва уларнинг шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига киритилишини таъминласин;
шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига кўп қаватли уй-жойларнинг ертўлаларини фойдали майдон сифатида ишлатиш бўйича тегишли ўзгартириш киритилишини таъминласин;
в) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда кўп қаватли уй-жойларни лойиҳалаш ва қуришда белгиланган қурилиш нормалари ва қоидаларига, қурилиш-монтаж ва пардозлаш ишларини бажариш сифатига қатъий риоя этилиши бўйича ташкилий-техник тадбирлар амалга оширилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин;
г) тадбиркорлик субъектлари томонидан кўп қаватли уй-жойларни қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари қонунчиликда белгиланган муддатларда тайёрланиши, келишилиши ва қурилиш ишлари бошланишини таъминласин.
11. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (Хаджаев) ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (Кўчимов) Молия вазирлиги (Ишметов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Бобоев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда мазкур Фармоннинг мазмун ва моҳияти оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилишини таъминласин.
12. Қурилиш вазирлиги (Закиров) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Воитов) билан биргаликда бир ой муддатда уй-жой қурилиш кластерларини ташкил этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
13. Бош прокуратура (Юлдашев) “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилишида нархларнинг асоссиз оширилиши, рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилиши ҳамда тасдиқланган лойиҳаларнинг ўзбошимчалик билан ўзгартирилишига йўл қўймаслик устидан таъсирчан назорат ўрнатсин.
14. Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Д.К.Адиловга “Янги Ўзбекистон” массивларида қурилиш-монтаж ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, уларда маҳаллий замонавий қурилиш материаллари ва ускуналарини кенг қўллаш орқали уй-жойларнинг нархини пасайтириш ҳамда қурувчи ташкилотлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
15. Мазкур Фармоннинг ижросини ташкил қилишга масъул этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Ж.Раматов ва Ж.А.Қўчқоров, молия вазири Т.А.Ишметов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.
Фармоннинг ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳар чорак якуни бўйича ахборот бериб борилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ