23.11.2021
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармониҚорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида (кейинги ўринларда – Оролбўйи минтақаси) тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишни ва юқори қўшилган қийматли рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш орқали ҳудудга инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш, шунингдек, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш ҳамда тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича 2021 йил 20 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Хоразм вилояти ҳокимлигининг 2022 йил 1 январдан:
а) 2031 йил 1 январгача Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлик субъектлари учун:
фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, ижтимоий солиқ, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича ўрнатилган солиқ ставкаларини 1 фоиз этиб белгилаш;
мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган суммадан 1 фоиз миқдорида белгилаш;
б) 2025 йил 1 январгача Хоразм вилоятининг Тупроққалъа, Янгиариқ, Янгибозор туманларида янги ташкил этиладиган ва шу туманларда рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият кўрсатадиган тадбиркорлик субъектлари (кластерлар бундан мустасно) бўйича:
фойда солиғи, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаларини 50 фоизга камайтириш;
улар томонидан белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ўз ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) эҳтиёжлари учун олиб кириладиган хомашё, материалларни божхона божидан озод қилиш;
в) Хоразм вилоятида янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерларга, дарахтларнинг қатор ораларидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун фойдаланилишидан қатъи назар, юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлаш бўйича имтиёзли даврни беш йил этиб белгилаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
Молия вазирлиги икки ой муддатда мазкур банддан келиб чиқиб, Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 августдаги “Инвестиция лойиҳаларини ташқи инфратузилма билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5233-сон қарорига мувофиқ зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланадиган инвестиция лойиҳалари қиймати камида 50 миллиард сўм миқдорида белгилансин.
Бунда, ушбу тартиб бўйича 50 миллиард сўмдан 200 миллиард сўмгача бўлган инвестиция лойиҳаларининг ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар ушбу лойиҳалар қийматининг 20 фоизидан ошмаслиги лозим.
3. Молия вазирлиги (Т.Ишметов) Марказий банк (М.Нурмуратов) билан биргаликда Хоразм вилоятида ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан ортда қолаётган ва ишсизлик даражаси юқори бўлган 98 та маҳалла учун 2022-2026 йиллар давомида:
а) Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида:
“маҳаллабай” ишлаш тизимини жорий этиш мақсадида 200 миллиард сўм;
аҳолини тадбиркорликка ўқитиш ва жалб қилиш лойиҳаларини амалга оширадиган нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун 50 миллиард сўм миқдорида кредит ресурслари ажратилишини кўзда тутсин;
б) Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобидан инфратузилмани ривожлантириш учун 150 миллиард сўм маблағ ажратилишини таъминласин.
4. Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан 2022 йил 1 январдан 2027 йил 1 январгача Оролбўйи минтақасида фаолият юритаётган:
кичик тадбиркорлик субъектларига корхона қурилиши учун зарур бўлган асбоб-ускуна ва техникаларни республиканинг бошқа ҳудудларидан олиб келиш ҳамда улар томонидан ишлаб чиқарилган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни республиканинг бошқа ҳудудларига етказиб бериш билан боғлиқ темир йўл транспортида ташиш харажатларининг 50 фоиз қисмини қоплаб бериш;
маҳаллий экспортчилар томонидан ишлаб чиқарилган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни экспорт қилишда, уларнинг Каспий денгизигача ташиш билан боғлиқ транспорт харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартиби жорий этилсин.
Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси (С.Умурзаков) бир ой муддатда Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан Оролбўйи минтақасидаги тадбиркорлик субъектларининг юк ташиш харажатларини қоплаб бериш тартибини тасдиқласин.
5. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (А.Воитов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (К.Сариев), Хоразм вилояти ҳокимлиги (Ф.Эрманов), манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Қорақалпоғистон Республикасида 45 та ва Хоразм вилоятида 40 та янги кичик саноат зоналарини белгиланган тартибда ташкил этиш чораларини кўрсин.
6. Олий Мажлис Сенатига (Т.Нарбаева) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамда бошқа масъул вазирлик ва идора раҳбарларининг мазкур Фармон ижроси юзасидан ахборотларини эшитишни ташкил этиш (шу жумладан, жойига чиққан ҳолда) ҳамда амалга оширилаётган ишлар натижадорлигини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўриб бориш тавсия этилсин.
7. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси мазкур Фармоннинг мақсади, вазифалари ва ундан кутилаётган натижаларни оммавий ахборот воситалари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш ишларини ташкил қилсин.
8. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (С.Холхўжаев) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (А.Воитов), манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш
ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси К.Р. Сариев, Хоразм вилояти ҳокими Ф.У. Эрманов, инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Б. Воитов ҳамда иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари С.М. Холхўжаев белгилансин.
Фармон ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазирнинг ўринбосарлари С.У. Умурзаков ва Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ