11.12.2021
Қадрли ватандошлар!
Муҳтарам деҳқон ва фермерлар, аграр соҳа ходимлари!
Бугунги қутлуғ айём – Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан сизларни, бутун халқимизни чин қалбимдан муборакбод этаман.
Саховатли заминимизда гўзал ҳосил байрами нишонланаётган шу файзли дамларда янги Ўзбекистон равнақи ва аҳоли фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган, қадоқ қўли ва фидойи қалби билан элимизнинг ризқ-насибасини яратаётган, ўз ишининг устаси бўлган моҳир деҳқон ва фермерлар, боғбонлар, чорвадор ва пиллакорлар, сувчилар ва ирригаторлар, агроном ва механизаторлар, агрокластерларнинг раҳбарлари ва ишчи-ходимлари, деҳқон хўжалиги раҳбарлари, соҳанинг жонкуяр олимлари ҳамда мутахассисларига самимий миннатдорчилик билдираман.
Азиз дўстлар!
Кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқни кўзлаган ҳолда амалга ошираётган туб ислоҳотларимиз тизимда салмоқли натижаларга эришишда муҳим омил бўлмоқда.
Биз бу йўналишдаги ишларимизни изчил давом эттириб, мамлакатимизда қулай агробизнес муҳитини яратиш, бу борада инвестициявий жозибадорликни ошириш, соҳани саноатлаштириш масаласига устувор аҳамият қаратмоқдамиз.
Ўз навбатида, омилкор деҳқон ва фермерларимиз энг сўнгги илм-фан ютуқларини пухта ўрганган ҳолда, кўп йиллик бой билим ва тажрибалари билан соҳа тараққиёти учун азму шижоат кўрсатаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ҳаммамизга аёнки, деҳқончилик ер юзидаги энг шарафли, айни вақтда машаққатли касблардан биридир. Юртимиз қишлоқ хўжалик соҳаси бу йил ҳам турли қийинчиликларга дуч келганига барчамиз гувоҳмиз.
Аввало, дунё миқёсида давом этаётган пандемия таъсири, қолаверса, баҳорда ёғингарчиликнинг кам бўлгани, ёз чилласининг ўта иссиқ келиши, сув ресурсларининг ҳар йилгидан сезиларли даражада танқислиги деҳқонларимизнинг ирода ва матонатини яна бир бор синовдан ўтказди.
Лекин мавжуд муаммоларга қарамасдан, барча тармоқларда мўл ҳосил етиштириб, аввалги йилларга нисбатан юқори марраларга эришганингиз учун сиз, азизларга ҳар қанча таҳсин айтсак, арзийди.
Бу йил республикамиз бўйича 20 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот, 7,4 миллион тоннага яқин дон, 3,4 миллион тоннадан зиёд пахта хом ашёси, 23 минг тонна пилла, 2,6 миллион тонна гўшт, 11 миллион тоннадан ортиқ сут маҳсулотлари, 8,3 миллиард дона тухум, 400 минг тонна балиқ етиштирилгани йил бўйи туну кун қилинган машаққатли меҳнатнинг муносиб самарасидир.
Бу ҳақда гапирганда, ғалланинг ҳар гектаридан 95-100 центнердан ҳосил олган Марҳамат туманидаги “Сотволдиев Ҳошимжон”, Бувайда туманидаги “Исломжон Шукурулло”, Оҳангарон туманидаги “Нажмиддин Фахриддин файз”, Дўстлик туманидаги “Фарҳод”, Ромитан туманидаги “Кўҳна Бухоро”, Қарши туманидаги “Мўл ҳосил сифат”, Риштон туманидаги “Моҳинур файзли гавҳари”, Қумқўрғон туманидаги “Паданг”, Элликқалъа туманидаги “Сахтиён Азамати”, Тўрақўрғон туманидаги “Шоҳида бургути” каби фермер хўжаликларининг номларини мамнуният билан эътироф этамиз.
Аграр соҳанинг яна бир муҳим тармоғи – пахтачиликда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида жорий мавсумда ўтган йилга нисбатан 422 минг тонна кўп пахта хом ашёси етиштирилди. Ҳосилдорлик эса ўртача 6,3 центнерга ошгани айниқса эътиборлидир.
Бундай улкан хирмонни яратишга салмоқли ҳисса қўшган Қумқўрғон туманидаги “Термиз Жайҳун”, Дўстлик туманидаги “Сангзор-текстиль”, Зафаробод туманидаги “Жиззах кентекс”, Боёвут туманидаги “Боёвут текстиль кластер”, Қоракўл туманидаги “Қоракўл кумуш калава”, Ғиждувон туманидаги “Бухоро агро кластер”, Тўрақўрғон туманидаги “Наманган тўқимачи кластер”, Пахтачи туманидаги “Пахтачи кластер”, Оққўрғон туманидаги “Оққўрғон агро кластер”, Янгиариқ туманидаги “Янгиариқ текс”, Боғот туманидаги “Коботекс” каби пахта-тўқимачилик кластерлари, шунингдек, Жарқўрғон туманидаги “Хушбоқ бобо”, Шароф Рашидов туманидаги “Норқозоқ ота”, Юқори Чирчиқ туманидаги “Тангирберди ота”, Қўрғонтепа туманидаги “Савай кўрки”, Пешку туманидаги “Варахшо нурли замини”, Беруний туманидаги “Раҳматулла Чаман” фермер хўжаликлари ҳаммага намуна бўлганини миннатдорлик билан таъкидлаймиз.
Қадрли юртдошлар!
Бугунги кучли рақобат шароитида қишлоқ хўжалиги тизимида ҳам янгича ёндашув, инновациялар ва илғор ишланмаларни, интенсив ва ресурс тежайдиган технологияларни изчил татбиқ этишни замоннинг ўзи тақозо қилмоқда.
Кейинги пайтда бутун дунёда бўлгани каби минтақамизда ҳам юз бераётган иқлим ўзгаришлари, сув ресурсларининг тобора тақчил бўлиб бораётгани, экологик муаммолар соҳада илм-фан ва ишлаб чиқариш уйғунлигини таъминлаш нақадар долзарб эканини кўрсатмоқда.
Ана шу омилларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси соҳада ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва инновацион технологияларни қўллаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига сифатли маҳсулотлар етказиб бериш, экспорт географиясини кенгайтиришдек устувор масалаларда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларига асосланган, бошқарувнинг мутлақо замонавий шакли бўлган кластер тизими жорий этилаётгани амалда ўзини тўла оқламоқда. Ушбу инновацион тизим аграр соҳани ривожлантиришнинг муҳим воситасига, қишлоқ аҳолисининг кафолатли даромад манбаига айланиб бормоқда.
Ҳозирги вақтда юртимизда барча йўналишларда 651 та агрокластер фаолият юритиб, пахта ва ғалланинг 100 фоизи, мева-сабзавотнинг 40 фоизидан ортиғи айнан ана шундай корхоналар улушига тўғри келмоқда.
Агрокластерлар қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, соҳани саноатлаштириш, маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш, пировардида четга хом ашё эмас, қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулот экспорт қилиш, бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш каби асосий вазифаларни самарали амалга оширмоқда.
Натижада биргина пахтачиликда толани қайта ишлаш кўрсаткичи 2,5 бараварга ошди. Ҳосилнинг 100 фоизи мамлакатимизда қайта ишланиши туфайли ип-калава ишлаб чиқариш 2 бараварга, тайёр маҳсулот ҳажми 3 бараварга ортди. Бу борадаги йиллик экспорт миқдори қарийб 3 миллиард долларни ташкил қилди.
Ер қадрини биладиган, унинг ҳар қаричидан унумли фойдаланадиган, доимо изланиб, ноёб тажриба мактаби яратган кластер раҳбарлари, фермер ва деҳқонларимиз, шунингдек, мева-сабзавот, шоли, доривор гиёҳлар етиштириш, чорвачилик ва бошқа соҳаларда ҳам юқори натижаларни қўлга киритиб келаётгани ғоятда аҳамиятлидир.
Ҳурматли соҳа вакиллари!
Сизларга маълумки, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини ошириш, оборотдан чиққан экин майдонларини қайта фойдаланишга киритиш, лалми ерларни ўзлаштириш ишларига жиддий эътибор қаратилмоқда. 2020-2021 йилларда 369 минг гектар ер қайта фойдаланишга киритилди. Сув тежайдиган технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат томонидан субсидия ажратиш тизими йўлга қўйилди.
Шунингдек, янги иссиқхоналар ташкил этиш, озиқ-овқат маҳсулотлари таннархининг барқарорлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Хусусан, биргина 2021 йилнинг ўзида 797 гектар майдонда қиймати 2,3 триллион сўмлик 398 та замонавий иссиқхона ишга туширилиб, 11 мингдан ортиқ кишининг бандлиги таъминланди.
Буларнинг барчаси ички бозор эҳтиёжини қондириш билан бир қаторда, экспорт имкониятларини кенгайтириб, қишлоқ жойларида кўркам ва қулай бўлган савдо, логистика марказлари ва қайта ишлаш корхоналарини ривожлантирмоқда Хорижий мамлакатлар бозорларига янги истиқболли йўналишлар очилиб, қарийб 1,5 миллион тонна мева-сабзавот маҳсулотлари 65 та давлатга экспорт қилинди.
Бу ўринда, экспорт кўрсаткичларида ўтган йилга нисбатан дуккакли маҳсулотлар 122 фоизга, узум маҳсулотлари 142 фоизга, сабзавотлар 103 фоизга ҳамда ёнғоқ маҳсулотлари 1,8 баробарга ўсганини алоҳида қайд этиш лозим.
Айни пайтда, янги лойиҳалар устида ишлаш, бозор механизмлари тамойилларини кенг жорий этган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, хизмат кўрсатиш турларини кўпайтириш ва сифатини янада яхшилаш, малакали мутахассисларни тайёрлаш масалалари диққатимиз марказида бўлиши лозим. Ана шу талаб ва мезонлардан келиб чиққан ҳолда, соҳада кенг кўламли ислоҳотларни жорий этиш режалаштирилмоқда.
Жумладан, маҳсулот етиштириш таннархини 30-35 фоизга қисқартириш, ер унумдорлигини ошириш, деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 бараварга кўпайтириш, экспортбоп маҳсулотлар етиштиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, агросаноат корхоналарини хом ашё билан таъминлаш ва ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ўстириш, чорвачилик тармоқлари фаолиятини такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида бошқариш тизимига ўтиш келгусида ўзининг ижобий самарасини кўрсатади, албатта.
Олдимизда турган бундай масъулиятли вазифаларни бажаришда барчангиз елкама-елка туриб, бир тану бир жон бўлиб, бор малака ва тажрибангизни, куч-ғайрат ва салоҳиятингизни сафарбар этишингизга ишонаман.
Муҳтарам дўстларим, қадрдонларим!
Мир Алишер Навоий ҳазратларининг бободеҳқонларни улуғлаб, улар ерга уруғ сочиб, эл-юрт учун ризқ йўлини очадилар, деб айтган сўзларида теран ҳаётий маъно борлигини ҳаммамиз яхши биламиз.
Сизларни ушбу файзли ва шукуҳли айём билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга тинчлик ва фаровонлик тилайман.
Кириб келаётган янги – 2022 йилда ҳосилимиз янада мўл бўлсин!
Халқимиз, элимиз дастурхонидан тўкин-сочинлик ҳеч қачон аримасин!
Умрингиздан, меҳнатингиздан барака топинг, танти ва бағрикенг, яратувчан ва она заминни севиб ардоқлайдиган азизларим!
Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Республикаси Президенти