11.11.2021
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок этиш учун Истанбул шаҳрига келди.
Олий мартабали меҳмонни Туркиянинг расмий шахслари кутиб олди.
Ўзбекистон чуқур ўйланган, ҳар томонлама мувозанатли, аввало халқимиз учун манфаатли ташқи сиёсат юритмоқда. Барча шерик давлатлар ва халқаро тузилмалар билан ҳамкорликни кенгайтириб бормоқда.
Улардан бири – Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши. Бу ташкилот 2009 йилда тузилган. Мамлакатимиз унга 2019 йилда қўшилган. Кенгашнинг асосий мақсади қардош мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодиёт, транспорт, энергетика, туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришдир.
Ўхшаш тил ва бир дин, тарихий ва маданий ришталар асосида шаклланган бу ташкилот минтақавий ҳамкорликнинг самарали механизмига айланиб бормоқда. Ўзбекистоннинг қўшилгани унинг қамровини ҳам, салоҳиятини ҳам оширди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари кўп томонлама ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитди. Қисқа даврда давлатимиз раҳбари томонидан 20 дан ортиқ таклифлар илгари сурилди ва амалга оширилди.
Хусусан, 2019 йил октябрда Тошкентда Туркий тилли давлатлар Ишбилармонлар кенгаши мажлиси ҳамда Инвестиция форуми ўтказилди. 2020 йилда Хива шаҳрига “Туркий дунёнинг маданий пойтахти” мақоми берилди. Ёш тадбиркорлар форуми таъсиси этилиб, шу йил сентябрда Тошкентда унинг биринчи йиғилиши ўтказилди. Шунингдек, Кенгашга аъзо мамлакатларнинг ёшлар ва спорт масалаларига масъул вазирлари мажлиси ҳам бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Президенти доим алоҳида эътибор қаратиб келаётган транспорт ва божхона соҳасида тартиб-таомиллар рақамлаштирилмоқда. Масалан, мамлакатимизда Туркия ва Қозоғистон билан бошланғич лойиҳалар ишга туширилди. Тошкент, Андижон ва Термиздаги логистика марказларимиз Туркий Кенгаш доирасидаги “биродар портлар” тизимига қўшилди.
Давлатимиз раҳбари коронавирус пандемияси бўйича билдирган таклифлар ҳам долзарблигини кўрсатди. Кенгашга аъзо мамлакатлар доирасида ушбу касалликка қарши курашиш бўйича махсус мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузилди. Эпидемиологик вазиятни кузатиш, таҳлил қилиш ва прогнозлаштириш бўйича доимий фаолият юритадиган тизим йўлга қўйилди.
Шавкат Мирзиёев шерик давлатлар миқёсида туризмни ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бу соҳадаги ташаббуслар ҳам амалга ошмоқда. Жорий йил июнда Қўқон шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши туризм вазирлари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қўқон туркий дунёнинг илк туризм пойтахти, деб эълон қилинди. Мамлакатларимиздаги муқаддас қадамжолар бўйлаб “Табаррук зиёрат” лойиҳасини амалга ошириш бошланди.
Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Мусо ал-Хоразмий меросига бағишланган халқаро илмий конференциялар ўтказилди.
Барча туркий халқлар учун ардоқли бўлган шоир – Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот таъсис этилиши Президентимизнинг яна бир хайрли ташаббуси бўлди. Бу мукофот билан туркий давлатларда илм-фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган шахслар тақдирланади.
Ўзбекистон Президенти бу галги саммитда ҳам муҳим ташаббусларни билдириши кутилмоқда.
Саммитнинг асосий тадбирлари 12 ноябрга мўлжалланган. Давлатимиз раҳбари қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиши ҳам режалаштирилган.