12.10.2021
Президент Шавкат Мирзиёев Қоракўл туманидаги Хўжалар маҳалласида аҳолининг яшаш тарзи билан танишди.
Маҳалла Қоракўл тумани марказида жойлашган бўлиб, 2 минг 800 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Бу ерда кўплаб савдо шохобчалари, тўқимачилик корхоналари бор.
Давлатимиз раҳбари шу маҳаллада яшовчи Соҳиб Хўжамбердиев хонадонида меҳмон бўлди.
Оила бошлиғи тадбиркор. Турмуш ўртоғи Дилоромхон билан икки фарзандни тарбиялаб, вояга етказган. Улар маҳалладаги омилкор оилалардан. Томорқада ва кичик иссиқхонада полиз маҳсулотлари етиштирилади. Чорва ва парранда рўзғорга барака киритади.
Хонадон соҳиблари билан мамлакатимиздаги тинчлик, бугунги имкониятлар, ислоҳотлар натижаси ҳақида самимий суҳбат бўлди.
Маҳалла нуронийлари юртимизга қут-барака ва фаровонлик тилаб дуо қилди.