22.09.2021
Президент Шавкат Мирзиёев Хива гилам комбинати фаолияти билан танишди.
Илгари бу жой фойдаланилмай турган бино эди. 2020 йил сентябрда унинг ўрнида замонавий комбинат ташкил этилди. Бу йил август ойида лойиҳанинг иккинчи босқичи ишга туширилди.
Корхонага Германия, Бельгия, Австрия, Швейцария, Италия, Франция ва Туркиядан энергия тежовчи ускуналар келтириб ўрнатилган. Бу ерда полипропилен ип, гилам ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Улар АҚШ, Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистонга экспорт қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбари корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнини ва шоу-румни кўздан кечирди.
Комбинатда 250 та иш ўрни яратилган. 2022 йилда учинчи босқич - акрил толасидан калава тайёрлаш лойиҳаси амалга оширилади. Натижада ишлаб чиқариш қуввати йилига 2,2 миллион квадрат метрга етади. Маҳсулотнинг 45 фоизи чет элга сотилиши, йиллик экспорт 5 миллион доллардан ошиши кутилмоқда.
Президентимиз маҳсулот турларини кўпайтириш, бошқа туманларда ҳам шундай корхоналар ташкил этиш юзасидан топшириқлар берилди.
Шу билан Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига сафари якунига етди.