21.09.2021
Ҳурматли раис Абдулла Шаҳид жаноблари!
Муҳтарам Бош котиб Антониу Гутерриш жаноблари!
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Хонимлар ва жаноблар!
Авваламбор, Aнтониу Гутерриш жанобларини Бош котиб лавозимига қайта сайлангани билан самимий қутлайман.
Бугун инсоният ўз тараққиёт йўлининг туб бурилиш даврини бошидан кечирмоқда, халқаро муносабатларнинг табиати кескин ўзгармоқда.
Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга трансмиллий таҳдидлар тобора кучаймоқда, иқлим жадал ўзгармоқда, оммавий миграция оқимлари кўпаймоқда, анъанавий қадриятлар завол топмоқда.
Ишончим комилки, бундай мураккаб шароитда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмаларининг дунё миқёсидаги аҳамияти ва ўрни тобора ортиб бормоқда.
Жаҳон тақдири билан боғлиқ ушбу муҳим жараёнларда aйнан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг етакчилик ролини янги мазмун ва сифат билан давом эттириши зарур.
Биз Бош котибнинг халқаро муносабатлар тизимида ҳамжиҳатлик ва бирдамликни мустаҳкамлаш, ташкилот фаолиятининг самарадорлигини ва шаффофлигини оширишга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз.
Ҳурматли сессия иштирокчилари!
Бугун глобал офатга айланган COVID-19 пандемияси ва унинг нафақат ижтимоий-иқтисодий, балки маънавий-сиёсий оқибатлари диққат марказимизда турибди.
Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмаслик, ҳамма учун ва барча жойда”, деган тамойил асосида вакциналардан тенг ва адолатли фойдаланиш имкониятини яратишга доир ёндашувини тўлиқ маъқуллаймиз.
Фурсатдан фойдаланиб, COVAX глобал платформаси доирасида бизга кўрсатилаётган амалий ёрдам учун хорижий ҳамкорларимизга алоҳида ташаккур изҳор этаман.
Биз пандемияларга қарши самарали курашда, вакцинация натижаларини халқаро миқёсда тан олиш жараёнларида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мувофиқлаштирувчи ролини янада кучайтириш тарафдоримиз.
Ўзбекистон Республикасининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва Бош Ассамблеянинг расмий ҳужжати сифатида тарқатилган Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги Кодекс бизнинг бу борадаги амалий ҳиссамиздир.
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ва жадал демократик ислоҳотлар бугунги кунда ортга қайтмас тус олди.
Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш демократик ислоҳотларимизнинг асосини ташкил этмоқда.
Сўз ва оммавий ахборот воситалари, дин ва виждон эркинлигини, гендер тенгликни, миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида қатъий қадамлар ташланмоқда.
Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзо этиб сайланди.
Биз бошлаган ислоҳотлар йўлимизни изчил давом эттириш мақсадида Янги Ўзбекистон стратегиясини ишлаб чиқдик.
Ушбу Стратегиянинг бош ғояси фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, камбағалликни камайтириш, ҳар бир кишини кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш ҳамда барқарор экологик ривожланишга эришишдан иборатдир.
Асосий мақсадимиз – 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар миқдори бўйича “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киришдир.
Бу режамиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш мақсадлари руҳига уйғун эканини таъкидлаш лозим.
Шу маънода, пандемиядан кейинги даврда жаҳон иқтисодиётини қайта тиклаш муаммоларини ўрганиш, камбағалликни қисқартириш бўйича илғор тажрибаларни ҳаётга тадбиқ этишга бағишланган Халқаро конференцияни Тошкентда ўтказишни таклиф этамиз.
Маълумки, глобал ҳаракатларга ёшларни жалб этиш бўйича Бутунжаҳон конференцияси мамлакатимизда муваффақиятли ўтказилди.
Ушбу йўналишдаги қатъий саъй-ҳаракатларимизни изчил давом эттириш мақсадида Ўзбекистонда – қадимий Самарқанд шаҳрида мунтазам ўтказилаётган Инсон ҳуқуқлари мулоқотлари доирасида Глобал таълим форумини ташкил этамиз.
Қадрли дўстлар!
Биз Марказий Осиё минтақасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳурмат, яқин қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги мутлақо янги сиёсий муҳитни мустаҳкамлаб бормоқдамиз.
Бизнинг асосий мақсадимиз – Марказий Осиёни фаровон ва барқарор ривожланаётган, ишонч ва дўстлик маконига айлантиришдир.
Бунинг учун биз қўшни ва ёндош минтақалар билан ўзаро алоқаларни кучайтиришга устувор аҳамият қаратмоқдамиз.
Бу йўналишда Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини илгари сурдик.
Афғонистон Марказий Осиёнинг узвий қисми эканини яна бир бор таъкидламоқчиман.
Бу давлатда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишидан нафақат биз, қўшни мамлакатлар, балки бутун дунё манфаатдордир.
Шу боис, биз афғон халқига ҳамиша қўлдан келган ёрдамни кўрсатмоқдамиз.
Яқинда ўзбек-афғон чегарасини очиб, ушбу мамлакатга бирламчи зарур бўлган озиқ-овқат, нефть маҳсулотлари ва электр энергияси етказиб беришни қайта тикладик.
Ҳозирги қийин даврда Афғонистонни яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмас.
Маълумки, биз ўтган йили ушбу олий минбардан туриб, БМТ ҳузурида Афғонистон бўйича доимий фаолият юритадиган қўмита ташкил этиш таклифини билдирган эдик.
Афғон масаласида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъсири ва овози ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ янграши лозим.
Дунёда хавф-хатар ва зиддиятлар, трансмиллий таҳдидлар тобора ортиб бораётгани халқаро ҳамкорликни янада кучайтиришни тақозо қилмоқда.
Шу йил ноябрь ойида Тошкентда БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегияси Марказий Осиё учун режасининг ўн йиллик натижалари ва истиқболларига бағишланган Халқаро конференция ўтказилиши ушбу эзгу мақсадларга хизмат қилиши шубҳасиз.
Мазкур тадбир доирасида БМТнинг гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан 2022-2025 йилларга мўлжалланган Марказий Осиё мамлакатлари учун минтақавий дастур имзоланиши бу йўналишдаги ишларга катта замин яратади.
Биз бу борадаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттирган ҳолда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мазкур Бошқармаси иштирокида Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларини қамраб оладиган Гиёҳвандликка қарши умумий Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ниятидамиз.
Ҳурматли сессия иштирокчилари!
Ўзбекистон иқлим ўзгаришларига қарши кураш, атроф-муҳит ва био хилма-хилликни муҳофаза қилиш масалаларига жиддий эътибор қаратиб келмоқда.
Бу нафақат бугунги, балки келажак авлодлар олдидаги эзгу инсоний бурчимиздир.
Фурсатдан фойдаланиб, шу йил май ойида БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияси қабул қилингани учун аъзо давлатларга чуқур миннатдорчилик изҳор этаман.
Биз Париж битимининг мақсадларига эришишга қатъий қарор қилганмиз.
Қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширмоқдамиз.
Жумладан, 2030 йилга қадар иқтисодиётимизнинг энергия самарадорлигини 2 баробарга ошириш, қайта тикланадиган энергия улушини 25 фоизга етказиш, экологик тоза транспортни ривожлантириш кўзда тутилмоқда.
2025 йилга қадар умумий қуввати 2900 мега-ваттга тенг бўлган янги қуёш ва шамол электр станцияларини фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.
Биз 2022 йилда Оролбўйи ҳудудида, яъни Нукус шаҳрида «яшил» энергетика бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда юқори даражадаги халқаро Форум ўтказишни режалаштирмоқдамиз.
Био хилма-хиллик бўйича Глобал ҳадли дастурнинг яқин истиқболда қабул қилинишини қўллаб-қувватлаймиз.
Бундан ташқари, келгусида Био хилма-хиллик Конвенцияси иштирокчиларининг йиғилишларидан бирини мамлакатимизда қабул қилишга тайёрмиз.
Шу билан бирга, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шаф́елигида глобал экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида 2023 йили Ўзбекистонда Атроф-муҳит бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юқори даражадаги Олтинчи Ассамблеясини ўтказишни таклиф қиламиз.
Ассамблея иштирокчилари Орол денгизининг қуриши натижасида юзага келган экологик офат маркази бўлган Оролбўйи минтақасидаги оғир вазият билан бевосита танишиш ва зарур хулосалар чиқариш имкониятига эга бўладилар.
Бундан ташқари, Ассамблеяда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология Хартиясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурмоқчимиз.
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Ўзбекистон дунёнинг барча давлатлари ва глобал ташкилотлар билан ўзаро манфаатли, узоқ муддатли ва кўпқиррали шерикликни ривожлантиришга доимо тайёр.
Ишонаманки, хавфсиз ҳамда барқарор ўсиш, фаровон келажакни барпо этишга қаратилган яқин ҳамкорликни бундан кейин ҳам кучайтириб бораверамиз.
Эътиборингиз учун ташаккур.