31.08.2021
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқиАссалому алайкум, қадрли ватандошлар!
Муҳтарам меҳмонлар!
Хонимлар ва жаноблар!
Бугун юртимизда улуғ байрам, катта тантана. Кўпмиллатли Ўзбекистон халқи жонажон Ватанимиз истиқлолининг шонли ўттиз йиллик тўйини зўр шоду хуррамлик билан нишонламоқда.
“Янги Ўзбекистон” деб ном олган мана шу муаззам боғда биз бугун биринчи марта Мустақиллик байрамини ўтказмоқдамиз.
Шу муносабат билан сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни чин қалбимдан табриклаб, ўзимнинг самимий ва энг эзгу тилакларимни билдираман.
Азиз дўстлар!
Барчамизга аёнки, эл-юртимиз асрлар давомида озод ва эркин ҳаётни, адолатли жамиятни орзу қилиб яшади. Бу муқаддас мақсад йўлида жон олиб, жон бериб курашди, машаққатли синовларни мардона енгиб ўтди.
Халқимиз қалбидаги ҳуррият сари эзгу интилишни ҳеч қандай босқин, зулм ва зўравонликлар йўқота олмади. Бунга кўҳна тарихимизнинг ўзи гувоҳ.
1991 йил 31 август куни мамлакатимиз ҳаёти ва тақдирида туб бурилиш ясаган, том маънодаги буюк тарихий воқеа юз берди. Неча юз йиллар давомида келажакка катта умид ва ишонч билан қараб, ҳамиша сабр-матонат билан яшаган халқимиз улуғ орзусига эришди – ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритди.
Бугунги қутлуғ айёмда барчамиз, бутун халқимиз Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилиб, тарихимизнинг энг мураккаб ва оғир даврларида давлатимизни бошқарган Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримов номини, у кишининг бевосита раҳбарлигида, халқимизнинг матонати ва жасорати билан амалга оширилган улкан ишларни эсга олишимиз табиийдир.
Истиқлол йилларида юртимизда янги давлат ва жамият қуриш йўлида муҳим ишлар бажарилди. Қисқа муддатда мамлакатимиз Конституцияси ишлаб чиқилди. Замонавий давлатчилик асослари, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари шаклланди.
Мамлакатимиз мустақиллиги ва суверенитетини, сарҳадларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган Қуролли Кучлар барпо этилди.
Миллий валютамиз – сўм жорий қилинди, олтин-валюта захираларимиз шакллантирилди. Қадимий тарихимиз, бой маданий меросимиз, миллий-диний қадриятларимиз, ўзлигимиз тикланди.
Мухтасар айтганда, кўпни кўрган халқимиз ўзининг мустаҳкам иродаси ва матонати, беқиёс салоҳиятини намоён этиб, тарихан қисқа фурсат ичида улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди.
Ватанимиз жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади.
Мана шундай буюк тарихий жараёнларда фаол иштирок этиш насиб қилганидан кўпчилик ватандошларим қатори мен ҳам бахтиёрман.
Ҳурматли тантана қатнашчилари!
Биз бугун халқчил ва демократик тамойилларга асосланган янги Ўзбекистон давлатини, эркин фуқаролик жамиятини барпо этмоқдамиз. Шу мақсадда аввало бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга энг муҳим вазифа сифатида устувор аҳамият қаратмоқдамиз.
Бугун дунёда ва минтақамизда, чегараларимизда кескинлик, турли таҳдид ва хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда бу масаланинг қандай беқиёс аҳамиятга эга эканини ҳаммамиз яхши тушунамиз.
Давлат ва жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш, мамлакатни модернизация қилиш, бу жараёнда парламент ва сиёсий партияларнинг ролини, жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жадал амалга оширилмоқда. Демократиянинг асосий талаби бўлган инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, сўз ва виждон эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда.
Республикамизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди. Кўп йиллардан буён жиддий муаммо бўлиб келган мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фуқаролик масаласи бўйича чақириғига жавобан 2020 йилнинг ўзида 50 мингдан ортиқ юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилди.
Маълумки, мустақил ва кучли суд ҳокимияти инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонунийликни қарор топтиришнинг асосий шартидир. Бу йўналишдаги устувор вазифаларга доир 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ҳозирги вақтда улар асосида жиддий амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ана шундай хайрли ишларимизнинг мантиқий давоми сифатида мен куни кеча Мустақиллик байрами муносабати билан яна бир муҳим фармонга имзо чекдим. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 215 нафар шахс афв этилиб, ўз оиласи ва яқинлари бағрига қайтиш имконига эга бўлди.
Ўзбекистон Республикаси тарихда илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланди. Бу эса ушбу йўналишдаги ислоҳотларимиз халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганининг яққол тасдиғидир.
Муҳтарам юртдошлар!
Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, ўтган беш йиллик вақт барчамиз, бутун мамлакатимиз, халқимиз учун кескин синовлар даври бўлди. Айниқса, 2020 йили бошланган коронавирус пандемияси ва шу сабабли келиб чиққан иқтисодий инқироз глобал дунёнинг ажралмас қисми сифатида Ўзбекистон учун ҳам жиддий муаммоларни юзага келтирди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хулосасига кўра, пандемия Иккинчи жаҳон урушидан кейин дунё миқёсида юз берган энг улкан синовдир.
Ёдингизда бўлса, биз пандемия бошланган илк кунларда бу қийинчиликлардан янада тобланиб, кучли ва қудратли бўлиб чиқишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эдик. Яратганнинг инояти, эл-юртимизнинг аҳиллиги ва фидокорона меҳнати билан бу машаққатли синовларни мардона енгиб ўтмоқдамиз.
Мамлакатимизда олиб борилаётган жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар юртимизда янги даврни – янги Ўзбекистон даврини бошлаб берди.
Бугун юртимизда тарихан қисқа фурсатда бутунлай янгича сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-маърифий ва маданий муҳит пайдо бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор.
Халқаро валюта жамғармаси ва нуфузли рейтинг агентликлари таҳлилларига кўра, ҳозирги қийин ва мураккаб шароитда Ўзбекистон жаҳоннинг саноқли мамлакатлари қаторида молиявий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш, ишлаб чиқариш тармоқларини тиклаш ва иқтисодий фаолликни оширишга эришиб келмоқда.
Мана, яқинда Америка Қўшма Штатларининг “J.P.Morgan” инвестиция банки томонидан эълон қилинган “Ўзбекистон: юксалиш йўли” номли таҳлилий ҳисоботда ҳам айни шу фикрлар баён этилган.
Шу ўринда иқтисодиётимиздаги таркибий ислоҳотлар ва асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳақида айрим маълумотларни келтириб ўтишни зарур, деб биламан.
2017-2020 йилларда мамлакатимизнинг иқтисодий ўсиш даражаси 18,3 фоизни ташкил этиб, ялпи ички маҳсулот 60 миллиард долларга етди. Бу ҳақда гапирганда, ташқи савдо айланмаси 2016 йилдаги 24 миллиард доллардан 2020 йилда 36 миллиард долларга кўпайганини таъкидлаш лозим. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 369 триллион сўмни ташкил қилиб, 2016 йилга нисбатан 23,4 фоизга ўсди. Натижада саноат маҳсулотларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 19,5 фоиздан 27,4 фоизга кўтарилди.
Иқтисодий соҳани, жумладан, божхона тартибларини либераллаштириш туфайли 2020 йилда экспорт ҳажми 15,1 миллиард долларни ташкил қилиб, 2016 йилга нисбатан 25 фоизга ўсди.
Ислоҳотларимиз самарасининг турли халқаро рейтингларда тан олиниши мамлакатимиз учун халқаро молия бозорларига чиқиш имкониятини яратди. Жумладан, жорий йилда 635 миллион долларлик ва 2,5 триллион сўмлик давлат еврооблигациялари, Ипотека банкининг 785 миллиард сўмлик ва “Ўзавтомоторс” акциядорлик жамиятининг 300 миллион долларлик корпоратив облигациялари чет эл инвесторларига сотилди.
Сармоядорларнинг мамлакатимиз иқтисодиётига бўлган ишончини кескин оширишга муваффақ бўлдик. Инвестицияларнинг умумий ҳажми қисқа муддатда 2,1 мартага, шу жумладан, хорижий инвестициялар ҳажми 3 баробарга яқин ўсгани ҳам бунинг исботидир.
Ўтган уч йил мобайнида солиқ соҳасида янги тизим жорий этилди. Солиқлар сони сезиларли даражада камайтирилди, айланма маблағдан олинадиган солиқлар бекор қилинди. Қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилиб, ушбу солиқ занжирининг яхлит тизими яратилди.
2017-2020 йилларда банкларимиз капиталини 5,7 баробар ёки 5 миллиард долларгача оширишга эришдик.
Электроэнергетика, нефть-газ, коммунал соҳаларда амалга оширилган таркибий ўзгаришлар натижасида давлат бошқаруви ва хўжалик функциялари бир-биридан ажратилди, рақобат муҳитини яратиш учун муҳим қадамлар ташланди.
Айни пайтда янги-янги инфратузилма тармоқлари барпо этилди. Минглаб километр узунликдаги янги йўллар, электр ва газ тармоқлари қурилди ва таъмирланди.
Жамоат транспорти изчил ривожланмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрида 2 та янги метро станцияси ҳамда қарийб 12 километрлик ер усти метро линияси фойдаланишга топширилди.
“Сергели” йўналиши бўйича 6,2 километрлик қурилиш ишлари якунланди.
Айни пайтда Ўзбекистонда кўплаб йирик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шулар қаторида яқинда Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг қиймати 2 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишига тамал тоши қўйилганидан барчангиз хабардорсиз.
Куни кеча Навоий вилоятининг Кармана туманида 110 миллион доллар инвестиция ҳисобидан ишга туширилган қуёш электр станцияси Ўзбекистон энергетика тизимида биринчи улкан қадам бўлди.
Айни пайтда “Навоийазот” акциядорлик жамиятида иккита янги завод – азот кислотаси ҳамда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилди. Умумий қиймати 1,5 миллиард доллар бўлган ушбу лойиҳалар эвазига “Навоийазот”да маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 3 баробарга ошади.
Бундай муҳим воқеалар миллий саноатимиз тарихида янги давр бошланаётганидан далолат беради.
Юртимизда кичик ва хусусий бизнес субъектлари икки баробар кўпайиб, соҳада 1 миллион 400 мингта янги иш ўрни яратилди. Бу корхоналарнинг ярмидан кўпроғи кейинги уч йилда ташкил этилгани алоҳида аҳамиятга эга.
Тадбиркорлик фаолиятини эркинлаштириш мақсадида 16 та қонун, 100 дан зиёд қарор қабул қилинди. Ўтган бир йил давомида лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди ҳамда уларни бериш муддатлари қисқартирилди. Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида барча текширувлар учун мораторий эълон қилинди.
Шунингдек, ўзини ўзи иш билан банд қилган аҳоли учун қулай шароит яратиш натижасида бир йилда 500 минг нафар фуқаро рўйхатдан ўтиб, фаолиятини қонуний асосда йўлга қўйди.
Тадбиркорлик соҳасидаги мана шундай ёндашув натижасида Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш” халқаро рейтингида Ўзбекистон беш йил ичида 141-ўриндан 69-ўринга кўтарилди. Албатта, бу жиддий кўрсаткич, аммо у ҳали бизни қониқтирмайди. Шунинг учун биз ушбу йўналишдаги ишларимизни изчил давом эттирамиз.
Хабарингиз бор, яқинда тадбиркорлар билан янги форматдаги учрашув ўтказдик. Унда мамлакатимиз бўйича 10 мингдан зиёд ишбилармонлар қатнашди. Очиқ мулоқотга тайёргарлик доирасида 15 мингдан ортиқ таклиф ва ташаббуслар атрофлича ўрганилиб, тадбиркорлар кўтарган масалалар бўйича амалий чоралар белгиланди.
Биз миллий иқтисодиётимизда ҳақиқий бозор муносабатларини жорий этиш, шу асосда мамлакатимизни тараққий эттириш учун тадбиркорларга бундан буён ҳам барча шароитларни яратиб берамиз. Нега деганда, тадбиркор – иқтисодиётнинг, ислоҳотларимизнинг асосий таянчи ва локомотивидир.
Мана шу ҳақиқатни ҳеч ким унутмаслиги керак.
Бугунги кунда замонавий иқтисодиётнинг энг истиқболли соҳаси бўлган ахборот-коммуникация технологиялари мамлакатимизда кенг жорий этилмоқда. Шу мақсадда ўнлаб IT-парклар, кичик саноат зоналари, соҳа учун мутахассислар тайёрлайдиган ўқув масканлари, иқтидорли компьютер дастурчилари учун махсус лойиҳалар ташкил этилмоқда.
Аҳолимизнинг катта қисми яшайдиган қишлоқ жойларини ривожлантириш ва обод қилиш, аграр соҳанинг самарадорлиги ва рақобатдошлигини ошириш, тармоқда янги иш ўринлари яратиш масаласи доимий эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда.
Биз қишлоқ хўжалигида нархлар шаклланишига давлат аралашувини бекор қилдик, пахта ва ғалла етиштиришда давлат буюртмаси тугатилди. 122 та пахта-тўқимачилик кластери фаолияти йўлга қўйилиб, юқори ҳосил олишга эришилди. Қишлоқ хўжалигини молиялаш тизими қайта кўриб чиқилмоқда.
Биз ҳудудларни тармоқлар билан бирга комплекс ривожлантириш бўйича янги тизимни жорий этдик. Бунинг натижасида ҳудудларнинг молиявий имкониятлари кенгайиб, 2021 йилнинг ўзида маҳаллий дастурлар учун қўшимча 3 триллион сўм маблағ шакллантириш имконияти пайдо бўлди.
Бугун ишонч билан айта оламизки, Ўзбекистон учун глобал инқирознинг оғир дамлари ортда қолмоқда.
Иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиш суръатини аҳолининг реал ялпи даромади 2016 йилга нисбатан 28 фоизга ўсганида ҳам кўриш мумкин.
Ҳозирги кунда номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи 2,7 миллион сўмни ташкил қилиб, 2016 йилга нисбатан 2,1 баробарга оширилди.
Мана, яқинда қабул қилинган Фармонга биноан, мамлакатимизда 1 сентябрдан иш ҳақи, пенсиялар, стипендия ва нафақалар миқдорини яна оширдик.
Биз бундан буён ҳам аҳолимизнинг даромади ва турмуш даражасини мунтазам яхшилаб боришга жиддий аҳамият қаратамиз.
Юртимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг ўзига хос янги тизими яратилганидан барчангиз яхши хабардорсиз. “Темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “меҳр дафтари”, “маҳаллабай” ишлаш усуллари айнан шу мақсадда жорий этилмоқда.
Ислоҳотлар доирасида қабул қилинган йирик дастурлар жамиятимизда ижтимоий муҳитни яхшилаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Биргина “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини оладиган бўлсак, жорий йилнинг ўзида жами 8 мингга яқин қишлоқ ва маҳаллада умумий қиймати 20 триллион сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётгани, ўйлайманки, кўп нарсадан далолат беради.
Бу ишларнинг барчаси “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” деган эзгу даъват асосида амалга оширилмоқда.
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласи ҳам биз учун устувор вазифа бўлиб келмоқда. 2017-2020 йиллар давомида 140 мингдан зиёд арзон ва сифатли уй-жойлар бунёд этилди. Ушбу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан қарийб 11 баробар ошди. Республикамизда ипотека тизими изчил ривожланмоқда.
Шуни таъкидлаш зарурки, юртимизда илгари ҳеч қачон бундай катта кўламдаги қурилиш ишлари амалга оширилмаган.
Оғир турмуш шароитида яшаётган оилаларнинг уй-жой бўйича бошланғич бадаллари давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилмоқда. Бу йўналишдаги ишларимиз давом эттирилади, шу йилнинг ўзида яна 50 мингга яқин оила уй-жой билан таъминланади.
Қадрли дўстлар!
Давлат ва жамият тараққиёти, халқ фаровонлигини таъминлашда соғлиқни сақлаш, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва санъат, спорт соҳалари ҳал қилувчи ўрин тутишини ҳаммамиз яхши тушунамиз.
Бугунги кунда юртимизда тиббиёт соҳаси, унинг фаолият мазмуни тубдан ўзгармоқда, десак, янглишмаган бўламиз. Аввало, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати ва самарадорлиги, соғлом турмуш тарзи янги босқичга кўтарилди. Кўп тармоқли поликлиника ва касалхоналарнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланмоқда.
Тез тиббий ёрдам тизими замон талаблари асосида қайта ташкил этилиб, молиявий таъминоти кучайтирилди.
2016 йилда мавжуд бўлган 800 та “Тез ёрдам” шохобчасининг сони бугунга келиб 1 минг 666 тага етказилди. Тез тиббий ёрдам бригадалари сони эса 1 минг 648 тадан 2 минг 685 тага кўпайтирилди.
Маълумки, илгари кўплаб юртдошларимиз мураккаб тиббий операцияларни ўтказиш учун чет элларга боришга мажбур эди. Кейинги йилларда тиббиёт соҳасини ривожлантиришга оид ислоҳотлар натижасида бундай амалиётлар энди ўзимизда ҳам муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Республикамиз аҳолисига ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатаётган марказлар сони 2016 йилда 10 тани, уларнинг ҳудудий филиаллари эса атиги 2 тани ташкил этарди. Бугунги кунда бундай марказларнинг сони 20 тага етказилди, жойларда эса 124 та филиал фаолияти йўлга қўйилди. Бу ишни давом эттириб, жорий йилда яна қўшимча 48 та ҳудудий филиал ташкил этилади.
Ҳаммангиз кўриб турибсиз, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни ўз вақтида бошлаб, тўғри йўл танлаганимиз учун кутилмаган пандемия қаршисида саросимага тушиб қолмадик. Халқимизнинг соғлиғи ва ҳаётини асраш мақсадида зудлик билан барча тадбирларни ишлаб чиқдик. Жумладан, коронавирусга қарши курашиш учун махсус тиббий марказлар ташкил этилди. Дори-дармон ва ҳимоя воситаларининг захираси шакллантирилди.
Ҳудудларда ишга туширилган 60 та кислород станцияси тегишли шифохоналарни кислород билан узлуксиз таъминлашга хизмат қилмоқда. Мамлакатимизда вакцина ишлаб чиқариш бўйича амалий ишлар бошланди.
2021 йил учун давлат бюджетида 3 триллион сўм захира шакллантирилиб, аҳоли соғлиғини сақлаш ва коронавирусга қарши эмлаш чораларини кўряпмиз.
Халқимизни тезкор ва самарадор, сифатли тиббий ёрдам билан таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилади.
Азиз ватандошлар!
Атоқли маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган ҳикматли сўзларини мен қайта-қайта такрорлашдан чарчамайман.
Кейинги йилларда масалага мана шундай ёндашув бизнинг ушбу соҳадаги фаолиятимиз мезонига айланди. Чиндан ҳам, агар биз таълимни ўзгартирсак, таълим инсонни ўзгартиради. Инсон ўзгарса – бутун жамиятимиз ўзгаради.
Шу боис биз узлуксиз таълимни такомиллаштириш, фарзандларимизни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, юқори малакали педагог кадрлар тайёрлашни тубдан яхшилашга алоҳида аҳамият қаратмоқдамиз.
Таълим-тарбиянинг бошланғич бўғини бўлган мактабгача таълим тизимидаги ўзгаришлардан ҳаммангиз яхши хабардорсиз. Соҳада ягона давлат сиёсатини юритиш мақсадида Мактабгача таълим вазирлигини ташкил этдик.
2017 йили юртимизда 5 минг 211 та боғча фаолият юритган бўлса, жорий йилда бу рақам – тасаввур қилинг – 19 минг 316 тага етди. Давлат-хусусий шериклик механизмлари ҳамда оилавий боғчаларнинг жорий этилиши, бир қатор имтиёзлар берилиши туфайли 13 мингдан зиёд нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу ислоҳотлар натижасида биз мактабгача таълимга қамров даражасини 62 фоизга, 6 ёшдаги болалар ўртасида эса 77 фоизга етказишга эришдик.
Янги турдаги таълим масканлари, хусусан, Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Биргина 2020 йилни оладиган бўлсак, юртимизда математика фани бўйича 56 та, кимё-биология фани бўйича 28 та, информатика ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича 14 та ана шундай мактаблар ташкил этилди.
Таълим соҳасида янгича ёндашувлар фаол жорий этилмоқда. Ўзингиз айтинг, бундан тўрт-беш йил олдин республикамизда хусусий мактаб ёки боғча бўлишини тасаввур қилиш мумкинмиди?
Биз бу соҳада жаҳон тажрибасини ўрганиб, янги тартиб-қоидаларни, замонавий таълим усулларини жорий этмоқдамиз. Жумладан, хусусий мактаб очиш учун лицензия олиш тартиби соддалаштирилди. Нодавлат таълим масканлари давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани туфайли ҳозирги вақтда уларнинг сони 195 тага етди.
Буларнинг барчаси ўз ижобий натижасини бермоқда. Буни 2017-2020 йилларда ўқувчиларимиз нуфузли халқаро фан олимпиадаларида 30 та медални қўлга киритгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Ёшларни талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш учун ўтган ўқув йилида 339 та касб-ҳунар мактаби, 194 та коллеж ва 195 та техникум фаолияти йўлга қўйилди.
Бугунги кунда ислоҳотларимиз талаби, ҳаётнинг ўзи олий таълим соҳасини жадал ривожлантиришни тақозо этмоқда. Шу боис юртимизда сўнгги 5 йилда 64 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилди. Қабул квотаси 3 баробар оширилди.
Эндиликда битирувчи ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан – шунга эътибор беринг – 28 фоизга етказилди. Яқин келгусида ушбу кўрсаткични 50-60 фоизга етказиш мўлжалланмоқда.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, авваламбор, ёшларни қўллаб-қувватлаш доимий эътиборимиз марказида турибди. Шу мақсадда жорий йилда ногиронлиги бўлган ёшлар учун – 3 минг 155 та, “Меҳрибонлик” уйлари ва Болалар шаҳарчалари битирувчилари учун – 1 минг 580 та, кам таъминланган оилаларга мансуб хотин-қизлар учун – 2 мингта қўшимча қабул квоталари давлат гранти сифатида ажратилди.
Бугунги кунда янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, ватанпарвар ёшларимиз жаҳон майдонларида турли соҳа ва йўналишларда юксак марраларни эгалламоқда.
Мана, яқинда Японияда бўлиб ўтган ХХХII ёзги Олимпия ўйинларида моҳир спортчиларимиз ғолиб ва совриндор бўлиб, барчамизни қувонтирдилар.
Айни кунларда Токиода ёзги Паралимпия ўйинлари қизғин давом этмоқда. Унда иштирок этаётган Ўзбекистон жамоаси аъзолари бугунги кунга қадар 5 та олтин, 4 та кумуш, 6 та бронза медалларини қўлга киритиб, ўзларининг тенгсиз матонатини намоён этмоқдалар.
Юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган мана шу жасоратли ўғил-қизларимизга янги муваффақиятлар ёр бўлишини тилаймиз.
Ҳурматли дўстлар!
Бугун мустақиллигимизнинг биринчи йилида туғилган болалар ўттиз ёшга – айни камолот ёшига етди. Мен мана шу навқирон ёшларимизга, азиз ўғил-қизларимга мурожаат қилиб айтмоқчиман.
Сиз истиқлол фарзандлари, озод ва эркин, ҳур фикрли инсонлар сифатида ҳаётга дадил кириб келаётганингиз биз учун энг катта бахт, катта давлатдир.
Мен ишонаман, сизлар замонавий билим ва тараққиёт чўққиларини пухта эгаллаб, биз бошлаган ишларни муносиб давом эттирасиз.
Юксак ғайрат-шижоатингиз ва фидокорона меҳнатингиз билан юртимизда Янги Ўзбекистонни – Учинчи Ренессансни бунёд этишга албатта қодир бўласиз.
Ҳеч қачон бўш келманг, азиз фарзандларим! Сизларга ҳамиша бахт ва омад ёр бўлсин!
Муҳтарам ватандошлар!
Ҳаммангиз гувоҳи бўлиб турибсиз, сўнгги йилларда биз “Халқ ва армия – бир тану бир жон” деган эзгу тамойил асосида Қуролли Кучларимизни янада такомиллаштириш, давлатимизнинг мудофаа салоҳиятини ошириш бўйича муҳим ислоҳотларни амалга оширдик. Миллий гвардия, Давлат мудофаа саноати қўмитаси тузилди.
Соҳада замонавий кадрларни тайёрлаш, ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш, уларнинг оила аъзоларини, ҳарбий пенсионерларни қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда миллий армиямизнинг тезкор ва ихчам, ҳар қандай таҳдидларга муносиб зарба беришга қодир жанговар кучга айланиб бораётгани бизнинг энг катта ютуғимиздир.
Албатта, армия фақат қурол ва аслаҳа билангина кучли ҳисобланмайди. Армия аввало она Ватан учун жонини ҳам аямайдиган ҳарбийлар – аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар билан қудратлидир.
Бугун Қуролли Кучларимиз сафида Ватан ҳимоячиси бўлишни ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб билган ҳақиқий баҳодир, марди майдон фарзандларимиз хизмат қилмоқда. Улар Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Бобур Мирзо каби буюк боболаримизнинг жанговар маҳоратини шараф билан давом эттирмоқда.
Ҳар қандай шароитда ҳам ўз бурчини виждонан бажаришга қасамёд қилган мард ва жасур посбонларимизнинг фидокорона хизматлари ва жасоратини барчамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.
Ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек муқаддас ва масъулиятли ишга бағишлаган ва буни ҳар куни, ҳар дақиқада амалда исботлаётган она юрт қалқонлари бизнинг фахримиз ва ғуруримиздир.
Мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш мақсадида давлат, жамият ва шахс хавфсизлигини таъминлаш тизими тубдан ислоҳ қилинмоқда. Бунинг учун энг қуйи тизим – профилактика инспекторлари тизими замонавий тузилма сифатида шакллантирилди. Улар эндиликда маҳалла идоралари билан яқин ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда.
Бугунги кунда 2017 йилга нисбатан жиноятлар сони 12 мингга камайгани, жорий йилнинг олти ойи якунига кўра эса, мавжуд 9 минг 251 та маҳалладан қарийб 50 фоизида биронта ҳам жиноятга йўл қўйилмаганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу албатта ислоҳотларимизнинг ижобий самарасидан далолат беради ва бу ишларимизни изчил давом эттиришни тақозо этади.
Қадрли тантана иштирокчилари!
Мамлакатимиз янгиланиш даврига қадам қўйган биринчи кунлардан бошлаб биз очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсат юритиб келаётганимиз сизларга яхши маълум.
Ўтган қисқа даврда Ватанимизнинг минтақа ва жаҳон миқёсидаги сиёсий ўрни ва нуфузи кескин ошди. Дунёда Ўзбекистонга нисбатан ишонч руҳи ва ҳамкорликка интилиш тамойиллари кучайди.
Аввало, минтақамиздаги давлатлар билан дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари йўлга қўйилди. Чегаралар очилди, одамлар қавму қариндошлари билан алоқаларини тиклаб, бир мамлакатдан иккинчи давлатга эмин-эркин бориб кела бошлади.
Жаҳон сиёсатшунослигида “Марказий Осиё руҳи” деган ибора пайдо бўлди. Халқаро майдонда минтақа номидан янги ташаббуслар илгари сурила бошланди.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш яхши анъанага айланди. Яқинда Туркманистонда бўлиб ўтган навбатдаги маслаҳат кенгашида ҳамкорликнинг янги, истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.
Сўнгги кунларда ён қўшнимиз Афғонистонда юз бераётган воқеаларни ҳаммамиз ташвиш билан кузатиб турибмиз. Биз бу мамлакатда тезроқ тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши тарафдоримиз.
Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашда кўприк вазифасини бажара олишига ишонамиз.
Афғонистон билан алоқаларимизда дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ички ишларга аралашмаслик тамойилларига содиқ қоламиз.
Ушбу мамлакатда ҳокимият транзити халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларини инобатга олган ҳолда, миллий келишув асосида тинч йўл билан амалга оширилиши ўта муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Ўтган даврда Россия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа мамлакатлар билан самарали битим ва келишувларга эришдик. Америка Қўшма Штатлари ва Ғарб давлатлари билан прагматик ҳамкорлик сари янги қадамлар ташланди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги каби халқаро тузилмалар билан алоқалар сифат жиҳатидан янги босқичда давом эттирилмоқда. 2019 йилда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига тўла ҳуқуқли аъзо бўлдик. Бу мамлакатимиз учун халқаро майдонда янги иқтисодий, сиёсий ва маданий имкониятлар очиб берди.
Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан кузатувчи давлат мақомида қисқа даврда самарали алоқаларни йўлга қўйишга эришди. 2020 йилда мамлакатимиз илк бор Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида раислик қилди. Бу давр пандемия шароитида ўтганига қарамасдан, Ўзбекистоннинг бу борадаги фаолияти муваффақиятли ташкил этилди ва юқори баҳоланди.
Бу йил Шанхай ҳамкорлик ташкилоти раислигини қабул қилиб оламиз ва унинг келгуси йили ўтадиган Саммитига пухта тайёргарлик кўраяпмиз.
Иқтисодий дипломатия воситаларидан самарали фойдаланиш республика экспорти ва инвестициялар оқимига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Чет эллардаги ватандошларимизни қўллаб-қувватлашга, улар билан самарали ҳамкорлик қилишга катта эътибор берилмоқда. Улар республикамиздаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларга жалб қилинмоқда. Яқинда ана шундай муҳим вазифалар билан бевосита шуғулланадиган “Ватандошлар” жамоат фондини ташкил этганимиздан барчангиз хабардорсиз.
Айни пайтда узоқ-яқиндаги барча тараққийпарвар мамлакатлар билан ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш бизнинг устувор мақсадимиз бўлиб қолади.
Бугунги қувончли кунда биз билан даврамизда ўтирган хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларига, халқаро ташкилотлар вакилларига, чет эллик шерикларимизга, Ўзбекистоннинг барча дўстларига тинчлик ва равнақ тилаймиз. Хусусан, тантанамизда иштирок этаётган Франция Сенатининг ҳурматли вакилларига чуқур эҳтиромимизни билдирамиз.
Ҳурматли юртдошлар!
Ҳаммангизга яхши маълумки, шу йил 24 октябрь куни мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади.
Сўнгги беш йил мобайнида мамлакатимиз миллий сайлов қонунчилигида жиддий ўзгаришлар юз берди. Нуфузли халқаро экспертлар таъкидлаганидек, янги Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини изчил такомиллаштириш ҳамда сайловларни ўтказиш амалиёти сифат жиҳатидан янги поғонага кўтарилди.
Бу галги Президент сайловлари илк бор 2019 йилнинг 25 июнида қабул қилинган Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтади.
Бу сайлов барчамиз учун Ўзбекистоннинг келгуси тараққиёти қандай йўлдан боради, фарзандларимиз, оиламиз, мамлакатимиз келажагини қандай барпо этамиз, деган ҳал қилувчи саволларга жавоб берадиган ғоят муҳим сиёсий тадбирдир. Шунинг учун ушбу сиёсий жараёнга кўпмиллатли халқимиз ҳам, жаҳон ҳамжамияти ҳам катта қизиқиш ва эътибор билан қарамоқда.
Сайловда дунёнинг 50 га яқин мамлакати ҳамда ўнлаб халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиши кутилмоқда.
Шу маънода, бўлғуси сайловлар юксак демократик мезонлар асосида ўтади ҳамда янги Ўзбекистон халқининг ўсиб бораётган сиёсий тафаккурини, ижтимоий фаоллиги ва маданий савиясини яққол намоён этади, деб ишонаман.
Азиз ва муҳтарам ватандошларим!
Биз кейинги йилларда белимизни маҳкам боғлаб, миллий манфаатларимизни таъминлаш, халқимизни рози қилиш йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб, ғоят муҳим натижаларни қўлга киритмоқдамиз.
Энг асосий натижа – бошлаган ислоҳотларимиз ортга қайтмайдиган муқаррар тус олганида, бугунги жамиятимизнинг маънавий уйғонишида намоён бўлмоқда.
Маънавий уйғоқ жамиятни, ўз олдига улкан вазифалар қўйиб, келажак сари ишонч билан бораётган халқни ҳеч ким ўз йўлидан тўхтата олмайди. Бундай халқни Яратганимиз ҳам қўллаб-қувватлайди, доимо йўлини очиб беради.
Бугун миллион-миллион ватандошларимизнинг онгу тафаккури ўзгариб, улар ислоҳотлар жараёнига ўзини бевосита дахлдор деб билмоқда, бу ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айланмоқда.
Бугун биз ягона халқ, ягона миллат бўлиб, кўзлаган юксак мақсадларимиз сари дадил бормоқдамиз. Вужудимизда, қонимизда аждодларимиздан мерос буюк қудрат жўш ураётган экан, биз эзгу орзу ва мақсадимиз бўлмиш янги Ўзбекистонни албатта бунёд этамиз. Ўзбекистон ҳар томонлама обод ва фаровон, эркин демократик мамлакатга айланади.
Мен сиз, азизларни, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча юртдошларимизни ана шундай улуғ ва шарафли сафда – янги Ўзбекистон бунёдкорлари сафида кўриб турганимдан бахтиёрман.
Орадан ҳали қанча йиллар, асрлар ўтади. Юртимизда янги-янги авлодлар дунёга келади. Миллий давлатчилигимизни тиклаб, бизга тараққиёт ва фаровонликка эришиш йўлида мана шундай беқиёс имкониятларни яратиб берган истиқлолимиз жонажон Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин, ўчмас саҳифа бўлиб қолади.
Фурсатдан фойдаланиб, сиз қадрдонларимни, мўътабар нуронийларимиз, меҳрибон опа-сингилларимиз, азму шижоатли ёшларимизни, бутун халқимизни Мустақиллик байрами билан яна бир бор чин қалбимдан самимий табриклайман.
Мана шу муборак айёмда барча ютуқларимизнинг бунёдкори бўлган меҳнаткаш, мард ва саховатли, бағрикенг ва олижаноб халқимизга фарзандлик меҳри билан таъзим қиламан.
Барчамизни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган она халқимиз доимо омон бўлсин!
Юртимизда яшаётган ҳар бир оила, ҳар бир инсон эзгу мақсадларига етсин!
Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат.