06.08.2021
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви доирасида Туркманбоши шаҳрида ушбу мамлакатларнинг миллий саноат маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон мазкур кўргазмани бориб кўрдилар.
“Made in Uzbekistan” экспозициясида мамлакатимизнинг озиқ-овқат, тўқимачилик, автомобилсозлик, чарм-пойабзал, электр техникаси, кимё, фармацевтика, заргарлик ва қурилиш материаллари каби саноат тармоқлари салоҳияти намойиш этилган.
Кўргазмадан Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Туркманистон маҳсулотлари ҳам ўрин олган. Экспозициялар 8 минг квадрат метрдан зиёд майдонни эгаллаган.
Президентлар маҳсулотлар сифатини кўздан кечириб, ўзаро товарлар етказиб бериш, саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар бердилар.