28.04.2017
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 27 апрель куни Жиззах вилоятида бўлди.
Мустақиллик йилларида вилоят ҳар томонлама ривожланди, шаҳар ва қишлоқлар обод бўлиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги ошди. Ҳудудда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида қурилиш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, ижтимоий соҳаларни ривожлантиришда салмоқли натижаларга эришилмоқда.
2016 йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиш суръати 9,6 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 17,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 6,3, қурилиш ишлари 11,8, чакана товар айланмаси 15,2 фоизга ўсди.
Ўтган йили саноат соҳасини ривожлантиришга доир 304, қишлоқ хўжалигида 696 лойиҳа амалга оширилди.
Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар самарасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 2016 йилда 80,3 фоизни ташкил этди.
Ҳудудий тасарруфдаги корхоналар томонидан 38 миллион долларлик маҳсулотлар ва хизматлар экспорти амалга оширилди.
“Жиззах” эркин иқтисодий зонаси вилоят саноатини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. 2016 йилда бу ерда фаолият кўрсатаётган корхоналар томонидан 163 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Биринчи Президентимизнинг 2013 йил 18 мартдаги "Жиззах" махсус индустриал зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони асосида барпо этилган ушбу махсус ҳудудда ўтган йилларда 20 (Жиззах вилоятида 15 та, Сирдарё вилоятида 5 та) корхона ишга туширилди.
Замонавий технологиялар билан таъминланган корхоналарда 1000 дан ортиқ иш ўрни яратилди. Иш ўринларининг 60 фоизини олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари банд этди.
Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида вилоятда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларини изчил давом эттириш, вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли манфаатларини таъминлаш бўйича катта режа ва мақсадларни баён этган эди. Президентимиз Жиззахга ташрифи давомида ана шу режалар ижроси, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболли лойиҳалар билан танишди.
Давлатимиз раҳбари ташрифини Зафаробод туманидан бошлади. "Чимқўрғон" қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида Жиззах нефтни қайта ишлаш мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйиш маросими бўлди.
Маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
– 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш, таркибий ислоҳотларни чуқурлаштириш орқали унинг рақобатбардошлигини оширишга алоҳида аҳамият берилган, – деди Президентимиз. – Ана шу устувор йўналишларни амалга оширишда ҳозирги кунда ва истиқболда юртимиз аҳолиси ва саноат корхоналарини сифатли нефть маҳсулотлари билан таъминлаш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Жиззах вилояти катта саноат салоҳиятига, илмий-техникавий ва интеллектуал имкониятларга эга. Бу ўз навбатида янги заводни самарали ишлатиш учун замин туғдиради. Янги корхона вилоят иқтисодиёти учун ўзига хос локомотив бўлибгина қолмасдан, бутун мамлакатимизни нефть маҳсулотлари билан таъминлаш тизимини тубдан яхшилаш имконини беради.
Ҳеч шубҳасиз, бу янги завод нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё минтақасидаги ноёб саноат объектларидан бирига айланади. Қиймати 2,2 миллиард доллар бўлган ушбу лойиҳа йилига 5 миллион тонна нефть хомашёсини қайта ишлаш имконини беради.
Ушбу мажмуа учун Қозоғистон Республикаси ҳудудидан тортиб келинадиган қувурнинг умумий узунлиги 95 километрни ташкил этади. Бу энергия ресурсларини етказиш харажатларини кескин камайтиради ва лойиҳанинг иқтисодий самарадорлигини оширади. Нефть нархининг арзонлашиши мамлакатимиз иқтисодиётининг барча тармоқларига ижобий таъсир кўрсатади. Мажмуанинг географик жойлашуви ишлаб чиқарилган маҳсулотларни мамлакатимизнинг барча ҳудудларига ва экспортга минимал харажатлар эвазига етказиш имкониятини таъминлайди.
Заводда углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича энг замонавий, экологик тоза ва энергетик жиҳатдан самарадор технологиялар ўрнатилади. Улар асосида Евро-5 стандартидаги юқори сифатли мотор ва авиация ёқилғиси, бензол, мазут, битум ва бошқа нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Авиация керосини ишлаб чиқариш мамлакатимиз авиация соҳасини янада ривожлантириш, ҳаво кемаларимизнинг парвоз географиясини кенгайтириш, савдо-иқтисодий алоқалар, туризм салоҳияти ортишига хизмат қилади.
Мажмуанинг ишга туширилиши 2 мингдан зиёд, соҳага алоқадор ва хизмат кўрсатиш тармоқларида яна 14 мингдан ортиқ кишининг бандлигини таъминлаш имконини беради.
Мажмуага тантанали равишда тамал тоши қўйилди.
Тадбир иштирокчилари ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада оширишга қаратилаётган алоҳида эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Президентимиз Жиззах шаҳридаги Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази фаолияти билан танишди. Марказда тадбиркорларга барча турдаги хизматлар кўрсатилади.
Ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланаётган бугунги кунда компьютер, интернет ва бошқа алоқа воситалари олис қишлоқларда ҳам кундалик турмуш тарзининг ажралмас қисмига айланиб бораётир. Замонавий технологиялардан фойдаланиш самарадорлиги йилдан-йилга ошиб, компьютер техникаси ва электрон ҳужжат айланиш тизими ривожланаётир. Барча соҳада илғор коммуникация технологиялари қулай ва тезкор маълумот алмашиш ва хизмат кўрсатиш воситасига айланмоқда.
Марказда тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган барча масалалар юзасидан турли соҳа мутахассисларидан жавоб олишлари мумкин.
Энди тадбиркор муаммосини ҳал қилиш учун турли ташкилотларга бориб юрмайди. Ушбу марказда барча соҳа мутахассислари уларнинг талаб ва таклифларини ўрганади ва ечимини топади. Тадбиркорларга кўмаклашиш маркази тадбиркорларнинг ҳақиқий кўмакчиси бўлиши лозим, деди Шавкат Мирзиёев.
Туманларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш марказлари ташкил этилиб, улар томорқадан самарали фойдаланиш, микробизнесни йўлга қўйиш, микрокредитларни расмийлаштириш, ажратилган кредитларни мониторинг қилиш каби масалалар билан шуғулланади. Вилоят бўйича 91 ана шундай марказ очилиши кўзда тутилган.
“Халқни тадбиркор қилиш” шиори остида тижорат банклари томонидан қишлоқ жойларда тадбиркорликни ривожлантиришда ички имкониятлардан самарали фойдаланиш, кичик бизнес субъектларини сифатли, қулай, ишончли ресурслар билан таъминлашда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Энг олис ҳудудларда ҳам тадбиркорликни ривожлантириш учун, аввало, аҳолига тадбиркорлик бўйича етарлича тушунча ва билим беришимиз керак. Тадбиркорларга имконият ва шароит яратиб берсак, улар ўзларини ҳам, аҳолини ҳам иш билан таъминлайди, деди Президентимиз.
Шу ерда вилоят иқтисодиёт комплекси томонидан амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги, ишбилармонлик муҳитини шакллантириш ва тадбиркорликка кўмаклашиш тизими ҳамда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳам маълумот берилди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонасида яратилган шароитлар билан танишди.
Жиззах шаҳри Ш.Рашидов шоҳкўчаси 117-уйда жойлашган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонасида фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилишига оид конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш учун барча қулайлик яратилган.
Улкан бунёдкорлик ишлари Жиззах қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда. Одамлар ҳаётдан, яратилаётган имконият ва шароитлардан рози экани уларнинг очиқ чеҳраларида акс этган.
Президентимиз Жиззах шаҳрининг бош режаси асосида амалга оширилиши режалаштирилган бунёдкорлик лойиҳалари билан танишди.
Кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча шаҳарлари қатори Жиззахда ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Замонавий уй-жойлар, янги йўл ва кўчалар, хиёбонлар барпо этилмоқда.
Темирйўлчилар ва Тошкент кўчаларининг меъморий ечими бўйича лойиҳа шаҳарда темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолини арзон ва замонавий уй-жойлар билан таъминлашга қаратилган. Лойиҳага мувофиқ мазкур кўчаларни туташтирувчи 900 метрли, тўрт полосали янги йўл қурилади. Бу транспорт воситалари ҳаракатига, темир йўл вокзалига келиб-кетувчиларга қулайлик яратади. Янги кўчанинг икки томонида 5-7 қаватли замонавий уй-жойлар бунёд этилади. Мустақиллик кўчасида ҳам 7 қаватли турар жойлар қурилади. Ўзбекистон кўчаси кенгайтирилади.
Давлатимиз раҳбари бу кўчалар ва янги уйлар шаҳар қиёфасини ўзгартириш, аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбонларини барпо этиш лойиҳалари билан ҳам танишди.
Шавкат Мирзиёев 2016 йил 18 ноябрда Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашувда халқимизнинг фидойи фарзанди Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш, у киши туғилиб ўсган Жиззах заминида ёдгорлик мажмуаси барпо этиш таклифини билдирган эди. Бу ташаббуснинг ижобати сифатида Жиззах тумани Шароф Рашидов тумани деб номланди. 2017 йил 27 март куни Президентимизнинг “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бугунги кунда бу борада изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбонини барпо этиш, мазмун-моҳиятини бойитиш, уларнинг ижодий мактабларини ташкил этиш юзасидан ҳам кўрсатмалар берилди.
Жиззах вилояти туманлари марказларида бунёд этиладиган 4 қаватли арзон уй-жойлар лойиҳаси ҳам намойиш этилди.
Президентимиз Шароф Рашидов тумани “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти, профилактика инспектори яшаш жойи билан танишиб, “Учтепа” массивида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган уй-жойларда яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида барпо этилган ҳар бири 16 хонадонли 2 та икки қаватли ва 10 хонадонга мўлжалланган 2, 3 хонали, 2 сотих томорқа ва ёрдамчи иншоотларга эга битта бир қаватли уйда 42 оиланинг замонавий шароитларда яшаши учун барча қулайлик яратилган.
Бундай замонавий уйлар қишлоқ кўркига кўрк қўшиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш билан бирга, одамларда давлатимизга ва эртанги кунга ишонч туйғусини янада мустаҳкамламоқда.
Янги уйлар “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини кенгаши тавсияси билан биринчи навбатда турар жойга эҳтиёжманд ёш оилаларга берилди.
Давлатимиз раҳбари аҳоли билан мулоқотда бўлди.
Жорий йилда вилоятда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича 866 уй-жой қурилиши мўлжалланган. “Учтепа” массивида 6 та 16 хонадонли арзон уй-жойлар қурилиши олиб борилмоқда. Мазкур уйларни Мустақиллик байрамигача фойдаланишга топшириш мўлжалланган.
Президентимиз Пахтакор туманида бўлиб, Жиззах вилоятида енгил саноат, чарм-пойабзал, қишлоқ хўжалиги тармоқларида амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар билан танишди.
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 декабрдаги “2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарори соҳа ривожи учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Вилоятда 2017-2018 йилларда енгил саноатни ривожлантириш дастури доирасида қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Миллий банк томонидан “Элеганс текс”, “Пахтакор голд текс”, “Фориш голд текс”, “Зомин текстиль”, “Зарбдор текстиль” каби корхоналарда умумий қиймати 111 миллион долларлик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган. Бу 2 минг 890 янги иш ўрни яратиш имконини беради.
“Асака” банки, “Ипотека-банк” ва “Алоқа” банки томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантириш, етиштирилаётган пахта толасини ҳудуднинг ўзида қайта ишлаш ҳажмини кенгайтириш ва аҳолини сифатли кийим-кечак билан таъминлашга хизмат қилади.
Президентимиз ташкил этилаётган ҳар бир иш ўрни муҳим экани, корхоналарни барпо этишда замонавий қурилиш материалларидан кенг фойдаланиш ва ишга тушириш муддатларини тезлаштириш лозимлигини қайд этди.
“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси томонидан “Жиззахулгуржисавдо” масъулияти чекланган жамияти негизида агрологистика маркази ташкил этилмоқда. "Жиззах" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида жойлашган ушбу корхона қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қуритиш, қадоқлаш, сақлаш, иссиқхона ташкил этиш ҳамда экспортга йўналтириш билан шуғулланади. Корхона газ, сув, электр энергияси билан тўлиқ таъминланган.
Агрологистика марказига қишлоқ хўжалик махсулотларини қайта ишлаш учун зарур бўладиган асбоб-ускуналарни Италиядан келтириш кўзда тутилмоқда. Лойиҳа амалга оширилгандан сўнг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган 2 минг тонналик совутгич, шунча сиғимга эга дуккакли маҳсулотларни сақлаш омборхонаси, 3 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш қувватлари, 4 гектарда иссиқхона ташкил этилади. Ишчилар сони 150 нафарга етказилади.
Жиззах шаҳридаги "Бону ширинликлари" корхонаси томонидан қандолат ва шоколад маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдим қилинди. 140 ишчи меҳнат қилаётган ушбу корхонада фаолиятни кенгайтириш мақсадида экспортга йўналтириладиган қандолат ва шоколад маҳсулотлари ишлаб чиқариш линияларини ўрнатиш мўлжалланмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 14 миллиард сўм бўлиб, шундан 9,8 миллиард сўми Халқ банки кредити ҳисобидан амалга оширилади. Қўшимча 150 иш ўрни яратилади.
Янгиликка интилиб яшаш иқтисодиётимиз тараққиётининг муҳим омилидир, деди Шавкат Мирзиёев. Бугун жаҳон бозорида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга талаб ортмоқда. Бу иқтисодиётимиз тобора юксалиб бораётганидан далолатдир. Жиззах вилоятида амалга оширилаётган мазкур лойиҳалар иқтисодий самарадорлик билан бирга, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Вилоятда йирик чорвачилик лойиҳаларини молиялаштириш, паррандачиликни ривожлантириш, Зомин туманида токзорлар, иссиқхона мажмуаси барпо этиш, асал етиштириш, Бахмал туманида 2 минг бош қорамол боқиладиган ва сутни қайта ишлайдиган корхонани ишга тушириш, Фориш туманида наслли эчкиларни кўпайтириш ва эчки сутини қайта ишлаш агрофирмаси ташкил қилиш, Ғаллаорол туманида ёнғоқзорлар барпо этиш, Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқчиликни ривожлантириш лойиҳаларининг тақдимотлари ҳам ўтказилди.
Президентимиз ушбу лойиҳалар билан танишиб, уларнинг ҳар бири бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Шавкат Мирзиёев «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида ҳам бўлди.
Ҳозир ушбу эркин иқтисодий ҳудудда юк ва енгил автомобиллар учун тормоз колодкалари, телевизор, кондиционер, музлаткич, кир ювиш машиналари, микротўлқинли печь, светодиодли лампалар, полипропилен иплар, видео ва IP телефонлар, телекоммуникация ускуналари, интернет тезлигини оширувчи бутловчи қисмлар каби турли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
Истиқболда ишлаб чиқарилиши мўлжалланаётган янги маҳсулотлар ҳақида маълумот берилди. Безакли, флоат ва ультраюпқа ойналар ишлаб чиқариш лойиҳаси шулардан бири. Янги тақдим қилинаётган лойиҳада телефон ва планшетлар учун ойналар ишлаб чиқарилади.
Шароф Рашидов туманида мутасадди раҳбарлар ва вилоят фаоллари иштирокида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда вилоят иқтисодиётини янада ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, аҳолини иш билан таъминлаш ва турмуш даражасини янада ошириш, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.