14.06.2021
Президент Шавкат Мирзиёев 14 июнь куни соғлиқни сақлаш ва коммунал хизмат соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Давлатимиз раҳбари Тошкент вилояти ва пойтахтимиз туманларида бўлганида, шунингдек, 28 май куни ўтган видеоселектор йиғилишида коммунал тармоқларни янгилаш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича кўплаб вазифалар қўйган эди. Шу борада мутасадди вазирлик ва ҳокимликлар томонидан бошқарув сервис компаниялари фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Хусусан, Тошкент вилоятида 4 минг 938 та кўп қаватли уй бор. Уларга 36 та сервис компанияси ва 369 та ширкат хизмат кўрсатади. Ширкатларнинг ярмидан кўпи оғир аҳволда. Хизматлар ўз вақтида ва сифатли бўлмагани, замонавий ёндашувлар жорий этилмагани оқибатида истеъмолчилар норози.
Тадбирда ҳудуддаги шу каби камчиликлар танқид қилинди. Лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш, тизимни тўғри ташкил этиб, аҳолига қулайликларни ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Мамлакатимизнинг хорижий давлатлар билан алоқаларида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришга кенг имконият берилмоқда. Жумладан, Тошкент вилоятида Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси билан яқин шериклик йўлга қўйилган. Тақдимотда ушбу ҳамкорлик асосида амалга ошириладиган иқтисодий ва инвестициявий лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Президентимиз лойиҳаларни танқидий баҳолаб, ҳамкорликни изчил кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари бундан бир ой олдин Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига бориб, бу йўналишдаги шифохоналарда шароитларни яхшилаш бўйича топшириқлар берган эди. Улардан келиб чиқиб, 27 май куни Президентнинг “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга мувофиқ, Республика онкология ва радиология тиббиёт маркази учун янги бинолар қуриш ва жиҳозлаш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. Бунинг учун Тошкент тиббиёт академияси клиникасининг бўш турган ҳудудидан 5 гектардан зиёд ер ажратилган. Бинони лойиҳалаштиришда хорижий тиббиёт муассасаларининг илғор тажрибаси инобатга олинган.
Янги марказда позитрон-эмиссион томография, радиоизотоп текширишлар, занжир реакцияли анализаторлар, магнит-резонанс томография, ангиография учун замонавий ускуналар ўрнатилади. Иммунотерапия, таргет терапия, чизиқли тезлаткич ёрдамида ва стереотоксик нур терапия, радиохирургия каби янги даволаш услублари жорий этилади.
Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ, барча ҳудудлардаги онкология шифохоналаридаги шароит, даволаш сифати ўрганилган. Бундай касалликлар бўйича энг кўп мурожаат Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти филиалларига тўғри келган. Яъни, уларда барча беморларнинг қарийб 37 фоизи даволанган.
Шундан келиб чиқиб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти шифохоналарини ягона муассаса сифатида бирлаштириш таклифи билдирилди. Бунинг натижасида салоҳиятли мутахассислар ва юқори технологик ускуналар бир жойда жамланиб, даволаш сифати ошади, беморлар сарсон бўлишининг олди олинади.
Малакали шифокорлар тайёрлашга қаратилган режалар ҳақида ҳам маълумот берилди. Шу мақсадда Н.И.Пирогов номидаги Россия тиббиёт университети билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган. Ҳамкорлик доирасида келгуси икки йилда юртимиз талабаларини Россияга ўқишга юбориш, 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳрида Пирогов номидаги университет филиалини очиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни маъқуллаб, уларни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.
Шунингдек, тақдимотда тижорат банклари томонидан шакллантирилган лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди.