27.05.2021
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориГематология ва онкология йўналишларида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, мазкур соҳада аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати, кўлами ва самарадорлигини ошириш, беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни зарур дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш, шифохоналарни замонавий диагностика лабораториялари ва тиббий техникалар билан жиҳозлаш мақсадида:
1. Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Арнасой кўчасида янги барпо этилган тиббиёт муассасаси биноларига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул жойлаштирилсин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Хаджибаев):
Қурилиш вазирлиги (Б.Зокиров) ва Молия вазирлиги (Т.Ишметов) билан биргаликда 2021 йил 1 сентябрга қадар янги биноларни замонавий талаблар асосида, хусусан уларда катталар ва болалар учун алоҳида жарроҳлик, жонлантириш, интенсив терапия, трансфузиология ва трансплантология бўлимлари, шунингдек, радио диагностика ва радио даволаш бўлимлари, бактериологик лаборатория, махсус овқат тайёрлаш бўлинмасини, болаларга таълим олиш имкониятини яратишни назарда тутган ҳолда қуриш ишлари олиб борилиши ва тиббий техникалар билан жиҳозланишини таъминласин;
Молия вазирлиги (Т.Ишметов) билан биргаликда Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази янги биноларга жойлаштирилаётганлигини инобатга олган ҳолда унинг тузилмаси, штатлар жадвали ва харажатлар сметасини қайта кўриб чиқиб, тасдиқласин.
2. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Белгилансинки:
2022 йил 1 январдан бошлаб Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидан чиқарилиб, мустақил марказ сифатида фаолият юритади;
Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Арнасой кўчасида янги барпо этилган тиббиёт муассасаси биноларидан бирига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул жойлаштирилади;
2021-2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг болалар гематологияси бўлими негизида умумий штатлар ва стационар ўринлар доирасида Болалар гематологияси ва онкологияси бўлимлари ташкил этилади.
3. Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.Артикходжаев), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (У.Собиров), Молия вазирлиги (Т.Ишметов) ва Қурилиш вазирлиги (Б.Зокиров) 2021 йил 1 сентябрга қадар Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази учун Тошкент тиббиёт академияси клиникасининг бўш турган ҳудудида замонавий янги бино-иншоотлар комплексини қуриш ва жиҳозлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқсин.
4. Республика гематология, онкология ва радиология марказлари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳи таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ишчи гуруҳи (Б.Мусаев):
2021 йил 1 сентябрга қадар Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Арнасой кўчасида янги барпо этилган тиббиёт муассасаси негизида 300 ўринли замонавий Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолияти илғор хорижий тиббиёт муассасаларининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда йўлга қўйилишини;
икки ой муддатда Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш, салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш ва жиҳозлаш концепциясининг ишлаб чиқилишини;
Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолиятини ташкил этишга хорижий экспертлар ва етакчи илмий-тадқиқот муассасалари жалб қилиниши, молиявий, ташкилий ва бошқа зарур чоралар амалга оширилишини;
суяк кўмиги ўзак ҳужайраларини кўчириб ўтказиш амалиётини биринчи босқичда Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида, кейинчалик эса Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида ҳам жорий этилишини;
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази учун қуриладиган бино-иншоотлар комплекси соҳадаги илғор хорижий тиббиёт муассасаларининг тажрибасини инобатга олган ҳолда ташкил этилишини;
марказлар жойлаштириладиган биноларни таъмирлаш ва жиҳозлаш стандартлари ушбу соҳадаги илғор хорижий тиббиёт муассасалари тажрибаси асосида ишлаб чиқилишини ҳамда жиҳозланишини таъминласин.
5. Молия вазирлиги (Т.Ишметов) онкология ёрдамини такомиллаштириш ва онкология хизматини янада ривожлантириш билан боғлиқ харажатлар учун Давлат бюджетидан 2021 йилда қўшимча 60 миллиард сўм ҳамда 2022 йилдан бошлаб 125 миллиардсўмдан кам бўлмаган миқдорда маблағ ажратилишини таъминласин.
6. Белгилансинки, 2022 йил 1 январдан бошлаб қизлар ва аёллар орасида онкологик касалликлар тарқалишининг олдини олиш ва эрта диагностика қилиш қуйидаги миллий дастурлар асосида амалга оширилади:
9-14 ёшдаги ўсмир қизларни одам папилломаси вирусига қарши вакцина билан эмлаш;
30-55 ёшдаги аёллар орасида бачадон бўйни ва 45-65 ёшдаги аёллар орасида кўкрак бези саратони скрининги.
Молия вазирлиги (Т.Ишметов) 2022 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда мазкур бандда кўзда тутилган харажатларни молиялаштириш учун зарур маблағларни назарда тутсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари мазкур бандда белгиланган қизлар ва аёллар орасида онкологик касалликлар тарқалишининг олдини олиш ва эрта диагностика қилиш миллий дастурларини тегишли ҳудудларда самарали ва тўлиқ ижросини таъминлашга ҳамда ажратилаётган маблағларнинг манзилли ишлатилишига шахсан масъул ҳисобланади.
7. Туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг “Аёллар маслаҳатхона”лари таркибида мунтазам равишда аёллар орасида кенг кўламли бирламчи текширишларни амалга оширадиган “Онко-назорат” (Cancer-назорат) хоналари ташкил этилсин.
Белгилансинки:
ушбу хоналар 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳудудий соғлиқни сақлаш умумий бюджет фонди доирасида ташкил этилади;
ушбу хоналардаги текширувлар сифати Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан махсус ахборот бошқаруви тизими орқали назорат қилинади.
8. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Э.Баситханова) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:
икки ой муддатда мазкур қарорнинг 7-бандида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича манзилли дастурларни ишлаб чиқсин;
2021 йил якунига қадар “Онко-назорат” (Cancer-назорат) хоналарида фаолият кўрсатувчи шифокорларни тайёрлаш ишларини якунласин;
2022 йил 1 январга қадар “Онко-назорат” (Cancer-назорат) хоналарининг зарур тиббий техникалар билан жиҳозланишини таъминласин.
9. Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари:
“Онко-назорат” (Cancer-назорат) хоналари ташкил этилишига шахсан жавобгар ҳисобланади;
ўз ҳудудларида гематологик ва онкологик касалликларни эрта аниқлаш ҳамда муваффақиятли даволаш кўрсаткичларининг ошиши, касаллик оқибатида юз берадиган ўлим ҳолатининг камайишига эришилганлиги улар фаолиятининг самарадорлигини баҳолашда асосий мезонлардан бири сифатида эътироф этилади.
10. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Хаджибаев) ва Давлат божхона қўмитаси (М.Азимов) икки ҳафта муддатда, истисно тариқасида, 2019-2021 йилларда тузилган (тузиладиган) шартномалар асосида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буюртмасига мувофиқ импорт қилинган тиббий буюм ва техникалар, дори воситалари “Эркин муомалага чиқариш” божхона режимида расмийлаштирилишини таъминласин.
11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ҳудудларда гематология ва онкология хизматлари сифатини ошириш, ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва онкология диспансерлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2-иловага мувофиқ тасдиқланадиган тиббий техникалар ва сарф материалларини марказлаштирилган тартибда харид қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ушбу бандда назарда тутилган зарур маблағларнинг 40 фоизи 2021 йил 15 июнга қадар, қолган 60 фоизи 2021 йил 1 октябрга қадар маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасига ўтказилишини таъминласин.
Молия вазирлиги (Т.Ишметов), зарур ҳолларда, ушбу бандда кўрсатилган тиббий техникаларни харид қилиш харажатлари учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан 2022 йил 1 июнга қадар қайтариб бериш шарти билан бюджет ссудаларини ажратсин.
12. Соғлиқни сақлаш вазирлигига мазкур қарорнинг 11-бандида харид қилиниши белгиланган тиббий техникаларни етказиб бериш ҳақидаги импорт шартномаларини “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКда комплекс экспертизадан ўтказган ҳамда контракт тузилганлиги тўғрисидаги ахборотни махсус ахборот порталига жойлаштирган ҳолда, ишлаб чиқарувчиларнинг энг яхши таклифларини танлаб олиш йўли билан тўғридан-тўғри тузишга рухсат берилсин.
13. 2021 йил 1 июлдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
гематология, онкология, клиник иммунология, трансфузиология ва шу соҳадаги лаборатория йўналишлари бўйича ёш мутахассисларнинг хориждаги етакчи илмий ва тиббиёт марказлари иш жойларида малака ошириши ва стажировка ўташи билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети ҳамда Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади;
беморларнинг онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган давлат тиббиёт муассасалари йўлланмалари асосида позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиши билан боғлиқ харажатлари Давлат бюджетидан қопланади;
онкологик ва гематологик беморларнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан республика ихтисослаштирилган марказларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (У.Собиров), Молия вазирлиги (Т.Ишметов) ва Транспорт вазирлиги (И.Маҳкамов) бир ой муддатда мазкур бандда белгиланган харажатларни давлат томонидан қоплаб бериш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
14. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Иноятов, У.Собиров, Э.Баситханова) уч ой муддатда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари, гематологик ва онкологик касалликларни камайтириш бўйича ижобий тажрибага эга хорижий давлатлар тажрибаси асосида қуйидагиларни назарда тутувчи гематологик ва онкологик касалликларни эрта аниқлаш дастурини тасдиқласин:
бирламчи бўғин шифокорларининг гематологик ва онкологик касалликлар тўғрисидаги ҳушёрлигини ошириш бўйича қисқа муддатли семинар-тренинглар ўтказиш;
тиббиёт бирлашмалари лабораторияларининг аниқлик даражасини ошириш, лаборатория шифокорларининг анализларни таҳлил қилиш малакасини ошириш;
аҳолининг онкогематологик саводхонлигини ошириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини жадаллаштириш.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.Ходжаев), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Хаджаев) ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А.Кўчимов) Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда гематологик ва онкологик касалликларни эрта диагностика қилишнинг афзалликларини акс эттирувчи аниқ рақамлар, ҳаётий мисоллар ёрдамида қисқа метражли видео ролик, қўлланмалар тайёрлаш ва жамоатчиликка етказиш бўйича зарур чораларни кўрсин.
15. 2021-2022 йиллар давомида аҳоли орасида гематологик ва онкологик касалликларни эрта аниқлаш, беморларни даволаш ва уларнинг профилактикасини кучайтириш учун хорижий грантлар, техник ва бошқа ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этишнинг мақсадли кўрсаткичлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Б.Абидов мазкур қарорга 3-иловада назарда тутилган мақсадли кўрсаткичларга эришилиши учун шахсан масъул ва жавобгар этиб белгилансин.
Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков:
мазкур қарорга 3-иловада назарда тутилган мақсадли кўрсаткичларнинг ижроси тўғрисида ҳар чорак якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин;
аҳоли, хусусан Оролбўйи минтақасидаги болалар орасида гематологик ва онкологик касалликларни эрта аниқлаш, беморларни даволаш ва уларнинг профилактикасини кучайтириш учун тизимли равишда грант маблағларини жалб этиш чораларини кўрсин.
16. Гематологик, онкологик ва ирсий иммунологик касалликларга чалинган фуқароларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар самарадорлиги ва сифатини ошириш мақсадида беморларнинг электрон рўйхатини юритиш тизими жорий этилсин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Азизов) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (О.Пекось) билан биргаликда 2021 йил якунига қадар беморларнинг электрон рўйхатини, жумладан, унда гематологик ва онкологик беморлар рўйхатини шакллантириш, уларнинг электрон тиббий карталарини юритиш ва беморларни даволаш жараёнларини кузатиш имкониятлари яратилишини назарда тутган ҳолда ишлаб чиқсин.
17. Гематология ва онкология хизматларини янада ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирлар режаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
18. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (У.Собиров):
а) икки ой муддатда:
гематология ва онкология касалликларини даволашда фойдаланиладиган дори воситалари рўйхатини, уларнинг самарадорлигини ҳисобга олган ҳолда, қайта кўриб чиқсин ва ҳар йили янгилаб борсин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
б) уч ой муддатда Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов), Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (С.Кариев) билан биргаликда онкологик беморларнинг даволаб бўлмайдиган босқичида уларга наркотик ва психотроп воситаларни буюриш тартибини соддалаштириш, шунингдек, оғриқ қолдирувчи наркотик ноинъекцион воситаларни амалиётга татбиқ этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;
в) 2022 йил 1 мартга қадар катталар ва болаларда гематологик, онкологик ва иммунологик касалликларни ташхислаш, даволаш ҳамда беморларга паллиатив ёрдам кўрсатиш стандартлари ва клиник протоколларини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари асосида қайта ишлаб чиқсин.
19. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири А.М.Хаджибаев ва унинг ўринбосари У.Ю.Собиров белгилансин.
Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Б.М.Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н.Тўйчиев зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан ҳар чорак якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериб борилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ