18.05.2021
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 18 май куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Тинчлик ва соғлик – инсон ҳаёти учун энг керакли неъматлар. Бу икки йўналиш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим негизлари этиб белгиланган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси асосида соҳа босқичма-босқич такомиллаштириб келинмоқда. Сўнгги бир йилда тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган 20 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бу йил соҳага бюджетдан 21 триллион сўм, яъни 2017 йилга нисбатан 3 баравар кўп маблағ ажратилди.
Лекин, тизимда самарадорлик ва аҳолига қулайликларни ошириш бўйича ҳали кўп иш қилиш керак. Жойларда ўтказилган сўровларда бор-йўғи 13 фоиз аҳоли тиббиётдаги ижобий ўзгаришларни сезаётганини айтган.
Давлатимиз раҳбари соҳадаги вазифаларни 5 та йўналишда кўрсатиб ўтди.
Биринчиси – бирламчи тиббиёт бўғинини касалликни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш.
Иккинчиси – ихтисослашган марказлар томонидан жойларда тор доирадаги тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилаш.
Учинчиси – рақамлаштириш орқали соҳада қоғозбозлик, бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш.
Тўртинчиси – тиббиётнинг барча йўналишларида рақобатни ривожлантириш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш.
Бешинчиси – тиббиёт ходимлари билимини ошириш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш.
Йиғилишда ушбу вазифаларни бажаришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
– Тиббиётдаги ислоҳотларни сифатли, манзилли амалга оширсак, одамлар рози бўлади, соғлиғини тиклаб олади. Соҳа мутасаддилари, ҳокимлар ҳар бир қишлоқ шифокори билан, ҳамширалар билан гаплашиб, жаҳон тажрибасини ўрганиб, чора-тадбирлар кўрса, албатта ўзгариш бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Аввало, оилавий шифокор пункти ва поликлиникаларда тиббий хизматлар сифатини яхшилаш масаласига эътибор қаратилди.
Бугунги кунда 250 дан зиёд касалликларнинг 87 тасини бирламчи бўғинда даволаш мумкин. Бунинг учун мазкур бўғинни малакали кадрлар, шошилинч ёрдам учун зарур 50 хил дори ва 16 турдаги тиббиёт воситалари билан таъминлаш керак.
Президент сурункали касалликларни бирламчи бўғинда даволаш, айниқса, юрак-қон томир ва ошқозон-ичак хасталиклари профилактикасини кучайтириш муҳимлигини таъкидлади. Бирламчи бўғинда даволаш зарур бўлган касалликлар бўйича бепул тиббий хизматлар пакети жорий этилиши белгиланди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда оилавий шифокорлар малакасини ошириш, “Қишлоқ шифокори” дастури доирасида олис ва чекка ҳудудларга мутахассисларни жалб қилиш кераклиги қайд этилди. Оилавий шифокор пункти ва поликлиникаларда штатлар нормативи, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг малака талаблари, жиҳозлаш стандартларини такомиллаштириш вазифаси қўйилди.
Юртимизда 17 та ихтисослашган тиббиёт маркази бор. Улар томонидан жойларда тиббий кўриклар ўтказилаётгани натижасида касалликлар эрта аниқланиб, оворагарчиликларнинг олди олинмоқда.
Хусусан, Фтизиатрия ва Педиатрия марказлари барча ҳудудларда ўз филиалларини ташкил этгани боис, Тошкентга келувчи беморлар сони сўнгги 2 йилда қарийб 20 фоизга камайган.
Давлатимиз раҳбари ихтисослашган марказлар билан вилоят, туман ва шаҳар шифохоналарини самарали боғлаб, малакали тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Мисол учун, жарроҳлик амалиётини талаб этмайдиган юрак-қон томир, ошқозон-ичак, нафас йўллари, тери касалликларига диагноз қўйиш, даволаш ва реабилитация жараёнларини туманларда амалга ошириш мумкин. Кўз микрохирургияси, урология, травматология, кўкрак ва қорин бўшлиғи йўналишларидаги жарроҳлик муолажаларини вилоят даражасида ташкил қилиш учун шароитлар етарли.
Республика марказларида эса мураккаб ташхисли касалликлар ва юқори технологик амалиётлар бажарилиши устувор бўлиши керак.
Шу боис, вилоят ва туман шифохоналарида даволанадиган касалликлар рўйхатини тасдиқлаб, қуйи бўғин шифокорлари малакасини ошириш чоралари белгиланди.
Ҳокимликларга ҳудудий тиббиёт муассасаларини ангиограф, лапароскоп, сунъий қон айлантириш каби юқори технологик ускуналар ва тиббиёт воситалари билан таъминлаш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, хусусий тиббиёт ташкилотларига лицензия бериш тартибини соддалаштириб, жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш зарурлиги айтилди.
Мамлакатимизда 3 мингдан ортиқ тиббиёт муассасаси бўлиб, уларнинг фаолиятига замонавий технологиялар жорий этилмоқда. 423 та бирламчи тиббиёт муассасаси “Электрон поликлиника” ахборот тизимига уланган.
Лекин янгича ишлаш учун ҳамма жойда ҳам шароит зўр эмас. Айрим тиббиёт муассасаларида компьютер етишмайди. Соҳани рақамлаштириш учун бу йил бюджетдан 28 миллиард сўм ажратилган бўлса-да, бу борадаги ишлар суст кечмоқда.
Шу боис, вилоят тиббиёт бошқармаларида рақамлаштириш ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича ўринбосар лавозими ташкил этилиши белгиланди. Шунингдек, барча тиббиёт муассасаларида электрон тизим билан ишлайдиган 2 мингта оператор-ҳамшира вазифаси жорий этилади.
Шу йил 1 августга қадар электрон ордер тизимини ишга тушириб, барча ҳудудлар ва ихтисослашган марказларни улаш, 1 ноябрга қадар Тошкент шаҳридаги барча поликлиникаларни тўлиқ рақамлаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Аввало, уларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш, болаларнинг тўғри овқатланишини йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди. Ҳар бир ҳудуд бўйича таҳлиллардан келиб чиқиб, мақсадли скрининглар ўтказиш вазифаси қўйилди.
Вилоятларда Перинатал ва Скрининг марказлари ягона кластер сифатида бирлаштирилиб, тумангача тушадиган бўғин ташкил қилиниши қайд этилди.
Соҳадаги яна бир долзарб йўналиш таълим, фан ва кадрлар тайёрлашни ривожлантиришдир.
Тиббиёт соҳасидаги ҳозирги таълим услублари бундан 30-40 йиллар аввал тасдиқланган, дарсликларнинг аксарияти халқаро стандартларга жавоб бермайди. Олий ўқув юртлари ва ихтисослашган марказларда илмий салоҳиятга қизиқиш, рағбат кам.
Шу боис, тиббиёт олий таълим муассасаларини трансформация қилиш, илғор хорижий тажриба асосида, менежерлар ҳамда юқори технологик ускуналар билан ишлайдиган мутахассислар тайёрлаш бўйича янги йўналишлар очиш зарурлиги таъкидланди. Ординатура ва магистратурада ўқиётган иқтидорли ёшларни хорижда малака оширишга юбориш юзасидан кўрсатмалар берилди.
– Соғлиқни сақлаш тизимига ҳар йили бир неча триллионлаб маблағ ажратилади, халқаро кредитлар жалб қилинади. Ушбу ажратилаётган маблағлар самарасини халқимиз сезиши керак, – деди Президент.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти эшитилди.