21.04.2021
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориЁшларнинг тадбиркорликка оид ташаббуслари, стартап-лойиҳалари ва амалий тадқиқотлари натижалари рўёбга чиқарилишига кўмаклашиш, ёш тадбиркорлик субъектларининг саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг 1-иловага мувофиқ рўйхатда кўрсатилган ҳудудларда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини (кейинги ўринларда – Ёшлар саноат зоналари) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Ташкил этилаётган Ёшлар саноат зоналарининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва юритишлари учун Ёшлар саноат зоналари ҳудудида ишлаб чиқариш майдонлари тақдим этиш орқали уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш;
ёшларга уларнинг саноат ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги лойиҳалари, ташаббуслари ва ғоялари амалга оширилишида кўмаклашиш ва қулай шарт-шароитлар яратиш;
“стартаплар” ташкил этиш мақсадида бизнес-инкубатор вазифаларини амалга ошириш, ёш тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини барқарор ривожлантириш ва рақобатбардошлигини ошириш;
ёшларга ўз инновацион ишланмаларини ишлаб чиқариш жараёнига жорий этиш ва натижаларини тижоратлаштириш, йирик саноат корхоналари билан кооперация алоқаларини ўрнатиш борасида амалий ёрдам кўрсатиш;
банд бўлмаган, шу жумладан, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни иш билан таъминлаш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш.
3. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Воитов) вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда:
2-иловада келтирилган рўйхатдаги 77 та Ёшлар саноат зоналари – 2021 йил 1 сентябргача;
қолган барча Ёшлар саноат зоналари – 2022 йил 1 январгача тўлиқ ишга туширилишини таъминласин.
4. Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлашнинг манзилли дастури (кейинги ўринларда – Манзилли дастур) 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилсин.
Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайтармаслик шарти билан ажратиладиган 100 миллион АҚШ доллари;
халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий банклар ва хусусий молия компанияларининг қарзлари;
Жамғарманинг бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига белгиланган тартибда жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
6. Қуйидагилар Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
ташқи бозорларда талаб юқори бўлган ва импортнинг ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ҳамда хизматлар кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш;
мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, пойабзал ва чарм-галантерея, кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик, замонавий қурилиш материаллари, ҳунармандчилик ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштириш ва бошқа йўналишларда янги замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш;
маҳаллий хомашё ва материаллар негизида мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш ҳамда юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш.
7. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Жамғармага 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағнинг 50 фоизи икки ой муддатда бошланғич капитални шакллантириш учун, қолган 50 фоизи олти ой муддатда ажратилишини таъминласин.
8. Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклиф киритсин.
9. Белгилансинки:
а) Манзилли дастурда назарда тутилган ишлар 2021-2023 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида иқтисод қилинган маблағлар, шунингдек, маҳаллий бюджет ва таъминотчи ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
б) Ёшлар саноат зоналари муҳандислик-техник коммуникациялари мавжуд бўлган ёки ўтказиш осон бўлган, фаолият кўрсатмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдонларида ташкил этилади;
в) Ёшлар саноат зоналарига жойлаштириш учун инвестиция лойиҳалари туман (шаҳар) ҳокимлари раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳлари томонидан танлаб олинади;
г) Ёшлар саноат зоналари ҳудудида майдони 1000 м² гача бўлган ер участкалари, истисно тариқасида, электрон аукцион савдоси ўтказмасдан, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг қарори билан ажратилади. Бунда, бўш бино ва иншоотлар (давлат кўчмас мулк объектлари) шартнома асосида ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун белгиланадиган ижара тўловининг энг кам миқдоридан ошмаган ставкаларида ижарага берилади;
д) патент асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни таъминловчи стартап-инвестиция лойиҳалари, инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган инвестиция лойиҳалари, шунингдек, импорт ўрнини босадиган ва экспортга йўналтирилган рақобатбардош маҳаллий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда яратиладиган янги иш ўринларининг камида 70 фоизи ёшлар учун мўлжалланган, шу жумладан, бандлиги таъминланмаган “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни иш билан таъминлаш назарда тутилган инвестиция лойиҳалари Ёшлар саноат зоналари ҳудудида жойлаштирилишида устуворликка эга бўлади;
е) Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари доирасида:
молиявий ресурслар тижорат банклари томонидан бир ёш тадбиркорлик субъекти учун бир йўла 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдорда 7 йилгача муддат билан тақдим этилади;
қиймати 100 минг АҚШ доллари эквивалентигача бўлган инвестиция лойиҳалари Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади, ундан ошган қисми эса ушбу қарорда назарда тутилган имтиёзларсиз, тижорат банклари орқали умумий тартибда тақдим этилади;
тижорат банкларига инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун молиявий ресурслар Жамғарманинг мавжуд маблағлари доирасида, миллий валютадаги кредитлар бўйича йиллик 10 фоиз, хорижий валютадаги кредитлар бўйича йиллик 2 фоиз ставкалари билан тақдим этилади;
тижорат банклари миллий валютадаги кредитларни ўз маржаси миқдорини 4 фоиздан оширмасдан йиллик 14 фоиз, хорижий валютадаги кредитларни – ўз маржаси миқдорини 1 фоиздан оширмасдан йиллик фоиз ставкасини 3 фоиз миқдорида белгилаган ҳолда ажратади;
тижорат банклари ажратилган молиявий ресурсларнинг мақсадли фойдаланилиши ва тўлиқ қайтарилишини доимий мониторинг қилиб боради;
ж) Жамғарма маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига Ёшлар саноат зоналари ҳудудида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш учун бинолар қуриш мақсадларига молиявий ресурслар Жамғарманинг молиявий кўрсаткичлари ва унинг ресурс базасидан келиб чиққан ҳолда берилади, шу жумладан:
Жамғарма маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига ёш тадбиркорлик субъектлари учун бино қуришга бериладиган молиявий ресурслар миллий валютада йиллик 10 фоиз ставкаси миқдорида белгиланган ҳолда тақдим қилинади;
тижорат банклари томонидан ёш тадбиркорлик субъектларига биноларни лизинг асосида бериш миллий валютада йиллик 14 фоиз ставкасини қўллаган ҳолда амалга оширилади.
Бунда, ёш тадбиркорлик субъекти бошланғич тўлов сифатида лизингга бериладиган бино қийматининг 10 фоизини ташкил қилувчи қисмини тўлайди.
10. Белгилаб қўйилсинки, 2023 йил 31 декабрга қадар Ёшлар саноат зоналари ҳудудида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг таъминоти билан боғлиқ қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий этилади:
а) Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тижорат банкларининг кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача миқдорида, бироқ 500 млн сўмдан ошмаган миқдорда кафилликлар беради;
б) устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан зиёд бўлган суғурта ташкилотлари тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитларнинг 50 фоизигача миқдорида, бироқ 500 млн сўмдан ошмаган миқдорда, йиллик 2 фоиз ставкасида суғурта полисини тақдим этади.
Ушбу бандда назарда тутилган тартиб солиқлар ҳамда олдинги тузилган кредит шартномалари бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорлиги мавжуд бўлган ёш тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилмайди.
11. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ҳамда Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низомларни тасдиқласин.
12. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ёш тадбиркорлик субъектларининг инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш, амалга оширишни молиялаштиришни ташкиллаштириш ва ер майдонларини ажратиш жараёнларининг автоматлаштирилишини таъминлаш мақсадида тегишли веб-сайт ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини таъминласин.
13. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ёшлар саноат зоналарини ташкил қилиш, ривожлантириш ва фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгилансин, унинг ҳудудий бошқармалари зиммасига жойларда Ёшлар саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш вазифаси юклатилсин.
14. Қуйидагилар:
Бош вазирнинг ўринбосари С.У.Умурзаковга – вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг Ёшлар саноат зоналари ривожланиши ва самарали фаолият юритиши, шунингдек, уларнинг ҳудудида инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш ҳамда Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш билан боғлиқ жараёнларни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосарларига – ишчи гуруҳлари томонидан Ёшлар саноат зоналари ҳудудида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш учун инвестиция буюртманомаларининг ўз вақтида кўриб чиқилиши, ёш тадбиркорлик субъектларига ер майдонлари ва бўш бинолар ўз вақтида ажратилишини таъминлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини Ёшлар саноат зоналари ҳудудида жойлаштириш бўйича қарорларни ўз вақтида қабул қилиш;
энергетика вазири А.С.Султановга, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Ш.С.Хидоятовга, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М.Садиковга, транспорт вазири И.Р.Махкамовга – Ёшлар саноат зоналари ҳудудидаги инвестиция лойиҳаларининг объектлари фойдаланишга топширилгунга қадар зарур муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишини ҳамда мавжуд ресурс ва техник имкониятлардан келиб чиқиб, уларга талаб этиладиган ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси етказиб берилишини таъминлаш;
иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари А.М.Бобоевга – Манзилли дастурда белгиланган маблағларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда ажратилиши устидан назорат қилиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
15. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳар чоракда Ёшлар саноат зоналарини ташкил қилиш ҳамда Жамғарма маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларнинг натижадорлиги тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот киритсин.
16. Вазирлар Маҳкамаси ҳар чоракда ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича амалга оширилган ишларни Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисларида танқидий муҳокама қилсин ҳамда ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаган тадбирлар юзасидан масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларига нисбатан тегишли чораларни кўрсин.
17. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
18. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Б.Воитов белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.У.Умурзаков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ