30.04.2021
30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда бўлиб турган ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон билан ДИИҲБ ўртасидаги конструктив мулоқот ва самарали шериликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари икки томонлама ҳамкорлик ривожида кейинги йилларда жиддий олдинга силжишга эришилганини мамнуният билан қайд этди. Бюронинг кенг кўламли миссияси илк бор мамлакатимиздаги Президент ва парламент сайловларини кузатишда иштирок этди.
ДИИҲБнинг тавсияларини имплементация қилишда, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексини қабул қилиш ва такомиллаштириш доирасида муваффақиятли ҳамкорлик олиб борилгани таъкидланди.
Бюро экспертлари Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга жалб этилган эди.
Ўзбекистон ДИИҲБ билан, энг аввало, инсон ҳуқуқлари, сўз, дин ва эътиқод эркинлиги, гендер тенглик, ёшларни қўллаб-қувватлаш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, амалга оширилаётган демократик янгиланишларнинг ҳуқуқий базасини илғор халқаро амалиёт асосида мустаҳкамлаш борасида узоқ муддатли ва самарали шерикликни давом эттиришдан манфаатдор экани таъкидланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган муҳим тадбирларга тайёргарлик кўриш бўйича биргаликда ишлаш мақсадида май ойида Бюронинг баҳолаш миссияси юртимизга келади.
ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи самимий қабул ҳамда очиқ ва мазмунли суҳбат учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Директор мамлакатимиздаги барча соҳа ва йўналишларни қамраб олган кенг кўламли ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлаб, Бюро уларни муваффақиятли амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканини билдирди.