29.04.2021
Бугун, 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари бўлажак муҳим саналар муносабати билан бир-бирини самимий табриклаб, эзгу тилаклар билдирдилар. Жорий йилда ХХРда Хитой Коммунистик партияси ташкил топганининг 100 йиллиги, мамлакатимизда эса Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги кенг нишонламоқда. Етакчилар дўст халқларимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.
Мулоқотда икки томонлама ва халқаро кун тартибининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон-Хитой дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларида юксак даражага эришилгани, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
ХХР Раиси Ўзбекистонда аҳоли турмуш даражаси ва сифатини юксалтиришга қаратилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва янгиланишларни юқори баҳолади ва уларни қўллаб-қувватлашини билдирди. Камбағалликка қарши курашиш бўйича Хитойда тўпланган катта тажрибани чуқур ўрганиш масаласида яқиндан ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Давлатимиз раҳбари коронавирус пандемиясига қарши курашда кўрсатилган амалий ёрдам учун ХХР етакчисига самимий миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон ва Хитойнинг ваколатли идора ва ташкилотлари соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаб, аҳолини оммавий эмлаш бўйича биргаликдаги самарали ишларни кенгайтирадилар.
Ўзбекистон Президенти “Ягона Хитой” сиёсатини ҳамда “уч ёвуз куч” – терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларни доимо қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади.
“Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги самарали мулоқот, шу жумладан минтақада муҳим инфратузилмавий лойиҳаларни, улар қаторида “ХХР – Қирғизистон - Хитой” автомобиль ва темир йўлларини қуриш лойиҳасини илгари суриш ишлари давом этаётгани қайд этилди. Ўзбекистоннинг Марказий ва Жанубий Осиё ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш бўйича таклифи қўллаб-қувватланди.
Етакчилар савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида тўхталдилар.
Мураккаб шароитларга қарамасдан, пандемиянинг салбий оқибатларини камайтириш ва жорий йил бошидан ўзаро савдонинг 33 фоизга ўсишини таъминлашга эришилгани таъкидланди. Муҳим қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш давом этмоқда. Мамлакатларимиз яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш, шунингдек, экспорт ва импорт кўрсаткичларининг мутаносиблигини таъминлаш сари муваффақиятли ҳаракат қилмоқдалар. Ўзбекистон Шанхай шаҳрида ўтадиган навбатдаги Импорт маҳсулотлари Хитой халқаро кўргазмасида фаол иштирок этади.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Хитой етакчи корхоналарининг турли тармоқлардаги кооперациясини кучайтириш, шунингдек, иқтисодиётнинг юқори технологик тармоқларидаги лойиҳаларни илгари суришда ўзаро кўмаклашиш зарурлигини қайд этдилар. Кенг кўламли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик бўйича ўрта муддатли қўшма дастурни тайёрлаш ва қабул қилиш юзасидан келишувга эришилди.
Мамлакатимиз етакчи банк-молия институтларининг Хитой Давлат тараққиёт банки ва Эксимбанки, Ипак йўли фонди билан ҳамда халқаро молиявий ташкилотлар доирасидаги шериклигининг бугунги даражаси юксак баҳоланди.
Етакчилар Ўзбекистон-Ҳитой ҳукуматларараро қўмитаси фаолиятини кучайтириш ва яқин фурсатда унинг навбатдаги мажлисини ўтказиш топшириғини бердилар.
Парламентлараро алоқаларни давом эттириш, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги фаол алмашинувларни қайта тиклаш, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик дастурларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Суҳбат чоғида халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар, шу жумладан “Хитой – Марказий Осиё” форматидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги кўп томонлама муносабатлар ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакатимизда ушбу ташкилотнинг саммитини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди. ШҲТ Мулоқот гуруҳининг Афғонистондаги тинчлик жараёнига кўмаклашиш ва ушбу мамлакатни иқтисодий тиклашдаги муҳим ўрни қайд этилди.
Етакчилар бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини кўриб чиқдилар ҳамда режадаги ХХР Раисининг Ўзбекистон Республикасига ташрифига кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш, кўп асрлик мустаҳкам дўстлик ришталари ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашда муҳим тарихий аҳамият касб этадиган воқеа сифатида пухта тайёргарлик кўриш муҳим эканини қайд этдилар.
Ўзбекистон Президенти ва ХХР Раисининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек, очиқ, дўстона ва ўзаро ишонч руҳида ўтди.