01.04.2021
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ФармониСўнгги йилларда республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳани инновацион ривожлантириш, илм-фан ва илмий фаолиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва натижадорлигини ошириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилди.
Республикани инновациялар соҳасидаги глобал рейтингдаги илғор 50 та мамлакат рўйхатига киритишга қаратилган стратегик дастур тасдиқланди, илмий лойиҳаларни молиялаштиришнинг янги механизмлари жорий этилди, илм-фан соҳасида юқори малакали кадрларни молиявий рағбатлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилди.
Шундай бўлсада, мамлакат тараққиётининг замонавий босқичида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар илм-фан ва инновация соҳасида давлат бошқаруви механизмларини такомиллаштириш, илмий фаолиятга оид давлат дастурларини шакллантиришда шаффофликни ошириш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда илм-фан ютуқлари ва инновацион технологияларни жорий этиш ишларини жадаллаштириш лозимлигини кўрсатмоқда.
Миллий илм-фан ва инновация тизимининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётдаги ўрнини ошириш, ҳудудларда инновацион фаолиятни ривожлантириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига асосан белгиланган вазифалардан келиб чиқиб:
- Қуйидагилар Инновацион ривожланиш вазирлигининг (кейинги ўринларда – Вазирлик) асосий вазифалари этиб белгилансин:
мамлакатни инновацион ривожлантиришнинг узоқ муддатли сценарийлари асосида устувор соҳа ва тармоқларни илм-фан ютуқлари ва инновациялар асосида ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқиш;
ҳудудларнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини ошириш, илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг замонавий инфратузилмасини шакллантириш;
илмий фаолиятга оид давлат дастурларини шакллантириш, тасдиқлаш ва уларнинг ижросини назорат қилиш;
илмий даражали кадрлар тайёрлаш тизимини мувофиқлаштириш;
ёшларни илмий ва инновацион фаолиятга жалб этишнинг самарали механизмларини жорий қилиш ва улар ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
илмий ва инновацион лойиҳаларни амалга оширишда инвестицияларни кенг жалб этиш, хусусий сектор фаоллигини ошириш ва венчурга асосланган молиялаштиришни ривожлантириш;
инновацион ишланмалар асосида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг молиявий, иқтисодий ва техник экспертизасини ўтказиш ва интеллектуал мулк объектларини татбиқ этиш учун зарур шароитларни таъминлаш;
иқтисодиётнинг реал сектори ва ишлаб чиқариш тармоқларининг илмий ишланма ва инновацияларга бўлган эҳтиёжларини аниқлаш ҳамда тармоқ илмий-тадқиқотларни ривожлантириш асосида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш;
янги ишланмаларни тижоратлаштириш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш, стартап лойиҳаларини амалга ошириш, интеллектуал мулк қатнашадиган янги ташкилотларни шакллантириш ва рационализаторлик фаолиятини ривожлантириш учун зарур шарт-шароит яратиш;
илм-фан ва инновациялар соҳасида халқаро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, инновациялар ва технологиялар трансфери бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш.
- Қуйидагилар Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2021-2022 йиллардаги устувор фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
биотехнологияларни ривожлантириш соҳасида биофармацевтик маҳсулотлар, рекомбинант ва ДНК вакциналар, биотиббиёт ташхислаш технологиялари ҳамда ҳудудлар хусусиятидан келиб чиқиб ген ва ҳужайра муҳандислигига асосланган қишлоқ хўжалиги экинларининг янги биотехнологик навларини яратиш;
тупроқ унумдорлигини ошириш соҳасида тупроқ ресурслари ҳолатини комплекс мониторинг қилиш тизими ҳамда ресурс тежамкор суғориш ва ўғитлантириш агротехнологияларини яратиш, бунда ҳудудларда мобиль лабораториялар тармоғини ташкил этиб, тупроқдаги мавжуд фойдали ва зарарли моддаларни аниқлаш асосида қишлоқ хўжалиги экинларининг агрокимёвий хариталарини ишлаб чиқиш;
“сунъий интеллект”ни жорий этиш соҳасида йўл транспорт инфратузилмаси, таълим ва суд тизимида “ақлли” инновацион технологияларни яратиш;
қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш соҳасида муқобил ва экологик тоза энергия манбаи – “яшил” водородни ишлаб чиқариш, сақлаш ва қўллаш бўйича инновацион технологияларни яратиш;
чорвачиликни ривожлантириш соҳасида генетика усулларини қўллаш орқали чорва зотларининг генофондини кўпайтириш ва гўшт маҳсулдорлигини ошириш, ем-озуқа базасини кенгайтириш бўйича инновацион технологияларни жорий этиш;
қишлоқ хўжалиги соҳасида қайта ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган қишлоқ хўжалиги техникасининг инновацион конструкцияларини ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг янги технологияларини яратиш.
3. Қуйидагилар:
Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2021-2022 йиллардаги устувор фаолият йўналишларини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда – чора-тадбирлар дастури) 1-иловага мувофиқ;
Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2021-2022 йиллардаги фаолияти натижадорлигини баҳолаш кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки, чора-тадбирлар дастури доирасида:
Инновацион ривожланиш вазирлиги – лойиҳалар (ишланмалар)ни ташаббус қилиш (яратиш) ва амалга оширишда кўмаклашади, инновацион технологиялар ишлаб чиқилишини мувофиқлаштиради ҳамда белгиланган тадбирларнинг ўз муддатида ва сифатли бажарилиши устидан тизимли мониторинг олиб боради;
илмий ташкилотлар ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар – ҳар бир лойиҳа (ишланма)ни амалга ошириш (яратиш) учун чуқур илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга оширади ҳамда уларнинг тегишли тармоқларга жорий этилишини таъминлайди.
Вазирлик чора-тадбирлар дастурида белгиланган лойиҳалар (ишланмалар)ни молиялаштиришга венчур жамғармалари ва хусусий сектор вакилларини кенг жалб қилсин.
4. Ҳудудларда илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш мақсадида Вазирлик тизимида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар инновацион ривожланиш бошқармалари (кейинги ўринларда – ҳудудий бошқармалар) ташкил этилсин.
Белгилаб қўйилсинки:
Вазирликка юклатилган асосий вазифалар ва функцияларнинг ҳудудлардаги ижроси ҳудудий бошқармалар томонидан амалга оширилади;
ҳудудий бошқармалар томонидан шакллантирилган илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланади ва уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш ҳудудий бошқармалар зиммасига юклатилади;
ҳудудлардаги илм-фан ва инновацион фаолиятни амалга оширувчи ташкилотлар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги Инновацион фаолият ва технологиялар трансфери марказлари фаолияти ҳудудий бошқармалар томонидан мувофиқлаштирилади.
5. Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси унга Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш Президент жамғармасини ва Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академиясининг иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармасини қўшиб олиш йўли билан Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) этиб қайта ташкил этилсин.
Белгилансинки:
Жамғарма мазкур банднинг биринчи хатбошисидаги ташкилотларнинг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
илмий фаолиятга оид давлат дастурларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар Жамғарма томонидан молиялаштирилади.
6. Барча вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган йирик ташкилотларда амалдаги раҳбар ўринбосарларидан бирига инновацияларни жорий этиш (Chief Innovation Officer) вазифаси юклатилсин.
Инновацияларни жорий этиш вазифаси юклатилган раҳбар ўринбосарларининг тегишли йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштириш Вазирликка юклатилсин ҳамда уларнинг базавий лавозим маошига ҳар ойда 30 фоиз миқдорида устама тўлансин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда инновацион ҳудудга айлантирилаётган туманлар рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Вазирлик (И.Ю.Абдурахмонов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимлари билан биргаликда бир ой муддатда 3-иловада кўрсатилган туманларни инновацион ҳудудларга айлантириш бўйича дастурларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
8. Наманган вилояти Чуст тумани ҳокимлиги бошқарув аппаратида ҳокимликнинг умумий штат бирликлари чекланган сони доирасида туман ҳокимининг инновацияларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими (кейинги ўринларда – ҳоким ўринбосари) жорий этилсин.
Белгилаб қўйилсинки:
ҳоким ўринбосари Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг тавсияномаси асосида белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
Чуст туманида янги ҳудудий инновацион инфратузилмалар яратиш ва инновацион тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида “Яшнобод” инновация технопарки резидентларини экстерриториал тамойил асосида Чуст тумани ҳудудида жойлаштиришга рухсат этилади.
9. Вазирлик томонидан илмий ташкилотлар рейтинги юритилаётганлиги ҳамда уларнинг илмий ва инновацион фаолиятини баҳолаш тизими жорий этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Вазирлик ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда олий таълим муассасаларининг илмий ва инновацион фаолиятини баҳолаш тизимини жорий қилсин.
10. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
Вазирлик томонидан ҳар календарь йил якуни бўйича илмий ташкилотларнинг ҳамда ҳар ўқув йили якуни бўйича олий таълим муассасаларининг илмий ва инновацион фаолияти баҳоланади;
Вазирлик баҳолаш натижаларига кўра олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар раҳбарлари, шу жумладан, ректор (директор) ҳамда уларнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорига (директор ўринбосарига) нисбатан рағбатлантириш ёки интизомий жазоларни қўллаш ҳақида тизимида олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлари бўлган тегишли вазирлик ва идораларга тақдимнома киритади;
олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар раҳбарларининг (ректор, директор) илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор ва директор ўринбосари Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг тақдимномасига мувофиқ тизимида олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлари бўлган тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарининг буйруғига асосан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
11. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги ва Вазирлик билан биргаликда 2021 йил 1 майга қадар нуфузли хорижий университетлар ва илмий марказлар билан илмий-инновацион соҳада икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар режасини тасдиқласин ва амалга оширилишини таъминласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 4-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
13. Вазирлик бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
14. Мазкур фармон ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб инновацион ривожланиш вазири И.Ю.Абдурахмонов белгилансин.
Фармон ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига 2022 йил 1 январга қадар ахборот берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ