14.04.2021
14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хоннинг видеоанжуман шаклидаги учрашуви бўлиб ўтди.
Кун тартибидан кўп қиррали Ўзбекистон-Покистон шериклигининг долзарб масалалари, шу жумладан конструктив сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо, инвестициялар, транспорт ва транзит соҳаларидаги амалий ҳамкорликни, ҳудудлар ўртасидаги алмашинувларни кенгайтириш, маданий-гуманитар ҳамкорлик дастурларини илгари суриш масалалари ўрин олди.
Суҳбат аввалида икки мамлакат етакчилари муборак Рамазон ойи бошлангани муносабати билан бир-бирини самимий табриклаб, дўст халқларимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.
Кейинги йилларда олий ва юқори даражадаги мунтазам мулоқотлар икки томонлама муносабатларнинг жадал ривожланишига, уларни аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Пандемияга қарамай, фаол алмашинувлар давом этди. Ўзаро савдо ҳажми ошиб, қўшма бизнес лойиҳалари сони кўпаймоқда.
Ҳудудлар ўртасида шериклик алоқалари йўлга қўйилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг февраль ойида Панжоб штати ҳокими раҳбарлигидаги ишбилармонлик миссиясининг Наманган вилоятига ташрифи муваффақиятли ўтди.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Трансафғон темир йўлини қуриш бўйича стратегик лойиҳа амалга оширилмоқда.
Таълим, маданият ва туризм соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорлик ҳам кенгаймоқда.
Онлайн-учрашувда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги шериклик ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий вазифалари батафсил кўриб чиқилди ва биринчи галдаги чоралар белгилаб олинди. Бўлажак тадбирлар режаси келишилди.
Конструктив сиёсий мулоқотни, парламентлараро ҳамда халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасидаги яқин алоқаларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Транспорт ва транзит соҳасидаги устувор лойиҳаларни илгари суриш, товар айирбошлашни кўпайтириш ва ишлаб чиқариш кооперациясини кучайтириш учун қулай шароитларни яратиш учун қўшимча чоралар кўриш, жумладан, имтиёзли савдо тўғрисида битим ва иқтисодиётнинг асосий тармоқларида ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш, қўшма ишбилармонлик форумларини ўтказиш юзасидан келишувларга эришилди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги авиақатновларни тиклаш масаласи ўрганилади.
Икки мамлакат етакчилари Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан тез фурсатда ҳал этиш масалаларига алоҳида тўхталдилар. Ушбу мамлакатнинг жадал иқтисодий тикланишига қаратилган саъй-ҳаракатлар қўллаб-қувватланди.
Халқаро ва минтақавий кун тартибининг бошқа жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Умуман, Ўзбекистон-Покистон саммити ҳар доимгидек очиқ, амалий ва дўстона руҳда ўтди.
Учрашув якунида Қўшма баёнот қабул қилинди ҳамда стандартлаштириш ва метрология, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.