03.03.2021
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориИчки истеъмол бозорида гўшт, сут, тухум ва бошқа чорвачилик маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик озуқа базасини кенгайтириш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича илмий асосланган усуллар ва интенсив технологияларни кенг жорий этиш мақсадида:
Белгилансинки:
2021 йил 1 мартдан бошлаб Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг компенсация ва кафиллигидан фойдаланган чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қуёнчилик йўналишидаги кредити бўйича тўловларни ўз вақтида қайтараётган тадбиркорлик субъектларига, уларнинг кредит бўйича қарздорлиги тўлиқ қопланмагунча, янги кредитлар бўйича жамғарманинг кафиллигидан яна фойдаланишга рухсат берилади;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 мартдаги “Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4243-сон қарори 2-бандига мувофиқ берилган имтиёзлар чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи барча хўжалик субъектларига ва омихта ем ишлаб чиқарувчи корхоналарга нисбатан ҳам татбиқ этилади;
2021 йил 1 январдан бошлаб 2024 йил 1 январга қадар наслчилик субъектлари учун уларнинг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилади.
2. Тадбиркорлик субъектлари томонидан 1-иловада келтирилган товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилганда:
уларни олиб киришда ҳисобланган қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддати 180 кунга узайтирилади;
тўланган қўшилган қиймат солиғининг ҳисобот даври якунидаги салбий фарқ суммаси солиқ тўловчининг аризасига асосан тезлаштирилган тартибда 20 кундан кечиктирмасдан қоплаб берилади ҳамда солиқ суммаси қоплаб берилгандан сўнг, камерал солиқ текшируви умумий тартибда амалга оширилади.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2021 йил 1 июлдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган:
чорвачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун 2 000 сўм ҳамда сутининг ҳар бир литри учун 200 сўм;
паррандачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, реализация қилинган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 800 сўм;
балиқчилик хўжаликларига – интенсив усулда етиштирилган совуқ сув балиқлари (лосос, форель ва осётр)нинг ҳар бир килограмми учун 3 000 сўм, қолган турдаги балиқлар учун 1 000 сўм миқдорида республика бюджетидан субсидия ажратилади.
Ушбу бандда назарда тутилган субсидиялар қўшилган қиймат солиғидан қарздорлиги мавжуд бўлмаган, шунингдек, контрагентларни танлашда лозим даражада эҳтиёткор бўлган корхоналарга уларнинг субсидиялар олиш тўғрисидаги аризаларига асосан кейинги ойнинг 25 санасигача ажратилади.
4. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига ўзлари томонидан етиштирилган ва реализация қилинган маҳсулотлар учун субсидиялар ажратиш тартибини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
“Ўзбекчорванасл” агентлиги марказий аппарати тузилмасида 5 та штат бирлигидан иборат Паррандачилик ва қуёнчилик соҳаларини ривожлантириш бошқармасини ташкил этиш;
“Ўзбекчорванасл” агентлиги директорининг паррандачилик ва қуёнчилик соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимини киритиш;
“Ўзбекчорванасл” агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар “Чорванасл” марказларида 2 та штат бирлигидан иборат паррандачилик ва қуёнчилик ишларини ривожлантириш секторини ташкил этиш;
Давлат ветеринария хизмати тизимида чорва моллари, паррандалар ва балиқлар озуқаси таркибини таҳлил қилиш ҳамда паррандалар касалликлари ташхисини қўйиш бўйича лабораторияларни ташкил этиш;
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига қўшимча равишда республикада гўшт, сут ва бошқа чорвачилик маҳсулотларини етиштирувчи ва қайта ишловчи, тайёрловчи ҳамда реализация қилувчи корхоналар фаолиятини ривожлантиришга, шунингдек, ўзаро ҳамкорлигини таъминлашга кўмаклашиш вазифасини юклаш.
6. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси “Ўзбекчорванасл” агентлиги марказий аппарати ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар “Чорванасл” марказлари тузилмасига киритилаётган ўзгартиришларни ҳамда чорва моллари ва паррандалар ва балиқлар озуқаси таркибини таҳлил қилиш ва паррандалар касалликлари ташхисини қўйиш бўйича лабораториялар ходимларини мазкур қўмита тизимининг умумий штат бирликлари ҳисобига шакллантирсин.
2021 йил 1 апрелга қадар чорва моллари ва паррандалар озуқаси таркибини таҳлил қилиш ҳамда паррандалар касалликлари ташхисини қўйиш бўйича лабораторияларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан 3 миллиард сўм маблағ ажратилсин.
7. Қуйидагилар “Ўзбекчорванасл” агентлигининг паррандачилик ва қуёнчилик соҳасидаги қўшимча вазифалари этиб белгилансин:
паррандачилик ва қуёнчилик тармоғини ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурий чора-тадбирлар амалга оширилишини мувофиқлаштириш, ягона илмий-техник, технологик, инвестициявий ва экспорт сиёсатини изчил амалга ошириш, шунингдек, ички ва ташқи бозорларда нархлар мониторингини олиб бориш;
паррандачилик ва қуёнчилик маҳсулотларини сотиш бозорларини кенгайтириш бўйича маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, маҳсулотлар нархлари шаклланишининг мақбул механизмини белгилаш бўйича таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
парранда ва қуёнлар учун тўла қийматли, юқори оқсилли озуқалар ишлаб чиқариш учун янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва мавжудларини модернизация қилиш йўли билан паррандачилик ва қуёнчилик тармоғининг озуқа базасини мустаҳкамлаш;
паррандачилик ва қуёнчилик маҳсулотларини етиштириш ва уни қайта ишлаш соҳасида ишлаб чиқилган инновацион технологияларни кенг жорий этиш учун илмий-тадқиқот ишларини олиб боришни ташкил қилиш.
8. Молия вазирлиги:
а) “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда балиқчилик хўжаликлари томонидан сунъий сув ҳавзалари, уларда етиштириладиган балиқлар ва балиқчилик технологик ускуналарини суғурталаш тартибини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Бунда, бўрон, довул, сел, сув тошқини, зилзила, касалликлар оқибатида нобуд бўлиш, мазкур жойга хос бўлмаган даражада ҳавонинг совуқ ёки иссиқ келиши, портлаш, балиқхўр қушлар томонидан зарар етказилиши ва учинчи шахс томонидан қасддан қилинган ҳаракат, ўғриликлар (жиноят иши очилган бўлса) суғурта ҳодисалари сифатида суғурталаш тартибида назарда тутилсин;
б) “Ўзбекчорванасл” агентлиги билан биргаликда республикада фаолият юритаётган паррандачилик корхоналаридаги мавжуд паррандаларни турли касалликлар ва фавқулодда вазиятлар (электр энергияси ва табиий газдаги узилишлар) оқибатида нобуд бўлишини суғурталаш тартибини ишлаб чиқcин.
Бунда, паррандалар бош сонини суғурталаш бўйича суғурта товонининг 50 фоизигача бўлган қисми Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши назарда тутилсин.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари аҳолига сифатли ва арзон парранда ҳамда балиқ маҳсулотларини етказиб беришни ташкил этиш мақсадида “Паррандасаноат” ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмалари таклифига асосан:
паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига ўзи ишлаб чиқарган тухум, парранда гўшти ва балиқ маҳсулотларини сотиш учун деҳқон бозорлари ва аҳоли гавжум ҳудудлардан (арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ўтказилиши белгиланган жойлар негизида) ўрнатилган тартибда доимий савдо жойлари (нуқталари);
ҳар бир деҳқон бозорида ҳамда шаҳар (туман)даги аҳоли гавжум жойларда камида 2 тадан енгил конструкция асосида парранда ва балиқ маҳсулотлари сотишга мўлжалланган савдо дўконларини қуриш учун жой ажратилишини таъминласин.
10. “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ рапс (уруғи, шроти, кунжараси, ёғи), писта (уруғи, шроти, кунжараси, ёғи), соя (уруғи, шроти, кунжараси, ёғи), балиқ уни ва ёғи, арпа, макка, фосфат (трикальций, монокальций, дикальций) ва холин хлорид маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи хорижий компанияларни биржа савдоларига жалб қилиш чораларини кўрсин.
Маҳсулотларни биржа орқали миллий ёки хорижий валютада импорт қилишга рухсат берилади.
11. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Давлат божхона қўмитаси ва “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ билан биргаликда икки ой муддатда халқаро тажрибани ўрганган ҳолда биржа савдолари орқали маҳсулотлар импортини амалга оширишда “биржа омбори” хизматларидан фойдаланиш механизмини жорий этиш бўйича таклиф киритсин.
12. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлигининг чорвачилик йўналишидаги лойиҳалари, лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари лойиҳа доирасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шартномалар ва мол-мулклари билан биргаликда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига ўтказилсин.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш бўйича Франция тараққиёт агентлигининг кредит линиясини 2021 йил 1 июлига қадар ҳамда Жаҳон банки кредит линиясини 2021-2022 йилларда жалб қилиш чораларини кўрсин.
13. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Андижон вилояти ҳокимлигининг 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳузуридаги Марҳамат енгил саноат техникуми негизида Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Андижон ветеринария медицинаси техникумини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
14. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб республикадаги барча ветеринария медицинаси ва агротехнологиялар техникумларида паррандачилик, ветеринария, балиқчилик, асаларичилик ва қуёнчилик йўналишларида мутахассислар тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси асосида қабул квота параметрларини шакллантирсин.
15. Қашқадарё вилоятининг Касби, Нишон, Миришкор ва Косон туманларини чорвачиликка ихтисослаштириш, ушбу туманларда замонавий чорвачилик комплексларини ташкил этиш мақсадида қуйидагилар:
Қашқадарё вилоятида чорвачиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ;
Қашқадарё вилоятида 2021-2022 йилларда Дастур доирасида ерларни мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича прогноз кўрсаткичлари 3-иловага мувофиқ;
Қашқадарё вилоятида 2021-2022 йилларда суғориш каналларини тозалаш ҳисобига қўшимча ер майдонларини ўзлаштириш параметрлари 4-иловага мувофиқ;
Қашқадарё вилоятида 2021-2022 йилларда пичанзор ва яйлов ерларида янгидан қазиладиган қудуқлар дислокацияси 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
16. Белгилансинки:
а) ушбу қарорнинг 4 ва 5-иловасига мувофиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади;
б) қўшимча ер майдонларини ўзлаштириш ҳисобига қайта фойдаланишга киритиладиган ер майдонларида қуриладиган қудуқларга ўрнатиладиган насослар тегишли агрокластер, фермер ва деҳқон хўжаликларининг балансига ҳамда уларга ўрнатиладиган трансформатор ва электр узатиш тармоқлари “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ балансига ўтказилади.
в) Қашқадарё вилоятининг барча туманларида чорвачиликни ривожлантиришга оид лойиҳаларни амалга оширишга:
АТ Халқ банки ва бошқа тижорат банклари томонидан 2021-2022 йилларда хорижий молия институтлари кредит линиялари ҳисобидан 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар йўналтирилади;
Қашқадарё вилоятига 2021-2022 йилларда чет давлатлардан олиб келинадиган чорва молларини сотиб олиш учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига зарур кредитлар ваколатли банклар томонидан Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида мавжуд ресурслар ҳисобидан ажратиб борилади.
17. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги:
тадбиркорлик субъектларини чорвачилик билан шуғулланишга қизиқтириш, уларни чорвачилик соҳасида билим ва кўникмаларга эга бўлиши учун ўқитиш, шунингдек, бу жараёнга хорижий мамлакатлардан малакали мутахассисларни жалб қилиш;
чорвачилик соҳасига оид семинар, анжуман, ярмарка ва кўргазмалар ташкил қилиш, шунингдек, маҳаллий чорвадорларнинг хорижий мамлакатларда ўтказиладиган ярмарка ва кўргазмаларда иштирокини таъминлаш;
қўшилган қиймат занжирини яратиш мақсадида чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва қайта ишловчилар ўртасида кооперацияни йўлга қўйиш бўйича яқиндан амалий ёрдам кўрсатсин.
18. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда лойиҳа ташаббускорларига ажратилаётган ер участкаларида уларнинг мурожаатига асосан ер остидан сув чиқариш учун суғориш тик қудуқлари бурғилаш жойларини аниқласин ҳамда уларни хабардор қилсин.
19. Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси суғориш тик қудуқларини бурғилаш лойиҳаларига гидрогеологик хулоса берилишини таъминласин.
20. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 6-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
21. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
22. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари Ш.М. Ғаниев ва Ж.А. Қўчқоров белгилансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар чорак якуни бўйича ахборот киритиб борилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ