26.02.2021
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ФармониМамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аграр соҳанинг барча тармоқларини молиялаштириш, ички бозорда нарх барқарорлигини таъминлаш, юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш, аграр соҳани механизациялаш, маҳсулот етиштириш, харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этиш мақсадида:
1. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг қишлоқ хўжалигини молиялаштиришнинг қўшимча механизмлари ва молиявий воситаларини жорий этишни кенгайтириш мақсадида Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) фаолиятини янги босқичга кўтаришга доир таклифи маъқуллансин.
2. Белгилансинки:
а) агротехник тадбирларни, жумладан, кузги шудгорлашни ва экин майдонларига минерал ўғитларни солишни ўз вақтида таъминлаш мақсадида 2022 йил ҳосилидан бошлаб пахта хомашёсини етиштириш харажатларини молиялаштириш тегишли молия йилидан олдинги йилнинг 1 ноябридан бошланади;
б) пахта йиғим-терими учун тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг бир қисмини қоплаш учун компенсация тўлаш Жамғарма ҳисобидан амалга оширилади.
Бунда:
миллий валютада ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмини;
хорижий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 30 фоизигача, лекин 3 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун компенсация кредитнинг дастлабки 9 ойи учун тўланади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда бир ой муддатда мазкур бандда назарда тутилган давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш тартибини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
3. Сабзавот етиштириш фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2021 йилда:
сабзавотчилик кластерлари, фермер хўжаликлари ва бошқа сабзавот етиштирувчиларга тижорат банклари томонидан 9 ой муддатга йиллик фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкасида (шундан, банк маржаси 2 фоиз) етиштириладиган сабзавот қийматининг 40 фоизигача миқдорда кредит ажратилади;
сабзавот етиштириш харажатларини кредитлаш учун Жамғарма томонидан 9 ой муддатга йиллик фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкасидан икки фоиз пункт камайтирган ҳолда тижорат банкларига жойлаштирилади;
тижорат банки томонидан кредитлар битимда белгиланган муддатда қайтарилмаса, кредитларнинг қайтарилмаган қисмига фоизлар Марказий банкнинг асосий ставкасига 6 фоиз пункт қўшиб ҳисобланади.
2022 йил ҳосилидан бошлаб, асосий майдонларда сабзавот етиштириш учун ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган қисми учун компенсация тўлаш тизими жорий этилади.
4. 2021 йилдан бошлаб Жамғармага қуйидагиларни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан маблағ ажратилсин:
жалб қилинган чет эл кредитлари бўйича валютанинг айирбошлаш курсининг ўзгариши натижасида юзага келадиган зарар;
пахта йиғим-терими учун қишлоқ хўжалиги корхоналарига ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставканинг бир қисмини қоплаш учун тўланадиган компенсация;
молиявий тақчилликни бартараф этиш учун жалб этилган маблағлар, шу жумладан, бюджет ссудаси ва тижорат банкларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш харажатларини молиялаштириш учун жойлаштирилган ресурсларнинг фоиз ставкалари ўртасида юзага келадиган салбий тафовут.
Молия вазирлиги мазкур бандда кўзда тутилган мақсадлар учун маблағларни 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштирсин ва 2022 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.
5. Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
пахта хомашёси ва буғдой етиштириш харажатларини молиялаштириш;
асосий майдонларда экиладиган сабзавот маҳсулотларини етиштиришни молиявий қўллаб-қувватлаш;
ички бозорда дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш учун зарур буғдойни бозор нархларида харид қилиш ва биржа савдоларига қўйиш;
фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларига замонавий, юқори самарали қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб беришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;
қишлоқ хўжалигини молиялаштириш ва ҳисоб-китоб тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
ривожланган давлатларнинг аграр соҳасини молиялаштириш бўйича тажрибасини ўрганиш ҳамда уларни республикада жорий қилиш.
6. Белгилансинки:
а) қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари ҳисобланади:
тижорат банкларига мақсадли ҳамда лизинг ташкилотларига қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг шартларида етказиб беришни молиялаштириш учун жойлаштирилган кредит ресурслари ҳамда қарз маблағларини қайтаришдан тушадиган тушумлар ва уларга ҳисобланган фоиз тўловлари;
Жамғарма томонидан сотиб олинган буғдойни харид қилиш (сотиб олиш, сақлаш, ташиш ва сотиш харажатлари билан бирга) ва сотиш нархлари ўртасида юзага келган ижобий тафовут;
жалб қилинган чет эл кредитлари бўйича валютанинг айирбошлаш курсининг ўзгариши натижасида юзага келадиган зарарни қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратилган маблағлар;
жалб этиладиган кредитлар, шу жумладан, чет эл кредитлари ва инвестициялар, халқаро молия институтлари грантлари ва донор ташкилотларининг маблағлари;
Жамғарманинг маблағларини тижорат банкларига депозитга жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;
қишлоқ хўжалиги техникаси лизинг ёки кредит шартларида харид қилинганда уларнинг фоиз харажатлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникасини харид қилиш учун субсидия ҳамда комбайнларни хорижда хизмат кўрсатиши (хизматлар экспорти) учун ташиш транспорт харажатларига компенсация тўлашга Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратилган маблағлар;
пахта йиғим-терими учун ажратиладиган тижорат кредитлар бўйича фоиз ставканинг бир қисмини қоплашга компенсация тўлаш учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратилган маблағлар;
молиявий тақчилликни бартараф этиш учун жалб этилган маблағлар, шу жумладан, бюджет ссудаси ва тижорат банкларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун жойлаштирилган ресурсларнинг фоиз ставкалари ўртасида юзага келадиган салбий тафовутни қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратилган маблағлар;
бюджет тизимининг бюджетларидан жалб қилинадиган маблағлар;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
б) жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадлар учун сарфланади:
пахта хомашёси, буғдой ҳамда асосий майдонларда экиладиган сабзавот маҳсулотларини етиштиришни молиялаштириш учун тижорат банкларига ресурс жойлаштириш;
Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этишни мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши таклифига асосан тижорат вакили билан биргаликда ички бозорда нарх барқарорлигини таъминлаш учун хорижий давлатлардан буғдой сотиб олиш;
жалб қилинган бюджет ссудаси, кредит ва унга ҳисобланган фоизларни қайтариш;
жалб қилинган чет эл кредитлари бўйича чет эл валютаси ва сўмдаги барча харажатларни, шунингдек, валюта курси ҳамда фоиз тўловлари бўйича юзага келадиган зарарларни қоплаш;
қишлоқ хўжалиги техникаси лизинг ёки кредит шартларида харид қилинганда уларнинг фоиз харажатлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникасини харид қилиш учун қонунчиликда белгиланган миқдорда субсидия тўлаш;
комбайнларнинг хорижда хизмат кўрсатиши (хизматлар экспорти) учун ташиш транспорт харажатларига қонунчиликда белгиланган миқдорда компенсация тўлаш;
пахта йиғим-терими учун тижорат кредитлар бўйича фоиз ставканинг бир қисмини қоплаш учун қонунчиликда белгиланган миқдорда компенсация тўлаш;
Жамғарма томонидан сотиб олинган буғдойни харид қилиш (сотиб олиш, сақлаш, ташиш ва сотиш харажатлари билан бирга) ва сотиш нархлари ўртасидаги салбий тафовут бўйича зарарларни қоплаш;
Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасини бошқариш департаментини сақлаш харажатларини молиялаштириш.
в) Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланишни назорат қилиш Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан амалга оширилади.
7. Қуйидагилар:
Жамғарманинг барча ҳисобварақларига, шу жумладан, Жамғарма айланма маблағлари ҳисобидан операциялар ўтказиладиган тегишли банк ҳисобварақларига нисбатан чеклов чоралари қўлланилмаслиги;
Жамғарма маблағлари белгиланган муддатларда қайтарилмаган тақдирда, улар Жамғарма томонидан инкассо топшириқномаси билан ундирилиши белгилаб қўйилсин.
8. Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси кенгаши таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Қуйидагилар Жамғарма кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этишни мувофиқлаштирувчи Республика кенгашига ички бозорда нарх барқарорлигини таъминлаш учун хорижий давлатлардан буғдой сотиб олишга доир таклиф киритиш;
Жамғарма ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларнинг аграр соҳа тармоқларини молиялаштириш ва ривожлантириш бўйича амалга ошираётган ишлари натижаси тўғрисида ҳисоботларини эшитиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасига Жамғарма фаолиятини такомиллаштиришга доир таклифларни киритиш;
Жамғарма томонидан тайёрланадиган Жамғарманинг тушумлар ва харажатлар балансини кўриб чиқиш ва унинг Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлаш;
Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаментининг Жамғарма маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича ўтказган назорат тадбирлари натижалари юзасидан хулосаларни муҳокама қилиш ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш.
9. Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасини бошқариш департаментининг (кейинги ўринларда – Департамент) тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
10. Департаментга, истисно тариқасида, Жамғарма маблағларини электрон аукцион ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартномалар асосида тижорат банкларида депозитга жойлаштириш ҳуқуқи берилсин.
11. Марказий банк бир ҳафта муддатда Жамғармага молиявий операциялар ўтказиш учун миллий ва чет эл валютасида тегишли махсус ҳисобварақлар очилишини таъминласин.
12. Молия вазирлиги:
Жамғармада вақтинчалик маблағ тақчиллиги юзага келганда, жорий йилнинг ўтган даврида жойлаштирилган давлат қимматли қоғозларининг ўртача фоиз ставкасида икки йил муддатгача бюджет ссудасини ажратсин;
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда нарх барқарорлигини таъминлаш учун дон сотиб олиш, сотиш ва сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
13. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Жамғарма томонидан хўжалик юритувчи субъектларга компенсация ва субсидияларни тўлаш тартибини соддалаштириш ва такомилаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
Бунда Жамғарма томонидан компенсация ва субсидияларни тўлаш Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг буюртмалари асосида амалга оширилиши назарда тутилсин.
14. Қуйидагилар:
Бош вазир ўринбосари Ж.А.Қўчқоров ушбу Фармоннинг тўлиқ ва ўз вақтида ижро этилишига, масъул вазирлик ва идораларнинг фаолиятини самарали ташкил этишга ҳамда мувофиқлаштиришга, улар раҳбарларининг кўрилган чоралар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитишга, аниқланган муаммо ва камчиликларни тезкор бартараф этишга;
молия вазири Т.А.Ишметов аграр соҳани молиялаштиришда юзага келадиган тақчилликни қоплаш учун зарур маблағларни бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан ўз вақтида ажратишга, шунингдек, бюджетдан қўшимча ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланишини назорат қилишга шахсан масъул ва жавобгар эканлиги белгилансин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатлари 4-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
17. Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
18. Мазкур Фармон ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар чорак якуни бўйича ахборот бериб борилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ