03.02.2021
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориЎзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги “Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими ҳамда замонавий хизматлар кўрсатишни янада ривожлантириш тўғрисида”ги ПФ-6159-сон фармони ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Фанлар академиясининг:
а) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази (кейинги ўринларда – Миллий марказ) тизимида:
Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Ғаллаорол илмий-тажриба станцияси негизида Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институтини;
Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Қашқадарё филиали негизида Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институтини;
Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон илмий-тажриба станцияси ва Шоличилик илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон илмий-тажриба станцияси негизида Дон ва шоли илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасини ташкил этиш;
б) қуйидагилар:
Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Академик М.Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти;
“Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятининг “Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти” масъулияти чекланган жамиятини белгиланган тартибда давлат муассасаси шаклида қайта ташкил этган ҳолда Миллий марказ тизимига ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Қуйидагилар:
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази бошқарув аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардаги ахборот ва маслаҳат тизими асосида иш юритадиган ҳудудий агрохизматлар марказлари (кейинги ўринларда – ҳудудий агрохизматлар марказлари) намунавий тузилмаси 3-иловага мувофиқ;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда ташкил этиладиган ҳудудий агрохизматлар марказлари жойлашув манзиллари рўйхати 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Қишлоқ хўжалиги вазирига, зарур ҳолларда, Миллий марказ, унинг таркибидаги илмий-тадқиқот муассасалари ва агрохизматлар марказларининг тузилмасига ходимларнинг чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қўшимча штат бирликларини киритиш ҳуқуқи берилсин.
3. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Х.Тошқулов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев) ушбу қарорга 4-иловада кўрсатилган таълим муассасаларининг ҳудудий агрохизматлар марказларига ўтказилаётган бино-иншоотлари ҳамда мол-мулклари, уларнинг фаолиятини таъминлашга етарли қисмини белгиланган тартибда оператив бошқарув ҳуқуқи билан, шунингдек, ер участкаларини доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ўтказилишини таъминласин.
4. Белгилансинки:
а) Миллий марказга қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари – Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази бош директори раҳбарлик қилади;
б) Миллий марказнинг қўшимча 11 нафар ҳамда ҳудудий агрохизматлар марказларининг қўшимча 119 нафар бошқарув ходимлари штат бирликлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилотларнинг мавжуд штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобига шакллантирилади;
в) Миллий марказ ва ҳудудий агрохизматлар марказлари қишлоқ хўжалигида билим ва инновацияларни, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини жорий этиш соҳасида ваколатли орган ҳисобланади ҳамда юридик шахс мақомига, ўз балансига, Ўзбекистон Республикаси Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, Давлат герби тасвирланган муҳрига эга бўлади;
г) Миллий марказ Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги “Агроинновация” давлат унитар корхонаси ва Тошкент давлат аграр университети ҳузуридаги “Ғўза уруғчилиги маркази” давлат муассасасининг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
д) Миллий марказ тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари ва илмий-тажриба станциялари юридик шахс мақомига эга давлат муассасалари бўлиб:
Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Қашқадарё филиалининг;
Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станциясининг;
Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти ҳузуридаги “Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти” масъулияти чекланган жамиятининг;
Дон ва шоли илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Қорақалпоғистон илмий-тажриба станциясининг ҳамда Шоличилик илмий-тадқиқот институти Қорақалпоғистон илмий-тажриба станциясининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий ворислари ҳисобланади;
е) ҳудудий агрохизматлар марказлари биносига жойлаштирилган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳудудий бўлинмаларининг мутахассислари фаолияти ҳудудий агрохизматлар марказлари томонидан мувофиқлаштирилади;
ж) қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий-тадқиқот институтлари, муассасалари, илмий-тажриба станциялари ва участкалари (кейинги ўринларда – илмий-тадқиқот муассасалари), олий таълим муассасалари ҳамда Миллий марказ ва ҳудудий агрохизматлар марказлари:
ер участкаларини мақбуллаштириш, олиб қўйиш ва уларнинг ихтисослашувига мос бўлмаган экинларни жойлаштиришга;
илмий ходимларини уларнинг фаолиятига хос бўлмаган бошқа ишларга жалб этишга йўл қўйилмайди.
5. Давлат активларини бошқариш агентлиги (А.Ж.Ортиқов) “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ устав капиталидаги давлат улуши Миллий марказ тизимига ўтказилаётган “Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти” масъулияти чекланган жамияти устав капиталидаги “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ улушининг баланс қиймати ҳисобига камайтирилишини таъминласин.
6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
а) ҳудудий агрохизматлар марказлари фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида, уларда хизмат кўрсатишни ташкил этиш учун ойлик маоши ва устамаларни сақлаб қолган ҳолда агросаноат соҳасига хизмат кўрсатувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари мутахассислари жалб этилади;
б) фан ва таълимнинг узвий интеграциясини таъминлаш мақсадида:
тажриба-синов тариқасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасаларининг кафедра мудирлари бир вақтнинг ўзида тегишли таълим йўналиши бўйича илмий-тадқиқот институтлари директорларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари ҳисобланади;
олий таълим муассасалари кафедра мудирларига ҳамда илмий-тадқиқот институти директорининг илмий ишлар ва инновацион ишланмалар бўйича ўринбосарига таълим жараёнини илм-фан билан интеграция қилган ҳолда ташкил этиш вазифаси юклатилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги икки ҳафта муддатда мазкур бандга асосан тажриба-синов ўтказиладиган олий таълим муассасалари кафедралари ва илмий-тадқиқот институтларини аниқласин ҳамда 2021 йил 1 декабрга қадар тажриба-синов натижалари юзасидан аниқ таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Қуйидагилар Миллий марказ ва ҳудудий агрохизматлар марказлари фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
белгиланган тартибда жалб этиладиган бюджетдан ташқари маблағлар, халқаро молия институтлари маблағлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
бўш турган бюджетдан ташқари маблағларни белгиланган тартибда тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Белгилаб қўйилсинки, Миллий марказ ва ҳудудий бўлинмалари ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий-тадқиқот муассасаларини бюджет маблағлари ҳисобидан сақлаш харажатлари 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида идоравий мансублигига кўра тегишли вазирлик ва идораларга ажратиладиган маблағлар доирасида, 2022 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар:
ҳудудий агрохизматлар марказларини ташкил этишда давлат-хусусий шериклик механизмлари асосида хусусий секторнинг иштирокини;
ҳудудий агрохизматлар марказларида хизмат кўрсатишни ташкил этиш учун ойлик маош ва устамаларни сақлаб қолган ҳолда тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, хизмат кўрсатувчи банк, суғурта ва бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари мутахассислари жалб этилишини;
хусусий мулкчилик асосида юридик шахс мақомига эга бўлган ташкилотлар томонидан қишлоқ хўжалиги консалтинг хизматларини ташкил этиш бўйича ташкилий, молиявий ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тадбирлари амалга оширилишини таъминласин.
9. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев), Давлат активларини бошқариш агентлиги (А.Ж.Ортиқов), Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги (Ф.К.Умаров) ва Тошкент вилояти ҳокимлиги (Д.А.Хидоятов) белгиланган тартибда қуйидагиларни:
Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманининг А.Яссавий маҳалласи ҳудудида жойлашган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги “Агроинновация” давлат унитар корхонасига тегишли барча мол-мулкларни оператив бошқарув ҳуқуқи билан ҳамда 10,7 гектар ер участкасини доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан Миллий марказга;
Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманининг А.Яссавий маҳалласи ҳудудида жойлашган Тошкент давлат аграр университети ҳузуридаги “Ғўза уруғчилиги маркази” давлат муассасасига тегишли бинони оператив бошқарув ҳуқуқи билан Миллий марказга ва 57,4 гектар ер участкасини доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан Миллий марказнинг Тошкент вилояти агрохизматлар марказига ўтказиб берсин.
10. Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:
қайта ташкил этилаётган муассасаларнинг мол-мулки ва пул маблағларини оқилона тақсимлаш мақсадида уларни хатловдан ўтказишни;
мазкур қарорга мувофиқ қайта ташкил этилаётган муассасаларнинг моддий-техник базасини яратиш, улар ишини самарали ташкил этиш учун зарур бўлган компьютер техникаси, алоқа воситалари билан жиҳозлаш тадбирлари ташкил қилинишини;
қайта ташкил этилаётган муассасаларни, уларнинг ҳудудий бўлинмаларини жойлаштириш, шунингдек, улар фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этишни;
қайта ташкил этилаётган муассасаларнинг штат бирликларини таҳлил қилган ҳолда иш ҳажмидан келиб чиқиб, қайта тақсимланишини ҳамда уларни шаффоф тарзда ўтказиладиган танловлар асосида юқори малакали, замонавий билимга ва дунёқарашга эга кадрлар билан тўлдиришни таъминласин.
11. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев):
2021 йил 1 апрелга қадар Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида Республика агрохизматлар, ахборот маслаҳат (extension) марказини ташкил этиш чораларини кўрсин;
2021 йил май ойидан бошлаб ҳудудий агрохизматлар марказларини босқичма-босқич ташкил этсин;
икки ҳафта муддатда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппаратида Ўқув юртлари ва малака ошириш бўлими негизида 6 та штат бирлигидан иборат Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизимини ривожлантириш бошқармасини ташкил этсин. Бунда, қўшимча 3 та штат бирлиги вазирлик тизимидаги мавжуд бошқарув ходимлари штат бирликларини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади;
бир ой муддатда Миллий марказнинг аниқ ҳисоб-китобларига асосан унинг тизимидаги илмий муассасаларда ташкил этиладиган бирламчи лабораториялар, уруғликни сақлаш, қуритиш омборхоналарини барпо этиш, уларни қадоқлаш ва қайта ишлаш ускуналари билан жиҳозлашга “Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида маблағ ажратиш чораларини кўрсин;
икки ой муддатда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда Миллий марказ ва илмий-тадқиқот муассасаларининг тузилмаларини тасдиқлашни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин;
икки ой муддатда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳамда унинг ҳудудий агрохизматлар марказлари тўғрисидаги низомларни ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
икки ой муддатда Инновацион ривожланиш вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Фанлар академияси билан биргаликда қишлоқ хўжалиги экинларининг нав муаллифлари ва оригинаторларини рағбатлантириш, уруғчилик ва кўчатчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тартибга солиш, уруғлик ва кўчатларни сертификатлаш тизимини жорий этиш механизмини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
2022 йил якунига қадар Нидерландиянинг Вагенинген, Буюк Британиянинг Бангор ва бошқа хорижий етакчи илмий марказлар билан маслаҳатлар ўтказган ҳолда Миллий марказнинг юқори технологиялар асосидаги кўп тармоқли Илмий-тадқиқот марказини ташкил этсин. Бунда, Илмий-тадқиқот марказида замонавий юқори технологияли лаборатория, йўналишлар бўйича кўргазма майдончалари, ўсимликлар флораси миллий генбанки, илмий стратегик таҳлил маркази ташкил этилади ҳамда ҳар бир йўналиш бўйича халқаро маслаҳатчилар гуруҳи фаолияти йўлга қўйилади.
12. “Эл-юрт умиди” жамғармаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси билан биргаликда 2021 йил 1 мартга қадар илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий ходимлари ҳамда соҳа мутахассисларини, биринчи навбатда, қуйи тизимдагиларни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобига хорижий етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига узоқ ва қисқа муддатли стажировка, малака ошириш ва ўқишга юбориш юзасидан 2021-2022 йилларга мўлжалланган дастурни тасдиқласин ҳамда ижрога қаратсин.
13. Миллий марказ Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Университет кўчаси, 2-уй манзилида жойлаштирилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 5-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорлари 6-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
16. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.А.Ходжаев), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Ж.Хаджаев), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А.К.Кўчимов) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев) билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
17. Мазкур қарорнинг ижросини ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев, қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А.Ходжаев, қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари – Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази бош директори, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари белгилансин.
Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ