08.02.2021
Президент Шавкат Мирзиёев 8 февраль куни Андижон ва Тошкент вилоятларидаги инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Дастлаб жорий йилда ишга тушириладиган лойиҳалар ҳақида ахборот берилди. Хусусан, Андижон вилоятида бу йил умумий қиймати 1 миллиард 433 миллион доллар бўлган 616 та лойиҳа фойдаланишга топширилади. Соҳалар кесимида айтганда, уларнинг 258 таси саноат, 185 таси хизмат кўрсатиш, 173 таси қишлоқ хўжалиги тармоқларида. Буларнинг натижасида қарийб 10 триллион сўмлик ишлаб чиқариш қуввати ташкил этилиб, 95 миллион долларлик импорт ўрнини босиш ҳамда 265 миллион долларлик экспорт имконияти яратилади. 61 мингта янги иш ўрни очилади.
Масалан, “Тетратекс” масъулияти чекланган жамияти томонидан Балиқчи туманида тўқимачилик комплекси ташкил қилинмоқда. 2021-2022 йилларда тўрт босқичда амалга оширилиши режалаштирилган ушбу лойиҳанинг жами қиймати 126 миллион евро. Корхона ип-калавадан бошлаб тайёр трикотаж маҳсулотларигача бўлган жараёнларни қамраб олади. Жорий йил охирида ишга тушириладиган биринчи босқичда 2 минг 500 та, барча босқичлар якунида эса 10 мингта иш ўрни яратилади.
Бу каби лойиҳалар бўйича жадал иш олиб бориш билан бирга янгилари ҳам шакллантирилмоқда. Масалан, Андижон вилоятида умумий қиймати 782 миллион доллар бўлган 53 та янги инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Тақдимотда ушбу лойиҳаларнинг истиқболлари, молиялаштириш манбалари ва инфратузилма масалалари юзасидан маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни иш ўринларига талаб юқори бўлган маҳаллаларда жойлаштириш, давлат-хусусий шериклик асосидаги корхоналарни кўпайтириб, бандликни ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Тошкент вилоятида бу йил 355 та лойиҳа ишга туширилади. Умумий қиймати 1 миллиард 624 миллион доллар бўлган мазкур проектларнинг 198 таси саноат, 81 таси хизмат кўрсатиш, 76 таси қишлоқ хўжалиги соҳасидадир. Буларнинг самарасида қарийб 35 миллиард сўмлик ишлаб чиқариш қуввати яратилиб, 13 минг кишининг бандлиги таъминланади. 48 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи ва 42 миллион долларлик экспортбоп маҳсуот ишлаб чиқарилади.
Бундан ташқари, вилоятда 187 та янги инвестиция лойиҳаси режалаштирилмоқда. Тақдимотда уларнинг энг йириклари тўғрисида тўхталиб ўтилди.
Масалан, “Metal produkt" масъулияти чекланган жамияти томонидан 25 миллион доллар эвазига Оҳангарон шаҳрида металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Унинг қуввати йилига 60 минг тонна бўлади. Жорий йил май ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган корхонада 150 киши иш билан таъминланади.
“Ангрен” эркин иқтисодий зонасида велосипедлар, Қибрай туманида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳам ички бозор учун жуда муҳим.
Президент саноатга илм ва инновацияларни фаол жалб этиш, маҳсулотлар сифатига алоҳида эътибор қаратиб, харидоргирлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Тошкент вилоятининг транспорт ва туризм салоҳиятидан оқилона фойдаланиб, хизмат кўрсатишни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.