05.02.2021
Халқ депутатлари сессиясидан сўнг Президент кутилмаганда Фарғона шаҳридаги Шодиёна маҳалласига борди. Маҳалла оралаб юриб, аҳоли билан учрашди.
- Мана, бугун вилоятларингизга янги ҳоким қўйдик. Маҳаллабай ишлаш тизимини жорий қиляпмиз. Ҳақиқий аҳволни билиш, одамларнинг оғирини енгил қилиш учун маҳаллангизга ўзим келдим, - деди Шавкат Мирзиёев аёллар билан суҳбатда.
Онахонлардан бири эртага ўғлининг тўйи бўлишини айтди. Президент уларни табриклаб, ёш оилага бахт, соғлик тилади.
Кутилмаган ташрифдан хурсанд бўлган одамлар давлатимиз раҳбарига сиҳат-саломатлик, халқимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуолар қилди.
Соҳибқирон Темур кўчаси бўйлаб юрилиб, уй-жойлар, савдо шохобчалари кўздан кечирилди.
Шавкат Мирзиёев маҳалла идорасига кириб, маҳалла раиси ва маслаҳатчилар билан суҳбатлашди. Аҳолининг яшаш шароитлари, ҳудуддаги муаммоларни сўради. Уларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.