15.04.2017
Президентимизга Самарқанд шаҳрининг Даҳбед кўчасидан Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуасига олиб борувчи Нурафшон кўчасини ободонлаштириш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.
Нурафшон кўчасида олиб бориладиган бунёдкорлик ишлари натижасида атрофдаги эски ва бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган иншоотлар шаҳарсозлик талаблари асосида таъмирланиб, ижтимоий объектлар қурилади.
Давлатимиз раҳбари шаҳардаги Жомий кўчасидаги Ёшлар марказини реконструкция қилиш, ҳайвонот боғи қуриш лойиҳаларини кўздан кечирар экан, бу борадаги ишларни аҳолининг фикри ва талаблари асосида амалга ошириш, миллий меъморлик ва замонавий архитектура анъаналарини ҳисобга олиш бўйича кўрсатмалар берди.
Самарқанд шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 2017-2018 йилларда саноат соҳасида 125 инвестицион лойиҳа амалга оширилади.
Вилоятда “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти томонидан 163 лойиҳа амалга оширилмоқда.
Нуробод туманида “Навоий металмаш” ва Хитойнинг “Gezhouba Group sement Co.LTD” корхоналари ҳамкорлигида цемент ишлаб чиқариш режалаштирилган. Йилига 2 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга ушбу корхонада 530 янги иш ўрни яратилади.
Пастдарғом туманида қуриладиган “Самарқанд Афросиёб цемент” корхонаси ишга тушгач, 300 киши иш билан таъминланади. Корхонани 2018 йилда ишга тушириш мўлжалланган.
Шавкат Мирзиёев “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида маиший техникалар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни кўздан кечирди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ҳудудда қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
“Ўзэлтехсаноат” акциядорлик жамияти ва “Ideal Elektro Lyuks” масъулияти чекланган жамияти томонидан Туркиянинг “Odul” компанияси билан ҳамкорликда газ плиталар, электр духовка, кир ювиш машиналари ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларнинг умумий қиймати 7 миллион долларни ташкил этади. Товарларнинг маълум қисми экспорт қилинади.
“Coven Elektro” масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий чангютгичлар ишлаб чиқарилади. Корхонада йилига 30 минг дона маҳсулот тайёрланади.
Президентимиз мазкур лойиҳалар билан танишар экан, аҳолининг маиший техникалар билан таъминлангани унинг турмуш даражасининг асосий кўрсаткичларидан бири эканини таъкидлади. Маҳсулотларни дунё бозорига олиб чиқиш, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” брендини янада кенгроқ оммалаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берди.
Миллий банк томонидан фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди. “Optima Sobirjon”, “Perfect Pharma Group” масъулияти чекланган жамиятлари ва “Samarkand England eko medical” қўшма корхонасида 200 дан ортиқ иш ўрни яратиш мўлжалланган.
Шу ерда вилоятда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш, спортни янада оммалаштириш борасидаги лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.