25.01.2021
Президент Шавкат Мирзиёев 25 январь куни саноат ва логистика соҳаларига оид инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Улардан бири – Тошкент шаҳрида оқартирилган туника ишлаб чиқариш лойиҳаси. Бунинг учун 280 миллион евро йўналтирилади. Унинг йиллик қуввати 120 минг тонна бўлиши, 750 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Жиззах вилоятида юқори маркали цемент ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам истиқболли. Қиймати 2 триллион сўмдан зиёд бўлган ушбу лойиҳа самарасида йилига 1 миллион 300 минг тонна цемент тайёрлаш, шундан 200 минг тоннасини экспорт қилиш қуввати пайдо бўлади.
735 миллиард сўмлик яна бир лойиҳа музлатгич, совутгич ва кондиционерлар учун герметик компрессор ишлаб чиқаришга қаратилган. Унинг йиллик қуввати 3 миллион дона бўлиб, шундан 500 минг донаси экспортга йўналтирилиши, 300 та иш ўрни яратилиши мўлжалланган.
Шунингдек, электрон сув ҳисоблагичлар, темир-бетон ва керамика маҳсулотларига оид лойиҳалар кўрсатилди.
Тошкент шаҳри ва вилоятларда логистика марказлари ташкил этиш лойиҳаларига алоҳида аҳамият қаратилди. Бу марказлар озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат омборларини ўз ичига олади, карго, курьерлик ва электрон тижорат хизматлари кўрсатадиган бўлади. 5 мингдан зиёд иш ўрни яратилади.
Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни сифатли амалга ошириш учун уларни экспертизадан ўтказиш бўйича топшириқ берди. Бу тизимни тармоқлар ва ҳудудлар кесимида ҳам татбиқ этиб, инвестиция лойиҳаларининг тайёрланиши ва бажарилишини баҳолаб бориш, қуйи бўғиндаги мутахассисларга кўмаклашиш зарурлигини таъкидлади.