25.12.2020
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари форумига ташриф буюриб, мамлакатимизда биринчи бор ўтказилаётган ушбу анжуман билан барчани табриклади.
– Мен ҳар гал ёшларимиз билан учрашганимда сизларнинг ғайрат-шижоатингиздан куч-қувват оламан, кўнглим тоғдай кўтарилади. Ҳар бирингиз жонажон Ватанимиз ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш орзуси билан ёниб яшаётганингизни яхши биламан. Сизларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида қадрлайман, – деди Шавкат Мирзиёев нутқининг аввалида.
– Биз юртимизда қандай ислоҳотларга қўл урмайлик, аввало, сиз каби ёшларга, сизларнинг куч-ғайратингиз, азму шижоатингизга суянамиз. Барчангиз яхши биласиз, бугун ўз олдимизга улкан марралар қўйганмиз. Она Ватанимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга киришдик. Биз оила, мактабгача таълим, мактаб ва олий таълимни ҳамда илмий-маданий даргоҳларни бўлғуси Ренессанснинг энг муҳим бўғинлари деб ҳисоблаймиз. Шу сабабли айни ушбу соҳаларда туб ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз. Ишонаманки, мамлакатимиз тараққиётининг янги пойдеворини яратишда сизлар сингари фидойи ва ватанпарвар ёшларимиз фаол иштирок этиб, муносиб ҳисса қўшадилар.
Давлатимиз раҳбари коронавирус пандемияси даврида ёшлар халқ дардига дармон бўлгани, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида кўнгилли сифатида қатнашиб, қийналган оилаларга амалий ёрдам берганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Маълумки, ёшлар билан ишлаш бўйича Тошкент шаҳри намунаси яратилиб, ўғил-қизларнинг муаммолари, таклиф ва истакларини бевосита ўрганиш йўлга қўйилди. Ушбу тажриба мамлакатимиз бўйлаб кенг қанот ёзиб, барча шаҳар ва туманларда Ёшлар фестиваллари ўтказилди.
– Кўпчилигингиз ушбу тадбирлар доирасида вазирлар, ҳокимлар ва бошқа мутасаддилар билан очиқ мулоқот қилдингиз. Мен ҳам мазкур жараёнларни телевидение орқали шахсан кузатиб бордим. Ёшларимизнинг долзарб масалаларни дадил кўтариб чиқиши, куюнчаклиги менга жуда маъқул бўлди. Дунёқараши кенг, жонкуяр, илғор фикрли фарзандларимиз кўплигини кўриб ниҳоятда қувондим, – деди давлатимиз раҳбари.
Президент Шавкат Мирзиёев энди Тошкент шаҳри тажрибаси бутун мамлакатимиз бўйлаб жорий этилишини айтиб ўтди. Бу борада Тошкент, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида аллақачон ишлар бошлаб юборилди. Ёшларга доир давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида уларнинг ижтимоий муаммоларини тизимли асосда ўрганиш, бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш вазифаси мутасадди ташкилотларга юкланган.
Бундан буён вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, вазирлар ва масъул раҳбарлар ёшлар билан учрашувларни мунтазам равишда йўлга қўяди. Ҳокимлар ёшларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиб, ижросини таъминлайди. Шу масала бўйича ҳар 6 ойда маҳаллий кенгашларга ҳисобот беради ва келгуси ярим йиллик учун режаларни белгилаб олади.
“Ёшлар: 1+1” дастури доирасида ишсиз ва уюшмаган ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ташкил этилади. “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида 1 нафар тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшни бириктириш ташаббуси кўплаб тадбиркорларимиз томонидан фаол қўллаб-қувватланди. 2021 йилда камида 500 минг нафар ёшни иш билан таъминлаши мумкин бўлган бу эзгу ҳаракатни давлатимиз раҳбари маъқуллади.
– “Ҳунарли киши хор бўлмас”, дейди халқимиз. Аммо кейинги пайтда фарзандларимизнинг моҳир ҳунармандлар қўлида касб-ҳунар ўрганишига етарли эътибор берилмаяпти. Ваҳоланки, устоз кўрган ўғил-қизларимиз домласига муносиб бўлишга интилади, уларнинг кўмаги билан ҳаётда ўз ўрнини топади. Шу боис, ҳудудларда “устоз-шогирд” анъанасини кучайтирсак, ўйлайманки, нур устига нур бўлади. Бу ишга жалб этиладиган ҳунарманд усталарни Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан моддий рағбатлантириш тизими жорий этилади, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари эркин иқтисодий зоналар бўйича мавжуд тажриба асосида, ҳудудларда Ёшлар кичик саноат зоналари ташкил этилишини эълон қилди. Бу саноат зоналарида ўсиб келаётган авлод вакилларининг бизнес лойиҳалари жойлаштирилади.
– Ёшларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилади ва унга 100 миллион доллар маблағ ажратилади. Жамғарма ёшларнинг лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун қулай шартларда ва паст фоизларда молиялаштиради. Бундан ташқари, кичик саноат зоналарида ишлаб чиқариш бинолари қурилиб, ёшларга имтиёзли шартларда ижара ва лизинг асосида берилади.
Форумда мутасаддиларга шу борада кўрсатмалар берилди.
– Бугун ўз тенгдошларига ибрат бўлаётган, жамиятдаги янгиланишлар жараёнида фаол иштирок этаётган ёшларимиз жуда кўп. Лекин, ҳаётда ўз ўрнини топишга қийналаётган, адашган, кўмакка муҳтожлари ҳам йўқ эмас. Шунинг учун ёшлар, айниқса, уларнинг уюшмаган қатлами билан масъуллар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга хизмат қиладиган “Ёшлар мурожаати” электрон платформасини яратиш вазифаси топширилади, – деди давлат раҳбари.
Навқирон авлод вакилларида бизнес кўникмаларини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Яқинда ўтказилган ижтимоий сўровлар аксарият ёшларимизда ижобий мотивация, бизнес ва тадбиркорлик соҳасида зарур билим ва малака етишмаслигини кўрсатди. Демак, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ишларни янада кучайтириш лозим, деди Шавкат Мирзиёев. Шуни инобатга олиб, касб-ҳунар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш орқали махсус сертификат олган ёшларга Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз паст ставкада микрокредитлар ажратиш юзасидан зарур чоралар кўрилади. Бу кредитлар 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан берилади.
Ушбу мақсадлар учун 2021 йилда 45 миллион доллар ажратилиши, шунингдек, ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ҳар бир вилоятга 100 миллиард сўмдан кредит маблағлари йўналтирилиши қайд этилди.
– Бугун ўғил-қизларимизни қийнаётган жиддий муаммолардан бири – ўқишни тамомлаган ёшлар бандлиги, – дея сўзида давом этди Президент. – Кўплаб мактаб ва коллеж битирувчилари, баъзан олий маълумотли йигит-қизлар ҳам, иш топишда қийинчиликка учрамоқдалар.
Маълумки, ҳозирги вақтда Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида 7-11-синф ўқувчиларига таълим бериш билан бирга уларни энг камида битта касбга ўргатиш амалиёти жорий этилган. Ўқувчи 11-синфга ўтдими, у туман ёки шаҳар ҳокимлигининг бевосита эътиборида бўлиши белгиланган.
– Ташкилотлар ёш мутахассисни ишга олишдан манфаатдор бўлиши керак. Шу сабабли, ҳукуматга ёш кадрлар учун белгиланган синов муддати даврида иш берувчиларга имтиёзлар тақдим этиш масаласини кўриб чиқиш вазифаси топширилади, – деди Президент.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш ва ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш ҳам устувор вазифалардан бири.
Ўтган уч йил мобайнида мамлакатимиз бўйича 5 минг 100 тадан ортиқ намунали ёш оилага арзон уй-жойлар қурилиб, қарийб 200 миллиард сўм миқдорида бошланғич бадал пуллари тўлаб берилди. Бунинг мантиқий давоми сифатида 2021-2023 йилларда Ёшлар уйларини қуриш дастурини ишлаб чиқиб, амалга ошириш вазифаси белгиланди.
– Халқимиз азалдан оилани муқаддас билиб, уни асраб-авайлаб келади. Оила мустаҳкам бўлса, жамият барқарор бўлади. Бир нарсани унутмаслигимиз лозим: хонадонларимиздаги тинчлик-тотувлик, аввало, оиладаги соғлом муҳитга, мустақил ҳаёт остонасида турган қизларимизни оилавий турмушга тайёрлаш билан бевосита боғлиқ, – деди давлатимиз раҳбари.
Жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида ёш оилалар ўртасида 25 мингга яқин ажралиш бўлгани афсус билан қайд этилди.
– Мен, бугунги имкониятдан фойдаланиб, кенг жамоатчиликка, авваламбор, кўпни кўрган мўътабар нуронийларимизга, оқила ва меҳрибон оналаримизга мурожаат этмоқчиман. Бу оғриқли масалада бизга ёрдам беринглар, деб илтимос қиламан. Оилавий низоларнинг олдини олиш, ажримларни камайтириш борасида сиз, азиз ёшларимиз ҳам, ташаббус ва фаоллик кўрсатсангиз, мен барчангиздан чексиз миннатдор бўлар эдим, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президентнинг ёшларга мурожаати давом этмоқда.