03.12.2020
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони
Eр участкалари ва мол-мулкни солиққа тортишни янада такомиллаштириш, уларни баҳолаш ва ҳисобини юритишда замонавий усулларни жорий қилиш, ер ва сув ресурслари, ер қаъридан қазиб олинадиган фойдали қазилмалардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мустақиллигини янада ошириш мақсадида:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги тартибни жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашлари Солиқ кодекси билан белгиланадиган солиқ ставкалари асосида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун туман ва шаҳарлар кесимида, уларнинг иқтисодий ривожланишига қараб ер солиғи ставкасига 0,5 дан 2,0 гача камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни қўллаган ҳолда ер солиғи ставкаларини белгилайди;
туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан белгиланган, Тошкент шаҳри бўйича эса – Солиқ кодексида белгиланган ер солиғи ставкаларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун, уларнинг ҳудудларида жойлашган даҳа, мавзе, маҳалла, кўча кесимида 0,7 дан 3,0 гача камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни киритиш ҳуқуқи берилади.
2. Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартиш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлашда ер солиғи ставкаларини республиканинг ҳудудлари кесимида назарда тутсин. Бунда, 2021 йилда солиқ юкининг кескин ўсишига йўл қўймаслик мақсадида қуйидагилар белгилансин:
жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи (якка тартибдаги тадбиркорлардан ташқари) суммаси 2020 йил учун ҳисобланган солиқ суммасининг 1,3 бараваридан ошмаслиги лозим;
2018 йилда белгиланган кадастр қиймати асосида ҳисобланган, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи суммаси 2020 йил учун ҳисобланган солиқ суммасининг 1,3 бараваридан ошмаслиги лозим.
3. Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган 2021 йилда ресурс солиқлари ва мол-мулк солиқларини янада такомиллаштириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари маъқуллансин:
деҳқон хўжаликлари ва мева‑сабзавотчилик қишлоқ хўжалиги корхоналарига ер солиғини ҳисоблашда ер солиғи ставкасини қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ўрнатилганидек белгилаган ҳолда, жойлашган жой ва етиштириладиган қишлоқ хўжалиги экин турлари коэффициентлари ҳамда қишлоқ хўжалиги экинзорлари норматив қийматидан келиб чиқиб ҳисоблаш тартибини жорий этиш орқали қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларга солиқ солиш тартибини бирхиллаштириш;
барча турдаги чиқиндиларни сақлаш ва уларни утилизация қилиш учун ажратилган ер участкаларини юридик шахслардан олинадиган ер солиғи учун солиқ солиш объектидан чиқариш;
тегишли сувни ҳисоблаш ҳисоблагичлари мавжуд бўлганда, ишлаб чиқариш жараёнида агрегатларни (турбиналарни) совутиш учун сувдан фойдаланувчи юридик шахсларга сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича солиққа тортиш базасини табиий сув объектларидан олинган ва табиий сув объектларига қайтариб ташланган сув ҳажми ўртасидаги фарқдан келиб чиқиб ҳисоблаш;
коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини 2020 йил даражасида сақлаб қолиш, қишлоқ хўжалик ерларини суғориш ва балиқларни кўпайтириш (етиштириш) учун фойдаланилган сув ҳажми қисмида эса, шу жумладан, деҳқон хўжаликларига 1 куб метр учун 40 сўм миқдорида ягона солиқ ставкасини белгилаш;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаб чиқаришда турли мақсадларда фойдаланиладиган сув ресурслари ҳажмининг ҳисобини алоҳида-алоҳида юритиш тартибини киритиш;
ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан солиқ органларига фойдали қазилмалар захираси ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботни ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича йиллик солиқ ҳисоботини тақдим этиш билан бир вақтда, солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон кўринишда тақдим этиш тартибини белгилаш.
Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (Б.Ф.Исламов) Молия вазирлигига республика ҳудудида фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун бериладиган лицензиялар мониторинги асосида улар бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини белгилашга доир таклифларни киритиб борсин.
4. Давлат солиқ қўмитасига фойдали қазилмаларни ҳақиқий қазиб олишга нисбатан қўлланиладиган ва фойдали қазилмаларни меъёрдан ортиқ йўқотиш тўғрисидаги геологик-маркшейдерлик маълумотларининг ҳаққонийлигини назорат қилиш учун зарур ускуналарни харид қилган ҳолда вилоятлар солиқ бошқармаларининг штат бирликлари доирасида 3 штат бирлигигача маркшейдерларни жалб қилиш ҳуқуқи берилсин.
Давлат солиқ органларига ваколатли орган ва судларга ер қаъридан фойдаланувчи томонидан солиқ қонунчилиги мунтазам равишда бузилган ва (ёки) фойдали қазилмалар захираси ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот тақдим этилмаган тақдирда лицензияни чақириб олиш ёки тўхтатиб туриш масаласи бўйича ташаббус билан чиқиш ваколати берилсин.
5. 2021 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудларидан ташқари, тадбиркорлик субъектлари томонидан “Хавфсиз дарё” ДУКга дарё ўзанларини тозалаш натижасида олинган қум-шағал материалларининг ҳар бир куб метри учун тўлов миқдори шартнома тузилган кундаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизидан 0,1 фоизига туширилсин.
Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) манфаатдор идоралар билан биргаликда норуда фойдали қазилмалари конларини ўзлаштириш ва уларнинг самарали қазиб олинишини таъминлаш мақсадида норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини қайта кўриб чиқсин.
6. Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) Давлат солиқ қўмитаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 июлига қадар илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда ўрмон хўжаликлари, балиқ овлаш хўжаликлари, овчилик хўжаликлари, шунингдек, истироҳат боғларини солиққа тортиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг мол-мулк ва ер солиқларини кўчмас мулк (бино, иншоот ва ер участкалари) объектларинингбозор баҳосига яқин бўлган кадастр қиймати асосида ҳисоблаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Белгилансинки, кўчмас мулк объектларининг бозор баҳосига яқин бўлган кадастр қиймати асосида мол-мулк ва ер солиқларини ҳисоблаш тизими икки босқичда жорий этилади:
биринчи босқичда (2021–2023 йиллар) – кўчмас мулк бўлган турар жой фонди объектлари (квартира, якка тартибдаги уй-жойлар, дала-ҳовли), шунингдек, ушбу объектлар эгаллаган ер участкаларига нисбатан;
иккинчи босқичда (2022–2024 йиллар) – яшаш учун мўлжалланмаган алоҳида кўчмас мулк объектлари, шунингдек, ушбу объектлар эгаллаган ер участкаларига нисбатан.
8. Вазирлар Маҳкамаси (Ж.А.Қўчқоров), Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов), Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Д.Кудбиев), зарурат туғилганда хорижий экспертларнинг хизматига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳақ тўлаган ҳолда уларни жалб қилиш орқали:
а) кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш ва кадастр тизимини модернизация қилиш учун Жаҳон банкидан имтиёзли кредитлар жалб қилинишини;
б) 2021 йил 1 апрелга қадар халқаро молия институтлари экспертлари билан биргаликда кўчмас мулк объектларига солиқ солишни янада такомиллаштириш бўйича ер солиғи ва мол-мулк солиғини ўрнига кўчмас мулк солиғини киритишни назарда тутувчи “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиши ва Вазирлар Маҳкамасига киритилишини;
в) кўчмас мулк объектининг (бино, иншоот ва ер участкалари) юридик ёки жисмоний шахс эгалигида бўлиши эмас, балки уларнинг кадастр қийматидан ва объектнинг фойдаланиш мақсадидан келиб чиққан ҳолда солиқ солиш тартиби бирхиллаштирилиши ва ер солиғи бўйича адвалор ставка киритилишини;
г) белгиланган тартибда қуйидаги лойиҳалар киритилишини:
2021 йил 1 августга қадар – кадастр қийматини максимал даражада бозор баҳосига яқинлаштиришга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, турар жой фонди кўчмас мулки объектларнинг кадастр қийматини аниқлаш тартибини такомиллаштириш ҳамда якка тартибдаги уй-жой қуриш ва уй-жойга хизмат кўрсатиш объектлари билан банд бўлган ер участкаларининг кадастр (бозор) қийматини аниқлаш тартибини киритиш бўйича ҳукумат қарори;
2021 йил 1 ноябрга қадар – яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари ва ушбу объектлар билан банд бўлган ер участкаларининг бозор баҳосига максимал даражада яқинлаштирилган кадастр қийматини аниқлаш механизмини киритиш тўғрисида ҳукумат қарори;
2021 йил 1 декабрга қадар – фойдаланишга рухсат этилган ер участкалари турлари классификаторлари ва уларга бўлган ҳуқуқларни тугатиш учун асосларни назарда тутувчи Ер кодексининг янги таҳрири;
д) 2021–2022 йилларда республиканинг қуйидаги “тажриба-синов” ҳудудларида ер участкаларидан фойдаланилишига ва капитал қурилиш объектларининг белгиланган мақсадига қараб кўчмас мулк объектларининг бозор қийматига асосланган кадастр қийматини аниқлаш бўйича эксперимент ўтказилишини таъминласин:
турар ва нотурар (тижорий) жойларга мўлжалланган кўчмас мулк объектлари – Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани;
саноат объектлари – Навоий вилояти Навоий шаҳри;
рекреацион зоналар ва алоҳида қўриқланадиган ҳудудлар объектлари – Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган объектлар – Бухоро вилояти Ромитан тумани.
Молия вазирлиги 2021–2024 йиллар давомида юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулкларни баҳолашни ўтказиш учун Давлат солиқ қўмитасининг асослантирилган ҳисоб-китобларига кўра Давлат бюджетидан маблағ ажратиб борсин.
9. Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги (Х.С.Тўрахўжаев) 2022 йил 1 январга қадар кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини уларнинг бозор баҳосига асосланган ҳолда аниқлаш, ҳар бир эгалик қилувчига (фойдаланувчига) тегишли бўлган кўчмас мулк объектлари тўғрисида тўлиқ ва ишончли маълумотлар базасини яратиш учун ахборот тизимини такомиллаштириш, кўчмас мулк объектларини уларнинг бозор баҳосидан келиб чиққан ҳолда сифатли баҳолашдан ўтказиш методикасини ишлаб чиқсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 августдаги “Балиқчилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4816-сон қарорининг 1-банди бешинчи хатбошидаги “сув ресурсларидан” сўзларидан олдин “2020 йилда” сўзлари билан тўлдирилсин.
11. Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев