04.12.2020
Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Давлат раҳбари мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу мажмуа очилишини “тарихий воқеа” деб атади.
Ушбу завод қурилиши 2017 йил февралда бошланган эди. Президентимиз 2018 йил августда бу ерга келиб, бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Турли қийинчиликларга, коронавирус пандемиясига қарамасдан, минглаб фидойи инсонларнинг билим ва меҳнати эвазига улкан корхона қад ростлади.
Шавкат Мирзиёев бунга ҳисса қўшган лойиҳачи ва қурувчиларга, хорижий ҳамкорларга ташаккур изҳор этди.
– Биз инновацион иқтисодиётни шакллантириш, замонавий саноат, қулай сармоявий муҳитни яратиш, хорижий давлатлар ва етакчи компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор бермоқдамиз. Бугун ҳар жиҳатдан ноёб бўлган Тошкент металлургия заводининг ишга туширилиши бу борадаги саъй-ҳаракатларимизнинг яна бир амалий намоёнидир, – деди Президент.
Давлатимиз раҳбари янги мажмуанинг иқтисодий самарадорлигига тўхталиб ўтди. Юртимизда қора металлургия ривожланмагани сабабли саноат корхоналари кўп муаммога учрар эди. Энди Тошкент металлургия заводида йилига 500 минг тонна рух ва полимер қопламали металл листлар ишлаб чиқарилади. Бу қурилиш материаллари, маиший техника, электротехника ва озиқ-овқат саноатидаги юзлаб корхоналарнинг эҳтиёжини таъминлаш имконини беради. Илгари бундай маҳсулотлар асосан четдан олиб келинарди.
Келажакда ушбу завод автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналари эҳтиёжини ҳам қоплашга хизмат қилади.
Мазкур мажмуада биринчи босқичда импорт ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқариш ҳисобидан 400 миллион долларга яқин маблағ тежалади. Маҳаллийлаштириш даражаси сезиларли ошади.
Мисол учун, сендвич панеллар ва том ёпиш тунукалари таннархида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг улуши 50 фоиздан 90 фоизгача етади. Шунингдек, бу кўрсаткич вентиляция ва ҳаво тозалаш тизимлари бўйича 30 фоиздан 50 фоизгача, маиший электротехника ишлаб чиқаришда 35 фоиздан 50 фоизгача ошади. Ўз-ўзидан аёнки, бунинг натижасида маҳсулотларнинг нархи арзонлашади. Шунингдек, завод томонидан йилига 90 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади.
Мажмуада 700 га яқин киши ишлайди. Лекин, турдош тармоқлар билан бирга ҳисоблаганда, 5 мингта янги иш ўрни ташкил этилиши мумкин.
Тез орада янги корхона Бекободдаги металлургия комбинати билан яқин ҳамкорликда фаолият юритади. Бугунги кунда Бекободда қиймати 800 миллион доллар бўлган лойиҳа амалга оширилмоқда – 1 миллион тонна маҳсулот чиқариш қувватига эга қуюв-прокат мажмуаси барпо этиляпти. Унинг маҳсулотлари Тошкент металлургия заводи учун хомашё бўлади. Шунинг ўзи рух ва полимер қопламали листларнинг маҳаллийлаштириш даражасини 90 фоизга етказиш имконини беради.
– Ҳаракатларимизнинг асосий мақсади яқин йилларда яхлит, “нолдан тайёр маҳсулотгача” бўлган металл ишлаб чиқариш кластерини яратишдан иборат, – деди Шавкат Мирзиёев ўз чиқишида.
Давлатимиз раҳбари завод Тошкентда яқинда ташкил этилган Янгиҳаёт туманида иш бошлаётганига эътибор қаратди. Корхонада муҳандис, лойиҳачи, металлург ва бошқа мутахассисларнинг янги авлоди шаклланаётгани, бу эса келажакда бошқа замонавий корхоналар учун мустаҳкам пойдевор бўлишини таъкидлади.
– Эсларингизда бўлса, биз коронавирус пандемиясидан кучли, қудратли бўлиб чиқамиз, деб мақсад қўйган эдик. Бугун бу мураккаб йил якунига етаётганда айтишимиз мумкинки, барча саъй-ҳаракатларимиз ижобий натижасини беряпти. Кўряпсизлар, дунёда нима бўляптию, Ўзбекистонда нима бўляпти. Худо хоҳласа, шу ойнинг охирида метрополитеннинг Сергели йўналишини ҳам очамиз. Илоҳим, мана шундай яхши кунларимиз кўп бўлсин, – деди Шавкат Мирзиёев.
Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Денис Мантуров икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни, йирик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаётгани учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Келгуси йил апрелда Тошкент шаҳрида «Иннопром» халқаро инвестиция ва саноат кўргазмаси ўтказилиши янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди.
Россиянинг «Метпром» компанияси директорлар кенгаши раиси Станислав Лазуткин, Италиянинг «Даниели» компанияси бош директори Жакомо Марески Даниели, меҳнат фахрийлари, ёшлар сўзга чиқди.
Тошкент металлургия заводи фаолиятига старт берувчи рамзий тугма босилди.