12.11.2020
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориАҳолида соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволашнинг илғор тажрибасини жорий этиш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 июлдаги “Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6035-сон Фармонига мувофиқ:
1. Қуйидагилар тиббий профилактиканинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
дастлабки профилактика – қулай атроф-муҳитни яратиш (экологик аҳвол, инсонларнинг меҳнат, яшаш ва дам олиш шароитларини яхшилаш), аҳоли саломатлигига салбий таъсир этувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилишининг олдини олиш, озиқ-овқат маҳсулотларини, жумладан, унни фортификациялаш, тузни йодлаштириш;
бирламчи профилактика – эмлаш, мақсадли скрининг ва тиббий кўрикларни амалга ошириш, оқилона иш ва дам олиш, спорт билан мунтазам шуғулланиш, бадантарбия машғулотларини кундалик турмуш тарзига айлантириш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, соғлом
ва тўғри овқатланиш, ортиқча вазн ва семизликни бартараф этиш, зарарли одатларга қарши курашиш, инсон саломатлиги, таълим-тарбияни яхшилаш бўйича чоралар кўриш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш;
иккиламчи профилактика – маълум шароитларда иммун ҳолатининг камайиши, ўта зўриқиш, адаптив етишмовчиликлар сабаб юзага келадиган касалликларнинг келиб чиқиши, авж олиши ёки қайталанишига олиб келиши мумкин бўлган аниқ хавф омилларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва уни амалиётга татбиқ қилиш, шунингдек, тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш.
2. Белгилаб қўйилсинки:
2021 йил 1 январдан бошлаб 40 ва ундан юқори ёшдаги фуқароларда юрак қон-томир хавфини (гипертония, инфаркт, инсульт, қандли диабет ва бошқа хавф омилларини) аниқлаш бўйича тизимли равишда скрининг текширувлари ўтказилади;
Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази (кейинги ўринларда – Марказ)нинг туман (шаҳар) бўлимлари кўп тармоқли марказий поликлиникалари биноларида жойлашади ҳамда уларнинг ходимлари (кейинги ўринларда – жамоат саломатлиги тизими мутахассислари) томонидан амалга оширилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари билан бир қаторда фуқароларга тиббий-профилактик хизматлар (маслаҳатлар, кўриклар ва бошқалар) кўрсатиб борилади;
маҳаллаларда, мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари ва олий ҳамда ўрта махсус таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга кўмаклашувчи волонтёрлар (шу жумладан, нафақадаги шифокорлар, ўқитувчилар, зиёлилар ва бошқалар) жамиятлари ташкил қилинади.
3. Қуйидагилар жамоат саломатлиги тизими мутахассисларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
аҳоли ўртасида шахсий ва жамоат гигиенаси, соғлом турмуш тарзини шакллантиришда иштирок этиш, аҳолини савол-жавоб ва кўриклардан ўтказиш орқали уларда юқумли бўлмаган касалликлар хавф омилларини аниқлаш ва индивидуал маслаҳат бериш;
соғлом овқатланиш тамойиллари, жисмоний фаоллик асослари, шахсий гигиенанинг аҳамияти, зарарли одатларга берилмаслик бўйича тарғибот тадбирларини ташкил этиш ва амалга ошириш;
юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш борасида профилактик тадбирларни ташкил этиш учун ҳудудда фаолият кўрсатаётган корхона, муассаса ва ташкилотлар рўйхатини шакллантириш ва амалга ошириш;
юқумли касалликлар рўйхатга олинган ҳудудларда улар бўйича соғломлаштириш тадбирини ишлаб чиқиш, ҳудудий тиббиёт ходимлари билан тадбирларни ташкил этиш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиб боришда иштирок этиш.
4. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Марказни жалб қилган ҳолда маҳаллалар ва аҳоли хонадонларида, шу жумладан, узоқ ва олис ҳудудларда аҳоли орасида соғлом турмушни шакллантириш, бадантарбия машғулотларини кундалик турмуш тарзига айлантириш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, соғлом ва тўғри овқатланиш, ортиқча вазн ва семизликни бартараф этиш, зарарли одатларга қарши курашиш, фуқароларнинг ўз соғлиғига бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш бўйича тизимли равишда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борсин.
Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мазкур бандда кўрсатилган чора-тадбирларни сифатли ва тўлиқ амалга ошириш учун:
республика бюджети ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Марказга 2021 йилда 2 миллиард сўм ажратсин;
2022 йил ва келгуси йилларда республика бюджети ва маҳаллий бюджет параметрларида 2021 йилда ажратилаётган маблағлардан кам бўлмаган миқдорда маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
Марказ (Б.Т.Одилова) бир ой муддатда мазкур бандга асосан ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш ҳамда аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Вазирлар Маҳкамаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Миллий телерадиокомпания, нодавлат телерадиоканаллар ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда уч ҳафта муддатда соғлом турмуш тарзини олиб бориш масалаларига бағишланган марказий, ҳудудий ва нодавлат телеканалларда “Саломатлик соати” ва бошқа махсус телекўрсатувлар ташкил қилинишини таъминласин.
5. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Касалликлар профилактикаси ва жамоат саломатлиги масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи комиссия (кейинги ўринларда – Мувофиқлаштирувчи комиссия) ташкил қилинсин ва унинг таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Қуйидагилар Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
жамоат саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва касалликлар профилактикаси соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини уларнинг яқиндан ҳамкорлиги, самарадорлиги ва иш уйғунлигини таъминлаш мақсадида мувофиқлаштириш;
мазкур қарорда назарда тутилган барча чора-тадбирларнинг тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида ижросини ташкил этиш;
касалликлар профилактикаси бўйича дастур ва чора-тадбирларнинг ҳар бир вилоят, туман (шаҳар) доирасида амалга оширилишини ҳамда масъуллар томонидан уларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш;
касалликлар юзага келишининг олдини олишга ва уларни камайтиришга, уларнинг юқиш йўллари ва омилларига таъсир кўрсатишга ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар билан боғлиқ бўлган асоратлар оқибатларини тугатишга қаратилган профилактик тадбирлар ўтказилишини ташкил этиш;
жамоат саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича белгиланган вазифаларни амалга оширишга тўсқинлик қилувчи тизимли камчиликларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этилишини ташкил этиш;
барча ижтимоий гуруҳларни қамраб олган ҳолда фуқароларнинг соғлом турмуш тарзини, шу жумладан, соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини таъминлаш;
аҳоли орасида соғлом турмуш тарзининг асослари, жумладан, соғлом овқатланиш ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, жисмоний фаолликни қўллаб-қувватлаш, зарарли одатларга қарши курашиш бўйича оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғибот ишлари ташкил этилишини таъминлаш;
санитария-гигиена, эпидемияга қарши, замонавий ва якка тартибдаги чора-тадбирлар асосида соғлиқни сақлаш ва мустаҳкамлашнинг ижтимоий-профилактик йўналишларини ривожлантириш бўйича чоралар кўриш;
мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхона, муассаса ва ташкилотлар фаолиятини бирлаштирувчи, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тарғиб этиш ва рағбатлантиришни назарда тутувчи яхлит тизим яратилишини таъминлаш;
аҳоли саломатлиги ҳолатини мониторинг қилишнинг ягона интерактив тизимини яратиш ва бу борада замонавий ахборот ҳамда инновацион технологияларни жорий этилишини ташкил этиш;
халқаро стандартлар асосида доимий популяция текширувлари ва касалликларни келтириб чиқарувчи хавф омиллари бўйича тадқиқот ҳамда сўровлар ўтказилишини ташкил қилиш.
6. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Касалликлар профилактикаси ва жамоат саломатлиги масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи комиссия ишини ташкил этиш, соҳа бўйича вазирлик ва идораларнинг республика – вилоят – туман даражасидаги вазифалари тақсимоти 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилаб қўйилсинки:
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади;
Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг ўз вазифалари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар учун бажарилиши мажбурийдир;
Мувофиқлаштирувчи комиссия ўз вазифаларини амалга оширишда тегишли вазирлик ва идоралар унга ваколатлари доирасида ҳар томонлама кўмак берадилар ҳамда сўралган зарур маълумотларни тақдим этиб борадилар;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги касалликлар профилактикаси ва жамоат саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича қабул қилинган дастурлар ва чора-тадбирларнинг ижроси юзасидан ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифлар киритиб боради.
7. Соғлиқни сақлаш вазирлиги икки ой муддатда республиканинг олис ва чекка ҳудудларида оилавий шифокор, тор соҳа мутахассислари ва патронаж ҳамшираларига бўлган эҳтиёжни қоплаш ҳамда аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш мақсадида ҳар бир тиббиёт муассасасида зарур штат бирликларини жорий қилиш асослилиги юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ахборот-таҳлил маълумотнома киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
9. Соғлиқни сақлаш вазирлиги икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири А.М.Хаджибаев, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Ш.Иноятов, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Б.К.Юсупалиев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.
Мазкур қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н.Туйчиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев