10.11.2020
Ҳурматли Владимир Владимирович!
Ҳурматли давлат раҳбарлари!
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг барча иштирокчиларини чин қалбимдан қутлайман.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Владимирович Путинга ушбу учрашувимизни ташкил этгани учун самимий миннатдорчилик билдираман.
Россиянинг ШҲТдаги раислиги пандемия туфайли юзага келган барча қийинчиликларга қарамасдан ғоят самарали бўлганини алоҳида таъкидламоқчиман.
Бугун кўриб чиқиш учун тайёрланган ҳужжатлар, шубҳасиз, Ташкилотимизнинг роли ва халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳурматли Садир Нурхожоевич Жапаровни саммитимизда кўриб турганимдан мамнунман.
Ўзбекистон қардош Қирғизистоннинг энг яқин қўшниси ва стратегик шериги сифатида мамлакат халқининг тинч тараққиёт ва фаровонлик сари интилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.
Биз, шунингдек, Тоғли Қорабоғ можароси ҳудудидаги ўт очиш ва барча ҳарбий ҳаракатларни бутунлай тўхтатиш тўғрисида Россия Федерациясининг фаол кўмагида эришилган келишувларни олқишлаймиз. Ушбу ҳудудда тинч ҳаёт ва барқарорлик тез фурсатда тикланишига умид билдирамиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Бугунги кунда ШҲТ ўз тараққиётининг принципиал жиҳатдан янги босқичида турибди.
Савдо-иқтисодий алоқаларнинг кескин қисқариши, ишлаб чиқариш ҳажмларининг камайиши, ишсизликнинг ортишига олиб келган пандемия ривожланишимиз суръатларига ғоят салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу билан бир қаторда, дунёнинг айрим минтақаларида ҳарбий-сиёсий вазият кескинлашяпти, миллатлараро ва динлараро зиддиятлар кучаймоқда.
Ушбу глобал хатар ва таҳдидларни яхши қўшничилик, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш борасида шаклланган анъаналаримизни асраш ва бойитиш йўли билангина енгиб ўтиш мумкин.
Бугунги кунда умумий бойлигимиз бўлган қадриятлар – биргаликда тараққиёт сари интилиш, маданиятлар хилма-хиллигига ҳурмат, кўп томонлама ҳамкорликнинг ноёб тажрибасини ўзида мужассам этган “Шанхай руҳи”ни мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Ҳар биримиз кучли бўлган тақдирдагина, ШҲТ ҳам кучли бўлади.
Бунинг учун бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз, кун тартибимиздаги асосий масалаларга биргаликда муроса излашимиз, айниқса, муҳим аҳамиятга эга.
Бугун айнан шундай ёндашув Евроосиё маконида хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашнинг бош шартига айланмоқда.
Бу мамлакатларимиз халқларининг манфаатлари ва орзу-интилишларига мосдир.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
ШҲТнинг долзарб вазифалари юзасидан нуқтаи назаримизга қисқача тўхталиб ўтишга ижозат бергайсиз.
Биринчидан. Иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари алоҳида эътиборни талаб қилмоқда.
Бизнинг асосий мақсадимиз – савдо-иқтисодий алоқалар ва саноат кооперациясини жонлантиришдан иборат.
Ишонаманки, бунга эришишнинг энг самарали усули ўзаро савдодаги тўсиқларни бартараф этиш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, уларни уйғунлаштириш ва рақамлаштириш, мамлакатларимиз ўртасидаги электрон тижоратни ривожлантириш, ўзаро инвестицияларни рағбатлантиришни назарда тутадиган инқирозга қарши қўшма дастурларни амалга оширишдан иборатдир.
Пандемия шароитида савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларимизни ривожлантиришга янги, шу жумладан, “ностандарт” ёндашувларни биргаликда ишлаб чиқишни таклиф этаман.
Ушбу дастурлар Савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурини амалга ошириш бўйича ШҲТ режасининг асоси бўлиши лозим.
Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик дастурини амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш муҳим ҳаётий аҳамиятга эга.
Шунингдек, мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўртасида Саноат кооперациясини рағбатлантириш дастурини қабул қилиш тарафдоримиз.
Иккинчидан. Пандемия рақамлаштириш жараёнини тезлаштирди. Ахборот технологиялари иқтисодий ўсиш “драйвери”га айланиб бормоқда.
Ўзаро келишилган ўқув дастурлари асосида аҳолини ўқитиш, соҳа мутахассисларини тайёрлашга қаратилган ШҲТнинг рақамли саводхонликни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқишни таклиф этаман.
Ушбу саммитнинг Рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликка доир баёноти бугун ўз вақтида қабул қилинмоқда, деб ҳисоблаймиз.
Учинчидан. Бугунги шароитда биргаликдаги саъй-ҳаракатларни аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартиришга йўналтириш муҳимдир.
Бу борадаги ҳамкорлигимизни мувофиқлаштириш мақсадида камбағалликка қарши курашиш учун масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг йиғилишларини ўтказиш механизмини яратиш зарур, деб ҳисоблайман.
ШҲТга аъзо давлатларнинг мазкур йўналишдаги ҳамкорлиги дастурини ишлаб чиқиш, шунингдек, уни амалга ошириш бўйича келишилган чораларни ишлаб чиқиш учун Ўзбекистонда халқаро форум ўтказишни таклиф этаман.
Ушбу ташаббусни рўёбга чиқаришда Хитой Халқ Республикасининг муваффақиятли тажрибаси фойдали бўлишига ишонаман.
Тўртинчидан. Мамлакатларимизда аҳоли соғлиғига хавф туғдираётган янги хатар ва таҳдидларга биргаликда қарши курашиш кўламини кенгайтириш жуда муҳим аҳамиятга эга.
Бугун инсоният илгари маълум бўлмаган инфекциялар билан дуч келмоқда. Уларга қарши курашиш кундалик турмушимизнинг бир қисмига айланмоқда.
Шу муносабат билан бугунги саммитда Эпидемия таҳдидларига қарши кураш бўйича қўшма чора-тадбирларнинг комплекс режаси қабул қилинишини олқишлаймиз.
Унинг амалга оширилишини таъминлаш, хавфли юқумли касалликларнинг тарқалиши тўғрисидаги ахборот билан самарали алмашинувни йўлга қўйиш муҳимдир.
Мамлакатларимизнинг соҳага ихтисослашган шифохоналари ўртасида натижадор ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Эпидемияга олиб келувчи касалликларга қарши кураш бўйича тиббиёт муассасалари тармоғини яратишни таклиф этамиз.
Ушбу тармоқ доирасида юқумли касалликларни диагностика, профилактика қилиш ва даволаш бўйича тажриба алмашиш, врачлар қўшма гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш ва уларни тайёрлашга қаратилган ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш мумкин.
Фурсатдан фойдаланиб, барча шерикларимизга, аввало Россия ва Хитойга коронавирус инфекциясига қарши курашда кўрсатилган катта ёрдам ва кўмак учун миннатдорлик билдираман.
Пандемия шароитида соғлиқни сақлашга янги масофавий технологияларни жорий этиш зарурати ҳам ортиб бормоқда.
Шу муносабат билан Телемедицина соҳасидаги ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Концепцияда врачларни кенг турдаги касалликларни даволашда телемедицина услубларини эгаллаш учун ўқитиш ҳамда мазкур соҳадаги илғор тажриба алмашишни назарда тутиш муҳим.
Бешинчидан. Бугунги шароитда терроризм, экстремизм ва наркобизнес таҳдидлари нафақат сусаймаяпти, балки кучайиб, янги шакллар касб этмоқда.
Ёшларни ёллаш ва радикаллаштириш, террорчиларни молиялаштиришда ахборот технологиялари, ижтимоий тармоқларнинг роли ортиб бормоқда.
Шу нуқтаи назардан, ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмасини Ташкилотимиз маконида хавфсизликни таъминлаш бўйича принципиал жиҳатдан янги вазифаларни ҳал қилишга мослаштириш зарурати ортиб бормоқда.
Шу муносабат билан, ваколатли идораларнинг амалий мулоқотларини бир неча баробар кўпайтириш, ҳамкорликнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Жорий вазиятни мунтазам муҳокама қилиш, шу жумладан, ахборот маконидаги хатар ва таҳдидларга қарши курашиш борасидаги қўшма чора-тадбирларни келишган ҳолда амалга ошириш муҳим.
ШҲТ минтақасида тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қўшадиган умумий ҳиссамиз пировард-натижада шунга боғлиқ.
Юқорида айтиб ўтилган барча йўналишларда кузатувчи мамлакатлар, мулоқот бўйича шериклар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаоллаштиришни таклиф этамиз.
Муҳтарам давлат раҳбарлари!
Бугун Афғонистонда узоқ кутилган тинчликка эришиш бўйича тарихий имкониятни қўлдан бой бермаслик ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Ушбу мамлакатдаги хавфсизлик ва тинчлик масаласига бутун ШҲТ минтақасининг барқарорлиги ва иқтисодий тараққиётини таъминлашнинг муҳим таркибий қисми сифатида қаралиши лозим.
Халқаро ҳамжамият, жумладан, ШҲТ давлатларининг саъй-ҳаракатлари туфайли Афғонистонда низони тинч йўл билан бартараф этишда умидбахш истиқболлар кўринмоқда.
Тинчликка эришиш, Афғонистон халқига иқтисодий ёрдам кўрсатиш йўлидаги ижобий интилишларни қўллаб-қувватлаш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳим аҳамиятга эга.
Ишончим комил, Афғонистоннинг минтақавий савдо-иқтисодий жараёнларга жалб этилиши ҳам ушбу мамлакатнинг тинч ва барқарор тараққиётига хизмат қилади.
Шу муносабат билан, “ШҲТ-Афғонистон” мулоқот гуруҳи доирасида Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш юзасидан амалий чора-тадбирлар режасини тез фурсатда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш тарафдоримиз.
Афғонистонга унинг Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаб турувчи кўприк сифатидаги тарихий ролини қайтаришга хизмат қиладиган транспорт йўлакларини барпо этиш ташаббуслари ШҲТнинг барча мамлакатлари учун янги истиқболлар очади.
Шу ва бошқа масалаларни 2021 йил апрель ойида Тошкентда ўтказиладиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” халқаро конференциясида муҳокама қилишни таклиф этамиз.
Шу билан бир қаторда, келгуси йили, Ташкилотимизнинг 20 йиллиги арафасида, “ШҲТнинг замонавий халқаро муносабатлар тизимидаги роли” халқаро конференциясини ўтказиш таклифини илгари сурмоқчиман.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Тожикистон Президенти Эмомали Шарипович Раҳмонни ШҲТдаги раисликни қабул қилгани билан табриклашга ҳамда ушбу шарафли ва масъулиятли вазифани бажаришда катта муваффақиятлар тилашга ижозат бергайсиз.
Эътиборингиз учун раҳмат.