11.04.2017
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Жамиятда барқарорлик, тинчлик ва осойишталикни қарор топтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ҳуқуқий демократик давлат қуриш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган мақсадларга эришишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси бўйича республикада яхлит ҳуқуқий тизим яратилган бўлиб, унда ички ишлар органлари муҳим ўрин эгаллайди.
Ўтган давр мобайнида ички ишлар органлари тизимини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айниқса, ички ишлар органларининг маҳаллаларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш учун ташкил этилган қуйи бўғинини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича салмоқли ишлар қилинди.
Амалга оширилган чора-тадбирлар ички ишлар органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, юртимизда жиноятчиликнинг ўсишига йўл қўймаслик имконини берди.
Бугунги кунда юзага келётган хавф-хатар ва таҳдидлар, аввало, халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, одам савдоси, ёшлар ўртасида халқимизга ёт ғоялар тарқалишининг тобора кучайиб бораётганлиги ички ишлар органлари олдига ўз вақтида уларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш бўйича янги вазифаларни қўймоқда.
Шу билан бирга, кейинги йилларда ички ишлар органлари фаолиятида тўпланиб қолган жиддий камчилик ва муаммолар ушбу вазифаларни самарали бажаришда тўсиқ бўлмоқда. Хусусан:
биринчидан, республика, ўрта ва қуйи бўғиндаги бўлинмалар ўртасида асосий вазифа ва функциялар аниқ тақсимланмагани ҳар бир ходимнинг фаолияти устувор йўналишларини ва ишнинг пировард натижаси учун шахсий жавобгарлигини белгилашни қийинлаштирмоқда;
иккинчидан, амалдаги ташкилий-штат тузилмалари куч ва воситалардан оқилона фойдаланишни таъминламаяпти, оқибатда марказий ва ўрта бўғиннинг баъзи хизматларида етарли иш ҳажми бўлмай туриб, керагидан ҳам ортиқча штат бирликлари сақланиб турган бир пайтда, қуйи бўлинмалар зиммасига ҳаддан зиёд хизмат вазифалари юкланишига олиб келмоқда;
учинчидан, ички ишлар органлари мансабдор шахслари, шу жумладан профилактика инспекторларининг аҳоли билан мулоқоти йўлга қўйилмаган, фуқаролар билан муомала маданияти пастлигича қолмоқда, аҳолининг энг муҳим муаммоларини ҳал этиш борасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлик таъминланмаяпти;
тўртинчидан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари юзаки кўриб чиқилмоқда, уларда кўтарилаётган масалалар ҳар томонлама чуқур таҳлил қилинмаяпти, мурожаатларга расмиятчилик учунгина жавоб берилаётгани фуқароларнинг норозилигини келтириб чиқармоқда, уларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига ва бошқа ташкилотларга шикоят билан мурожаат этишга мажбур қилмоқда;
бешинчидан, ички ишлар органлари мансабдор шахсларининг аҳоли олдида ҳисобот бериб боришининг таъсирчан тизими, уларнинг фаолияти устидан жамоатчилик, парламент ва депутатлик назоратининг самарали механизмлари жорий этилмаган, бу эса ходимларнинг зиммасига юклатилган вазифаларни самарали бажариши учун масъулиятини ошириш имконини бермаяпти;
олтинчидан, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси бўйича ишлар асосан, содир этилган ғайриқонуний қилмишларнинг оқибатларига қарши курашишдан иборат бўлиб қолмоқда, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларни содир этиш сабаблари ва шарт-шароитларини чуқур таҳлил қилиш, аниқлаш ва бартараф этиш бўйича тизимли ва самарали чора-тадбирлар кўрилмаяпти;
еттинчидан, ўсиб келаётган авлодни бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилишга, ёшлар жиноий фаолиятга, авваламбор, терроризм ва диний экстремизмга жалб этилишининг олдини олишга етарлича эътибор қаратилмаяпти, ички ишлар органларининг тарбиявий ўрни сезилмаяпти;
саккизинчидан, ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими ҳозирги талабларга жавоб бермайди, порахўрлик ва хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди;
тўққизинчидан, энг янги ахборот-коммуникация технологияларини тизимга жорий этиш, ички ишлар органларини замонавий воситалар ва асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш даражаси қониқарсизлигича қолмоқда.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишлари деб ҳисоблансин:
биринчидан, ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходими томонидан “Халқ манфаатларига хизмат қилиш”ни ўз хизмат бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш;
иккинчидан, замонавий хавф-хатар ва таҳдидларни, бажарилаётган ишлар муҳимлиги ва кўламини эътиборга олган ҳолда ички ишлар органлари барча даражадаги бўлинмаларининг вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш ҳамда тақсимлаш, ташкилий-штат тузилмасини мақбуллаштириш, куч ва воситалардан оқилона фойдаланиш;
учинчидан, халқ билан аниқ мақсадни кўзлаб ўтказиладиган тизимли мулоқотни таъминлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқин ҳамкорликни ривожлантириш, аҳолининг энг муҳим муаммолари ҳал этилишига ҳар томонлама кўмаклашиш;
тўртинчидан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этишнинг сифат жиҳатидан мутлақо янги тартибини ўрнатиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этишга юзаки ва расмиятчилик билан ёндашувларга чек қўйиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ваколат доирасида барча воситаларни ишга солиш;
бешинчидан, ички ишлар органлари мансабдор шахсларининг аҳоли олдида мунтазам ҳисобот бериб бориши тизимини, қилинган ишларга баҳо беришнинг аниқ мезонларини, шунингдек уларнинг фаолиятида қонунийликни таъминлаш бўйича жамоатчилик, парламент ва депутатлик назоратининг самарали механизмларини жорий этиш;
олтинчидан, аввало, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабаблари ва шарт-шароитларини ўз вақтида бартараф этиш, аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларда қонунга ҳурмат, қонун бузилишининг ҳар қандай кўринишига муросасизлик туйғусини сингдириш йўли билан ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси ва олди олинишини таъминлаш;
еттинчидан, вояга етмаганлар ва ёшларни Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, ўсиб келаётган авлодни терроризм, диний экстремизм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилишга қаратилган тизимни ривожлантириш;
саккизинчидан, ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ҳамда янада такомиллаштириш, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишига олиб келаётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш;
тўққизинчидан, ички ишлар органлари барча бўлинмаларининг фаолияти янада самарали бўлишини таъминлайдиган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;
ўнинчидан, ички ишлар органлари фаолиятининг моддий-техника таъминотини янада яхшилаш, ходимларнинг самарали ишлаши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, уларни хизмат турар жойлари билан таъминлаш.
2. 2017 йил 1 октябрдан қуйидаги тартиб ўрнатилсин:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан бир йилда икки марта Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ҳисоботи эшитилади;
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоятлар Кенгашлари томонидан ҳар чоракда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ҳисоботлари эшитилади;
халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан ҳар чоракда туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиқларининг ҳисоботлари ҳамда ҳар ойда уларнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими (бўлинмаси) бошлиқларининг ҳисоботлари эшитилади.
Ички ишлар органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари эшитилаётганда улар зиммасига юклатилган вазифалар бажарилиши юзасидан кўрилаётган чоралар ва ишлар натижаси танқидий муҳокама қилиниши, улар фаолиятининг самарадорлигига алоҳида баҳо берилиши, шунингдек эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки нолойиқлиги ҳақида тавсиялар қабул қилиниши белгилаб қўйилсин.
3. Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бош бошқармаси негизида – Жиноят қидирув бош бошқармаси ҳамда Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси;
Эксперт-криминалистика маркази ва Эксперт-портлатиш техникаси маркази негизида – Эксперт-криминалистика бош маркази;
Молия-иқтисодиёт бошқармаси, Моддий-техника таъминоти бошқармаси, Хўжалик бошқармаси, Капитал қурилиш бошқармаси негизида – Молия ва моддий-техника таъминоти бош бошқармаси;
Ташкилий-инспекторлик бошқармасининг Халқаро ҳамкорлик бўлими ҳамда Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармасининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ушбу соҳада халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик бўлими негизида – Халқаро ҳамкорлик бошқармаси.
4. Қуйидагилар:
Тергов бош бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментига;
Шахсий таркиб билан ишлаш хизмати Кадрлар бош бошқармасига;
Ташкилий-инспекторлик бошқармаси Ташкилий-инспекторлик ва ахборот-таҳлил бош бошқармасига;
Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига;
Шахсий таркиб бўйича махсус инспекция Ўз хавфсизлиги бошқармасига;
Котибият Жисмоний, юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва иш юритиш бошқармасига;
Алоқа бўлими Ахборот технологиялари, алоқа ва ахборотни ҳимоялаш бошқармасига;
Транспортдаги ички ишлар бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармасига, тармоқ ички ишлар бошқармалари (бўлимлари, бўлинмалари) транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлимларига;
Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти Ҳарбий-техника институтига;
Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби Ёнғин хавфсизлиги институтига;
сержантлар таркибини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказлари ички ишлар органлари ходимларини бошланғич тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказларига ўзгартирилсин.
5. Туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими (бўлинмаси) бошлиғи лавозими жорий этилсин ва у профилактика инспекторлари ишини, авваламбор, вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ишини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш учун жавобгар бўлиши белгилансин.
6. Қуйидаги устувор йўналишлар назарда тутилган Ички ишлар органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш комплекс чора-тадбирлар Дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш, вазифа ва функцияларини мақбуллаштириш бўйича институционал ўзгаришлар;
ички ишлар органларининг фаолиятини очиқ ва ошкора, шунингдек фуқароларнинг уларга ишончи ошишини таъминлайдиган тарзда ташкил этиш;
кадрларни тайёрлаш, танлаш ва жой-жойига қўйишнинг илғор механизмларини жорий этиш, уларнинг малакаси, маънавий-ахлоқий фазилатларини ошириш орқали кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш;
ички ишлар органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
ички ишлар органларининг моддий-техника базаси, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уй-жой-маиший шароитларини янада яхшилаш.
Дастурда назарда тутилган тадбирлар ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши учун вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари шахсан жавобгар эканлиги белгилаб қўйилсин.
7. Ички ишлар органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш комплекс чора-тадбирлар Дастурини амалга ошириш бўйича Махсус комиссия 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Махсус комиссия (А.А.Азизов):
вазирлик ва идоралар мутахассислари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларининг етакчи олимлари, фуқаролик жамияти институтларининг вакилларини жалб қилган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича эксперт гуруҳларини тузсин ва уларнинг самарали иш олиб боришини ташкил этсин;
қонун ҳужжатлари, ҳуқуқни қўллаш амалиёти чуқур танқидий таҳлил қилинишини ва илғор хорижий тажриба ўрганилишини, шу асосда Дастурда назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланишини таъминласин;
Дастурда назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари изчил ва сифатли тайёрланиши, ўз вақтида кўриб чиқилиши ва белгиланган тартибда киритилишини, шунингдек бошқа тадбирлар амалга оширилишини доимий назорат қилсин.
8. 2025 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ва Дастур тадбирларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган ускуналар, техника, алоқа тизими ва воситалари, дастурий таъминот маҳсулотлари ҳамда бошқа моддий-техник восита ва ресурслар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштирувлари учун йиғимлардан ташқари) озод этилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан биргаликда бир ҳафта муддатда ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритсин;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ички ишлар органларининг янги ташкил этилаётган бўлинмаларини жойлаштириш, жиҳозлаш ва улар фаолиятининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда тўлиқ фаолият кўрсатишини таъминлаш учун бошқа ташкилий масалаларни ҳал этиш бўйича асослантирилган таклифлар киритсин.
10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Б.Муродов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2017 йил 10 апрель
Ички ишлар органлари аҳолининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш, жиноятчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, шунингдек бошқа ҳаётий муҳим вазифаларни амалга оширишда алоҳида ўрин эгаллайди. Мустақиллик йилларида ички ишлар органларини жазоловчи, назорат қилувчи органдан халқ, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қиладиган тузилмага айлантириш бўйича самарали ишлар амалга оширилди.
Ўтган давр мобайнида олиб борилган тизимли чора-тадбирлар якуни бўйича жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян натижаларга эришилди. Ички ишлар органлари фаолиятининг асосий соҳаларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга йўналтирилган “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.
Ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида ички ишлар органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, уларнинг вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини қонун даражасида белгилаш, ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш мақсадида ўтган йилнинг сентябрь ойида “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Бироқ, мазкур Қонун талабларини амалиётга жорий этиш имкониятлари, шунингдек фуқароларнинг ички ишлар органлари фаолиятига доир мурожаатларини ўрганиш соҳада ҳамон ўз ечимини кутаётган кўплаб муаммо ва масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили ички ишлар органлари фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқиш ва тубдан такомиллаштириш зарурлигидан далолат бермоқда.
Миллий ва хорижий тажриба шуни кўрсатадики, жиноят ва бошқа ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширишда техника воситаларидан фойдаланиш, ҳуқуқбузарликни содир этган шахс устидан назоратни кучайтириш каби анъанавий чора-тадбирлар жиноятчилик даражасини камайтиришда ҳар доим ҳам кутилган натижаларни бермаяпти. Бу эса, ўз навбатида, ҳуқуқбузарликлар профилактикасида янги иш услубларини қўллаш, аҳоли ва жамоатчилик билан яқин мулоқотни йўлга қўйиш, ички ишлар органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, шунингдек замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш лозимлигини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бундай камчиликларни бартараф этиш ва ўз ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этишга қаратилган.
Фармонда мавжуд жиддий камчилик ва муаммолар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда салбий оқибатлари чуқур таҳлил қилинган.
Жумладан, республика, вилоят ва туман даражасидаги бўлинмалар ўртасида асосий вазифа ва функциялар аниқ тақсимланмаган, ички ишлар органларининг иш ҳажми ташкилий-штат тузилмасига мос келмайди. Бунинг оқибатида юқори бўғиндаги айрим бўлинмалар ходимлари ўз иш фаолиятида мавжуд куч ва имкониятларини тўлиқ ишга солмаётган бир пайтда, қуйи бўғин бўлинмалари ходимлари зиммасидаги хизмат вазифалари уларнинг ҳақиқий имкониятларидан анча юқорилигича қолмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ходимларнинг ўз хизмат мажбуриятларини бажаришда масъулиятнинг сусайишига сабаб бўлмоқда.
Ички ишлар органлари мансабдор шахслари, профилактика инспекторларининг аҳоли билан мунтазам учрашувлар ўтказмаётганлиги ва жамоатчилик билан ҳамкорлик қилмаётганлиги сабабли аҳолининг муаммо ҳамда ташвишларидан хабардор эмаслиги тизимнинг энг асосий вазифаси ҳисобланган профилактика ишларида жиддий камчиликларни юзага келтирмоқда.
Тизимда иш фаолиятининг самарадорлиги ва маҳсулдорлигига эришиш, авваламбор, аҳоли билан бевосита мулоқот ўрнатиш, фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни йўлга қўйишни талаб этади.
Ички ишлар органлари фаолиятидаги мавжуд фуқаролар мурожаатлари билан ишлашга етарлича эътибор бермаслик, бефарқлик, ишга юзаки муносабатда бўлиш ва расмиятчилик, аҳоли билан мулоқот қилиш маданиятининг пастлиги, афсуски аччиқ ҳақиқатдир. Оқибатда бундай вазиятдан норози бўлган фуқаролар юқори ташкилотларга шикоят қилмоқда.
Фармонда бу каби муаммо ва камчиликларни ҳал этиш учун ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Хусусан, ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган ижтимоий йўналтирилган профессионал хизматга айлантириш зарурлиги, “Халқ манфаатларига хизмат қилиш” ҳар бир ходимнинг асосий хизмат бурчи экани қайд этилди.
Шунингдек, Фармонда барча бўғиндаги ходимларнинг асосий вазифаларини оқилона тақсимлаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган, аҳоли билан доимий манзилли мулоқот ўрнатиш, ички ишлар органлари раҳбарларининг ҳокимият вакиллик органи тимсолида халқ олдида ҳисобот бериш амалиётини жорий қилиш, ички ишлар органлари фаолиятининг моддий-техника базасини янада яхшилаш каби асосий йўналишлар алоҳида белгилаб берилган.
Фармонда ички ишлар органлари фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратининг янги тизими ўрнатилмоқда. Жумладан, Олий Мажлис Сенати томонидан бир йилда икки марта Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ҳисоботини эшитиш тартиби жорий этилмоқда. Худди шундай, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоятлар Кенгашлари ҳар чоракда тегишли ички ишлар органлари ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади. Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари ҳар чоракда туман (шаҳар) ички ишлар бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботини, ҳар ойда эса унинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарининг ҳисоботини эшитади.
Ушбу эшитувлар давомида ички ишлар органлари мансабдор шахслари томонидан ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга, хусусан, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси, жиноятларни фош этиш, жиноятчилик ҳолатини, ҳуқуқбузарликлар кўпайишига олиб келадиган сабаб ва шарт-шароитларни таҳлил қилишга доир кўрилаётган чора-тадбирлар танқидий муҳокама қилинади. Эшитувлар якунлари бўйича ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигига баҳо берилади, шунингдек мансабдор шахсларга нисбатан эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки нолойиқлиги ҳақида тавсиялар қабул қилинади.
Ички ишлар органлари қуйи бўғини фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида Фармон билан туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими (бўлинмаси) бошлиғи лавозимини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Унинг зиммасига профилактика инспекторлари ишини, авваламбор, вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ишини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш вазифаси юклатилади.
Шу билан бирга, Фармонда тизимда қатор ташкилий ўзгартишлар назарда тутилган. Айни пайтда дунёнинг турли минтақаларида халқаро терроризм ва диний экстремизмнинг янги таҳдидлари пайдо бўлаётгани жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги фаолиятни ички ишлар органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида янада кучайтириш зарурлигини тақозо этмоқда. Ушбу ҳолатлар эътиборга олинган ҳолда, Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бош бошқармаси негизида Жиноят қидирув бош бошқармаси ҳамда Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси ташкил этилмоқда.
Жиноятларни тергов қилиш ички ишлар органларининг яна бир муҳим вазифаларидан биридир. Шу муносабат билан, тергов органларининг мустақиллигини таъминлаш, уларнинг ўз ваколатларини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида Тергов бош бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментига ўзгартирилмоқда.
Таъкидлаш ўринлики, кадрлар билан ишлаш, уларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими қониқарли даражада эмаслиги ички ишлар органлари фаолиятидаги мавжуд камчилик ва муаммолар сабабларидан биридир.
Тизимга билимли, ўз ишига содиқ ва масъулият билан ёндашадиган, ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни ўзининг муқаддас бурчи ҳамда асосий мажбурияти деб биладиган кадрларни жалб қилишга етарлича эътибор берилмаяпти. Бу борадаги камчиликларни бартараф этиш, шунингдек кадрлар билан ишлашнинг янги тизимини яратиш мақсадида Кадрлар бош бошқармаси ва Ўз хавфсизлиги бошқармаси ташкил этилади.
Бундан ташқари, сержантлар таркибини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказлари, Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти ва Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби фаолияти ҳам қайта кўриб чиқилди. Улар янги талаблар асосида фаолият юритадиган ички ишлар органлари ходимларини бошланғич тайёрлаш ва малакасини ошириш марказлари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ҳарбий-техника ва Ёнғин хавфсизлиги институтларига айлантирилади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг халқаро алоқалари кенгайиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги жадал ривожланмоқда. Бироқ, бугунги кунгача вазирликнинг ушбу йўналишдаги фаолияти бир неча бўлинмалар томонидан иккинчи даражали вазифалар сифатида амалга ошириб келинган. Шулар эътиборга олиниб, Фармон билан тегишли таркибий бўлимлар негизида Халқаро ҳамкорлик бошқармаси ташкил этилади.
Шунингдек, паспорт тизими талабларини амалга ошириш, хорижга чиқиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва бўлиш қоидаларини бажариш устидан назоратни амалга ошириш масалалари бўйича ҳам муаммолар мавжуд. Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг аҳоли кўп мурожаат қиладиган туман (шаҳар) бўлимларида иш ҳажмининг тўғри тақсимланмаганлиги сабабли ноқулайликлар ва сансалорликлар юзага келмоқда. Ички ишлар органлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш зарурлиги эътиборга олиниб, ушбу йўналишда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни талаблари етарли даражада бажарилмаётгани кўп жиҳатдан асосий вазифаси мурожаатлар билан ишлаш ҳисобланган аниқ таркибий тузилманинг йўқлиги билан боғлиқдир. Бунинг оқибатида фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашда камчиликларга йўл қўйилмоқда.
Шу муносабат билан Фармонда Ички ишлар вазирлигининг Жисмоний, юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва иш юритиш бошқармасини ташкил этиш кўзда тутилган.
Фармонда қайд этилган асосий вазифаларни бажариш бўйича зарур ташкилий ва ҳуқуқий механизмларни амалга ошириш мақсадида Ички ишлар органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш комплекс чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди.
Фармон ички ишлар органлари тизимида туб ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб беради. Унинг ижросини таъминлаш қонун устуворлигига эришиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ўз вақтида амалга ошириш, ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади, пировард натижада эса фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида ички ишлар органлари бутун тизими ва ҳар бир ходим фаолияти самарадорлиги ошади.